Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 04:47

Жамият

БОЗОР РАСТАЛАРИ БЎШАБ ҚОЛМАЙДИ

  • 01.Апреля.2020
  • 1107

Акциядорлик жамияти шаклидаги “Чорсу деҳқон универсал бозори”, халқ тилида айтиладиган бўлса “Чорсу бозори” Наманган шаҳридаги энг қадимий ва энг йирик бозор ҳисобланади. Вилоят ҳудудида бозорлар жуда кўп бўлишига қарамай, яқин атрофдаги туманлар, қишлоқлардан ҳам ўз гузарларини босиб ўтиб, шу ердан рўзғорлик қилишга одатланганлар ҳам кўп: “Ҳам арзон, ҳам баракали”, дейишади.

Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш билан боғлиқ кўрилаётган қатъий карантин чора-тадбирлари шароитида бозорда қандай хизмат кўрсатилаяпти, маҳсулотлар етарлими, нарх-наволар ошиб кетмаяптими? Шу каби саволлар билан бозор маъмуриятига мурожаат қилдик.

- Бугунги кунда бозор раҳбарияти, меҳнат жамоасининг масъулияти икки карра оширилган, - дейди “Чорсу деҳқон универсал бозори” АЖ бошқаруви директорининг биринчи ўринбосари И. Валиев. -  Аввало, бозор ҳудудида сотувчи ва харидорлар, ишловчиларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратиляпти. Марказий дарвоза олдида назорат штаби ташкил қилинган. Шахсан ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек бозорга кираётган ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчаниб, қўллари антисептик воситалар билан зарарсизлантирилмоқда. Штаб аъзоларининг навбатчилиги ҳар икки соатда алмаштириб турилибди. Кириш учун алоҳида ва чиқиш учун алоҳида ташкил қилинган йўлаклардан одамлар ўзаро тўқнашмай ҳаракатланиши таъминланмоқда.

Энди, асосий вазифамиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, нарх-наволарни барқарор ушлаб туриш бўйича ҳам зарур чораларни кўрилмоқда. Бозор қошидаги савдо-харид корхонаси ва тадбиркорлар томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари заҳираси мунтазам тўлдириб турилибди. Ҳар куни бозоримизга 90 тоннадан 120 тоннагача картошка, 60-65 тонна сабзи-пиёз, 10 тоннагача ун келтирилмоқда.

Ҳозирда картошка 3800-4700, сабзи 1000-2000, пиёз 2500-2800 сўмдан сотилмоқда. Прокуратура органлари ташаббуси билан “Наманган дон маҳсулотлари”, “Учқўрғон дон маҳсулотлари” корхоналаридан келтирилган маҳаллий уннинг бир қопи 140-145 минг сўмдан сотилиши йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, аҳолига қулайлик яратиш, карантин қоидаларига риоя этилишига кўмаклашиш мақсадида хонадонларга буюртма асосида маҳсулот етказиб бериш хизмати ҳам жорий қилинди. Буюртмалар онлайн тартибида, телефон орқали қабул қилинмоқда ва кунига 30-40 хонадонга буюртма асосида маҳсулот етказиб берилмоқда.

Биз шундай синовли кунларда ҳар қачонгидан масъулиятли, интизомли, меҳр-оқибатли ва  ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Биздан талаб этилаётган нарса – шу холос. Бозор расталарининг асло бўшаб қолмаслиги шунга ҳам боғлиқ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь