Қисқа сатрларда

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Шавкатжон Абдураззоқов: «Фестивалга тайёргарлик ишларини тезроқ якунлаш керак!»

15 May, 2024, 05:10

Жамият

БОСМА НАШРЛАР ЗАМОНГА МОС БЎЛСИН!

  • 30.Мая.2020
  • 1181

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама этилмоқда. Бу қарор «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий нашрларни қўллаб-қувватлаш ҳақида»дир.

Лойиҳа билан танишар эканмиз, муҳаррир ва ижодий жамоа ўз муассиси билан «дўппини бошдан олиб қўйиб» Низомни қонундан чиқмаган ҳолда ўз тараққиётлари учун мослаб қайта ёзишлари кераклигини англаяпмиз. Амалдаги Низомларнинг тутқаси йўқ эди. Бир вақтлар шунчаки бири-биридан кўчириб ёзиб қўйилганди. Таъсис шартномаси ҳам шу аҳволда эди. Муассиснинг ҳам, таҳририятнинг ҳам мажбурияти аниқ-тиниқ битилган эмас эди.
Лойиҳада 2020 йил 1 ноябрдан бошлаб газета таҳририятларини уч йил муддатга ижара тўловисиз ёки тўловнинг 50 фоизи миқдоридаги шартнома асосида давлат биноларига жойлаштириш таклиф этилмоқда. Бизнинг фикримизча таҳририятларнинг ўз биноси бўлмаса номуайян муддатга ижара тўловисиз жойлаштириш керак. Шаҳар ва туманлар ҳокимликлари биноларидан жой ажратилса янада яхши бўларди. 
Лойиҳада йил якунида тақсимланадиган таҳририят соф фойдаси ҳақида яхши таклиф бор. Бу турдаги маблағнинг муассисга тегишли қисмини таҳририят ҳисобида қолдириш кераклиги жуда яхши. Бироқ туманлар, шаҳар, вилоят ва эҳтимолки республика айрим газеталарида соф фойданинг миқдори қанча?! Соф фойда борми ўзи?! Шунинг учун таъсис шартномаси мукаммал бўлиши, таҳририятнинг иқтисодий аҳволи устувор бўлиши керак. Бу тартиб «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасида ўз аксини топган. 11-моддада эса таҳририят Низомида нималар акс этиши кафолатланган. Унинг «муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари», «таҳририятни молиялаштириш манбалари», «фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби» бугунги бозор шароитида мутлақо янги мезон ва талаблар асосида ёритилиши керак.
Муассис ва таҳририят штатлар жадвали бўйича ходимлар сонини адолатли белгилаши ҳам муҳимдир. Бугун иш ҳажми бир хил бўлган таҳририятларнинг бирида 3, бошқасида 5, ҳатто 8 штат бирлиги бор. Ўз балансида стол-стулидан бошқа мулки бўлмаган таҳририятда хўжалик бўлими мудири штатининг бўлиши мутлақо тўғри эмас. Энди ўз балансида бино бўлмаса-да гулчи-боғбон, қоровул штатини «ушлаб» турганлар ҳам йўқ эмас.


 

Қарор лойиҳасидаги «ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ташқари жамғармалари ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш» таклифига ҳар бир муассис бағрикенглик билан муносабатда бўлиши зарур. Негаки, маҳаллий ахборот тизимлари орасида халқ учун энг ишончли восита газета бўлиб келган. Газетхонлар билан учрашувларда «ижтимоий тармоққа хабарни бугун қўйиб, эртага ўчириб юборишаркан, газетада чиқса ишонаман» дегувчилар туман аҳолисининг асосий қисмини ташкил этса мен ҳеч ажабланмайман. 
Лойиҳанинг 3-бандига жиддий ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ. Таҳририят ходимларининг штат жадвали бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини тасдиқлаш ва ушбу меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга маҳаллий ҳокимият органларининг вилоят, туман, шаҳар бюджетидан ташқари жамғармалари ҳисобидан етарли миқдорда маблағ ажратиш масаласи белгиланган. Саноатлашган, иқтисоди бақувват туманларда бунинг иложи бордир. Аммо агросаноат туманларида бунинг умуман иложи йўқ.

Очиқ тан олиш керакки, туман ҳамда шаҳар газеталари ўз нашрларини электрон вариантларини ишлаб чиқишга «енг шимариб» киришмоқчи бўладилару «қўл қисқалиги» – маблағ йўқлиги учун сайт яратолмаётган эдилар. Дастурчилар эса «отнинг калласидай» нарх айтишаётган эди. Ҳозир кимгадир 7-10 млн. сўм ҳеч нарса бўлмасада, ҳар бири 600-700 минг сўм ойлик маош олаётган таҳририят жамоаси учун бу оғирлик қилаётган эди. Шунинг учун ОАВни рўйхатга олиш олдидан муассис таҳририят ҳисоб рақамига кутилмаган харажатларни инобатга олиб, каттароқ миқдорда улуш ташлаб бериши мақсадга мувофиқ. Негаки, ҳозир шаҳар, туман, вилоят газеталари таҳририятларида муассисларнинг маблағ билан боғлиқ бирор тийин ёрдами йўқ. Ваҳоланки, улар давлат муассасаси сифатида Давлат активлари вилоят бошқармасига ҳам ҳисобот топширадиган бўлганлар. Рўйхатдан ўтишда хўжалик ҳисобида бўлган таҳририят эндиликда сунъий равишда давлат муассасасига айлантириб қўйилган. Бу ким учун керак эди?! Демак, таҳририят давлат муассасаси бўлса давлат улуши киритилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
 

2021-2022 йилларга мўлжалланган «Йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш зарурлиги бу лойиҳада ўз аксини топган. Аксарият газеталарнинг сайти мавжуд. Аммо уларнинг янгиланиши қониқарсиз. Демак, 1 сентябрга қадар даврий босма нашрнинг электрон вариантларини ишга тушириш керак. Буни амалдаги қонунчиликка кўра ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш лозимки, лойиҳада кафолатланганидай божсиз!
Рағбат йўқлиги учун олий ўқув юртини битирганлар маҳаллий нашрларга ишга келмаяптилар. Қарор лойиҳасининг 5-бандида журналист кадрлар билан таъминлаш тўғрисидаги нормани чуқурлаштирилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бугун Ўзбекистонда 7 та олий таълим муассасасида журналистика йўналиши бўйича қабул бўлади. Уларга мос равишда ҳар бир вилоят бўйича ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармасига квота ажратилса эди. Ҳозиргача босма ва электрон ОАВда ишлаб беш, ўн йил яхшигина кўникмага эга, яшашни шу касб орқасидан деб ўзига қатъий ахд қилган, аммо олий маълумотга эга бўлмаганлар бор. Энг муҳими улар контракт тўловини тўлашга ҳам тайёр. 
Лойиҳадаги ойда бир кун давлат муассасаси ва маҳаллаларда газетхонлик кунларини ўтказиш тартиби ниҳоятда қимматли. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар сессияларидаги ҳисоботларини чоп этишни йўлга қўйиш таклифи ҳам маъқул. Аммо бу ҳисобот шаҳар, туман газеталарида берилиши ҳозирда одатга киритилган. 
Лойиҳада эҳтиёжманд ва фаол журналистларнинг молиявий аҳволини яхшилаш билан боғлиқ тадбирлар ҳам кўзда тутилган. Бизнингча, бу таомил аниқлаштирилиши керак. Матбуот соҳасида 10, 20, 30, 40 йил ва ундан ортиқ узлуксиз ишлаганларга иш даври ва пенсияга чиққач қўшимча устама кўзда тутилиши керак.
Лойиҳанинг 6-бўлим а) бандидаги «устувор равишда» иборасини олиб ташлаш керак. Негаки, бугунги халқ таълимидаги талабларнинг оғирлиги, ишнинг масъулияти аксарият ўқитувчи-педагог мутахассисларнинг таҳририятларда қўним топганлигини кўрсатмоқда.
Умуман олганда қарор лойиҳаси устида кўп ишланган. Бу қарорни босма ОАВ ходимлари, мумтоз журналистикага жонини фидо қилганлар кўп кутган эдилар. 

 

Раҳимжон ИРИСОВ, 
Наманган вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь