Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

16 May, 2024, 04:14

Жамият

АЖДОДЛАР ЖАСОРАТИ – ЁШЛАРГА ИБРАТ

  • 06.Мая.2020
  • 1453

Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этиб, ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшгани барчамизга маълумдир. Барча давлатлар сингари уруш Ўзбекистонимиз бошига ҳам оғир синовларни олиб келди.

Урушнинг бошланганлиги тўғрисидаги шум хабар етиб келган куниёқ Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари ва туманларида, корхона ва муассасаларида митинглар ва йиғилишлар бўлиб ўтди. Ишчилар, хизматчилар, деҳқонлар, зиёлилар, талаба ёшлар ўз Ватанларини ҳимоя қилишга, юзма-юз жангларда босқинчиларни тор-мор этиш учун урушга боришга, ғалабани таъминлаш учун фронт орқасида фидокорона меҳнат қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Урушнинг биринчи ойидаёқ, ҳарбий комиссарликка 32 мингдан зиёд юртдошларимиз фронтга жўнатишни сўраб ариза берганликлари бунга яққол мисол бўла олади.

Маълумотларда келтирилишича, 1941 йилда юртимиз аҳолиси жами 6,5 миллион кишини ташкил этиб, меҳнатга яроқли аҳолининг 50-60 фоизи аниқроғи, 1,5 миллионга яқин киши урушга сафарбар этилган. Ўша вақтларда Ўрта Осиё ҳарбий округи фронт учун жангчилар ва зобитлар тайёрлайдиган маскан бўлиб, 1941 йил 13 ноябридан 1942 йил мартигача бўлган даврда 14 та миллий ҳарбий қўшилмалар, жумладан, 9 та ўқчи бригада ва 5 та отлиқ аскарлар дивизияси тузилиб фронтга жўнатилди. Урушнинг даслабки кунларидаёқ, ғарбий чегаралардаги ҳарбий қўшилмалар таркибида хизмат қилаётган ўзбекистонликлар фашист босқинчиларга қарши жангга кирдилар. Чегарада жойлашган Брест қалъасининг 50 дан ортиқроқ миллатга мансуб жангчилари орасида ўзбекистонликлардан Дониёр Абдуллаев, Бобохалил Кашанов, Аҳмад Аливев, Нурум Сиддиқов, Узоқ Ўтаев ва бошқалар ҳам бор эди. Улар қалъа ҳимоячилари билан елкама-елка туриб душманнинг катта кучларига қарши қарийб бир ой давомида охирги томчи қонлари қолгунча жанг қилдилар. “Ўлаётган бўлсам ҳам таслим бўлмайман. Алвидо, Ватаним!” Қалъа деворига қон билан ёзилган бу сўзларда юртдошларимизнинг ҳис-ҳаяжонлари, жасорати, Ватанга муҳаббати ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Ўзбекистонлик жангчилар Смоленск, Киев, Одесса, Севастопол ва бошқа шаҳарлар мудофаасида қатнашдилар. Одесса ҳимоясида қатнашган Омон Умаров душманнинг қурол-аслаҳа ортилган 40 автомобилдан иборат колоннасига қарши ҳужумда жасорат кўрсатди, бир ўзи душманнинг 3 автомашинасини сафдан чиқарди ва 9 немис аскарини ер тишлатди. Омон Умаровнинг кичик ҳарбий бўлими Одесса ёнида қурилган душман аэродромига ҳужум қилиб душманнинг 16 самолёти ва 30 автомашинасини ёндириб юборди. Унинг бир ўзи 12 фашистни йўқ қилди. Афсуски, Керч учун бўлган жангларда у ҳалок бўлди. Одесса ҳимоясида сапёрлар ротасининг командири Ҳамза Зарипов жасорат кўрсатди. Унинг ротаси миналаштирилган йўлда душманнинг 27 танки ва 13 бронетранспортёрини портлатди.

Ўзбекистонлик жангчилар қатнашган Брест, Смо­ленск, Киев, Одесса, Севастопол ва Ленинграднинг қаҳрамонона ҳимояси фашистлар Германиясининг “Яшиндек тез уруш қилиш” режасига дастлабки зарба бўлди.

Юртимиз фарзандлари жанггоҳларда ўзларининг мардлиги ва шижоати билан ажралиб туришди. Бунга 128-гвардиячи Туркистон тоғ-ўқчи дивизияси аскарлари душманга қарши шиддатли зарбаларини яққол мисол қилиш мумкин. Кичик лейтенант М. Кабиров взводига Сталинградда Перелазовск хутори ёнидаги тепаликни эгаллаш ва ушлаб туриш вазифаси топширилади. Взводнинг 40 та жангчиси ҳамма томондан очиқ, душманга кўриниб турган ялангликдан ўрмалаб чиқиб, қаттиқ жанг, оғир йўқотишлар эвазига тепаликни ишғол этди. Тирик қолган 11 жангчи душманнинг 300 жангчисига қарши 12 кун давомида тепаликни қўлдан бермай жанг қилишди ва душманни ўша тепалик ёнида тўхтатиб қолди. Уларнинг 9 таси ўзбек, 1 таси қозоқ ва 1 таси татар эди. Оғир жангда Б. Алимбеков, Д.Аҳмедов, Б. Ғаффоров, С. Мардонов, Ҳ. Мусаев, С. Пайзиев, Н. Ҳаитов, С. Тленовларнинг қони ана шу тепаликда абадий қолди. Фақат Абдураҳмон Эрдонов ва М. Кабировлар тирик қолишди. Ҳозирга қадар, бу тепалик “Шарқнинг 11 қаҳрамони тепалиги” деб аталиб келинмоқда.

Бундай мард, жасур ўғлонларимиз қаторида наманганликларни ҳам санашимиз мумкин. Хусусан, Машҳур “Павлов уйи”ни мудофаа қилган жангчилар орасида ўзбек йигити тўрақўрғонлик Камолжон Турғунов, ҳозирда ҳам Россия ва хорижда Сталинграддаги афсонавий Павлов уйининг охирги ҳимоячисини доимо эслашади, бу инсон барчамизда кўпмиллатли ғалабачи қиёфасини ўзида гавдалантиради. Павлов уйи ҳимоячилари жасорати довруғи кўплаб шаҳарларга ёйилган бўлиб, кўпчилик бу муҳим стратегик объектни мудофа қилган аскар хотирасига ҳурмат ва таъзим қилиш ўзларининг бурчлари деб ҳисоблашади.

Булардан ташқари, бизнинг қаҳрамонимиз Камолжон Турғунов, кўпсонли Сталинград жанги ва Улуғ Ватан уруши қатнашчилари каби Павлов уйини ҳимоя қилиб Ватанга садоқат, ўз халқи учун мардонавор ҳаракат қилишни, эзгу ишлар қилишга интилишни, камтарлик, меҳнатсеварлик, ўз мисолида ҳақиқий инсоний фазилатларни кўрсата билишини намоён қилди.

Таассуфки, Камолжон Турғунов Сталинград жангидаги Ғалабанинг 75 йиллигигача яшамадилар. Ҳозирда нафақат Тўрақўрғонда балки, бутун вилоятимизда, Камолжон Турғуновни ҳар доим ёрдамга келадиган, маслаҳат берувчи, меҳрибон ва доно оқсоқол деб билишади.

Мана шундай азми қатъий наманганликлардан яна бири бу Сталинградда жанг қилган 1942 йилнинг ноябрида ўзининг мотоўқчилар ротаси билан чекиниб бораётган душ­маннинг иккита полкига шиддатли ҳужум қилиб 400 солдат ва зобитни қириб ташган ва 230 тасини асирга туширган зобит Мамасоли Жабборов ҳисобланади. Бундай юртдошларимизнинг жангоҳлардаги мардонавор қаҳрамонликлари Сталинград жанги солномасидан муносиб ўрин эгаллаган.

Умуман олганда, ўша давр қайдларига кўра ўзбекистонтонлик жангчилар ватан ҳимояси билан бирга Европа ҳалоскори ҳам бўлишган. 1945 йил 26 мартда Полша давлатининг Гданск шаҳрини озод этиш учун бўлган жангда биринчи ўзбек генерали Собир Раҳимов қаҳрамонларча жанг олиб бориб ҳалок бўлди. Ўлимидан сўнг Қаҳрамон унвони берилди. Полша халқи ўзбек халқи каби генерал Собир Раҳимов номини эъзозлаб келмоқда. Гданск шаҳридаги кўчалар, мактабларга Собир Раҳимов номи берилган.         

Тинчлик йўлида олиб борилган уруш албатта қурбонларсиз бўлмайди. Олти йил давом этган бу урушда юртимиздан фронтга жўнатилган жангчилардан 263005 киши ҳалок бўлди, 132670 киши бедарак йўқолди, 60452 киши ногирон бўлиб қайтди. Бу машъум уруш туфайли энг камида тўрт юз минг оила бевосита айрилиқ азобига дучор бўлди.

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг оламшумул тарихий аҳамияти шундаки, у дунёдаги кўплаб халқларни зўравонликдан, қулликдан, зулмдан озод этди, эркин, демократик ривожланиш учун, иқтисодий ва маънавий тараққиёт учун йўл очиб берди. Ўзбек халқи фашизмни тор-мор этишга, оламшумул аҳамиятга молик ғалабага улкан ҳисса қўшди.

Муҳтарам Юртбошимиз “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарорда таъкидлаб ўтганларидек – “Аждодларимиз жасорати ва матонати – фидойилик, қаҳрамонлик намунасидир”. Мана яқин кунларда Тошкент шаҳрида барпо этилаётган Ғалаба боғининг очилиши кутилмоқда. Ушбу боғда биз юқорида тилга олган барча юртдошларимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатларини ўзида акс эттирган маълумотлар ва қаҳрамонларимизнинг сиймоларини  қад ростлайди. Ўйлайманки, Юртбошимиз томонларидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари учун кўрсатилаётган бундай эътиборлари ҳозирда юртимизда содир бўлаётган коронавирус пандемияси даврида ҳам халқимиз, айниқса, ёшларни урушнинг даҳшатли оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка, бугунги тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга ундайди.

Ҳабибулла МАТКАРИМОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари
 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги
    ПҚ-4495-сон қарори.
  2. Усмонов Қ., Содиқов М. Ўзбекистон тарихи. Т.: “Шарқ”, 2010.
  3. Муртазаева Р. Ўзбекистон тарихи  умумий таҳрири остида. –Т.: Академия, 2010.
  4. www.ziyo.net

Энг кўп ўқилганлар

Календарь