Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 08:52

Жамият

Дарз кетаётган юраклар

  • 08.Октября.2022
  • 326

«Бир олманинг икки юзи, бири сенсан, бири  мен...». Олов-оташ муҳаббатни ифодаловчи ушбу қўшиқни эшитмаган  одам бўлмаса керак. Уни тинглаганда севги ёшидаги йигит-қизларнинг юраклари дукурлаб, ширин энтикадиганлари қанча. Аммо қувончу ҳаяжонлар билан бошланган  оилавий турмуш ҳаётнинг арзимас синовларига дош бермаётгани ҳам бениҳоя аччиқ ҳақиқат. Ажримларнинг аёвсиз кўпаяётгани ҳақидаги нохуш хабарларни эшитганда кўз олдингизда  қоқ ўртасидан дарз кетган юрак сурати пайдо бўлади. Ва ўша дарзнинг қоқ ўртасида қолаётган, пўсткалласини айтганда, бахтиёр келажаги жарга қулаётган гўдаклар...
Бутун онгли ҳаётини оила ва никоҳ ишларига бағишлаётган, тажрибали мутахассис – Наманган тумани ФҲДЁ бўлими ходими Лобар ХОДЖАЕВА билан суҳбатимиз ана шундай қалб оғриқлари хусусида борди.

– Муҳтарама Лобархон, узоқ йиллар ФҲДЁ мудираси, тажрибали ҳуқуқшунос сифатида мазкур масала сизни қай даражада ташвишга соляпти? Муаммонинг  илдизи нимада, деб ўйлайсиз?

– Оилавий низоларнинг ортиб бораётгани, эр ва хотиннинг бемуросалиги  оила – муқаддас, ажралиш – иснод эканлигини унутиб қўяётган фуқароларимизда. Ор-номус, шаънни авайлаб-асраш борасидаги миллий қадриятларимизга доғ тушаётганида, деб биламан. 
1998 йилнинг  30 апрелида  Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлисида Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодекси тасдиқланди.
Оила тўғрисидаги  қонун ҳужжатларининг  вазифалари оилани  мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни  ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига  ёрдам бериш  ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги  ҳисси асосида  қуришдан, бирон-бир  шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл  қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини  тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг  ҳимоя  қилинишини таъминлашдан  иборатдир.  

Аммо кейинги вақтларда никоҳдан ажралишлар кўпаяётганлигини кўриб турибмиз. Масалан, биргина Наманган тумани бўйича 2022 йил тўққиз  ойи  давомида никоҳдан ажралиш жаъми 184 тани ташкил  қилди. Шундан 81 таси  фарзандсизлик сабаб  ихтиёрий ариза билан  ФҲДЁ бўлимида қайд этилган. Суд қарори  асосида  эса 103 та никоҳ бекор қилинди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  жами 128 та ажрашувлар содир бўлган. Гувоҳи бўлганингиздек, рақамлар ўтган йилга қараганда 56 тага ошган. Бу – кичкина кўрсаткич эмас. Яъни, яна шунча кўп оила завол топган. Шунча аёлу эркак бахтсиз, нечалаб бола тирик етим  бўлган. 

– Чуқурроқ  таҳлил  қилинганда, бу можароларнинг асл илдизи, сабаби  сизнингча, нимада?

– Ажралишларнинг асосий сабаби эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги, бир бирининг феъл-атворини тушунмаслиги, келин қайнонасини ҳурмат қилмаслиги,  ноўрин рашк, узоқ вақт бирга яшамаслик, яъни ёшлар оила қурганидан кейин куёв чет элга ишга кетишлигидир. Айрим ҳолларда қайнона ёш келинга  кун бермаслиги, уй юмушларини бир ўзига юклаш эканлигига шоҳидмиз. Таниш манзара: эри кетиб, ўзи уйда қолган келинчак охири йўқ уй юмушларини бажаради. Мол-қўйларни парвариш қилади, камига экин-тикинга карайди, далага чиқади. Бундан ташқари, қайнона-қайнота ва бошқаларнинг хизматини қилиб, ош-овқатининг, кир-чирларининг уддасидан чиқиши, ҳар кун ҳар соатда уларнинг кўнглини  олиши шарт.  Аслида эса  қайнона ўрта ёш ва соғ бўлса – эрига тегишли юмушларни ўзи бажарса, уй ишларида ёрдамлашса – келин ортиқча толиқмай ҳамма нарсага улгуриб, боласининг тарбиясига   вақт ажрата олади. Лекин  оиладаги адолат бузилгандан кейин айрим ёш жувонлар бунга чидай олмайдилар. Муроса қочиб, хонадондагилар  ёвлашади. Майда  можаролар катталашиб, иш ажрашишгача бормоқда.

– Фикрларингизни мисоллар билан изоҳласангиз.

– Мисол учун келин  М.И.  икки йилгача ёмон ҳаёт кечирмади. Аммо турмуш ўртоғи  С.И. Россия Федерациясига  кетиб, беш йилдан бери қурилишда ишлайди. Ҳар гал у  онаси билан телефон орқали мулоқот қилганидан кейин аёлига  нисбатан эрнинг фикри ўзгариб боради. Хотинига меҳр-муҳаббат, соғинч изҳорларини билдириш ўрнига тобора қўполлашиб, фақат бақир-чақир қила бошлайди. Бунинг устига турмушга чиққан қайнисинглиси  уйга тез-тез келиб, гап чақиштириб, ўртадаги совуқликни баттар музлатади. 

Хонадонда жанжал бўлмайдиган кун йўқ. «Турса ўпоқ, ўтирса сўпоқ» қилинаверадиган келинни мусофирликда ишлаб юрган ўғилга тинимсиз ёмонлайвериш оқибатида олисдаги эр ҳам чучук сўз бермайдиган бўлди. Энди келинга  икки йилда бир  ойга келадиган турмуш ўртоғини кутишнинг ҳам қизиғи қолмайди. Борлигида ҳам онасининг  туҳматона гапларига учиб, эр хотинини  аямай дўппослашни одат қилди. Бундан эса қайнонаси ва қайнисингилларининг чироғига мой қуйиларди. Бундай аҳвол беш йилча давом этди. Устига устак фарзандсизлик ҳам келинни бу уйда қолишига монелик қиларди...

Аёл – меҳрга муҳтож. Қайнона, қайнотасидан қанча озорлар кўрмасин, эрининг бир оғизгина ширин сўзи, эътибори ва муҳаббати, «Озгина сабр қилгин, ҳаммаси яхши бўлади»... дея овутиши унга куч беради. Келажакка умид уйғотади. Афсуски, кўпчилик йигитларда ана шу  ғамхўрлик, бағрикенглик, масъулият етишмаяпти. Бу бефарқлик аёлни бахтсиз, ёш оилани пароканда қилаётир.

– Бу каби муаммоларнинг ечимини нимада деб ўйлайсиз?

– Бу борада менимча ёшми, ўрта ёшми эркакларимизнинг тирикчилик важидан аёлларини уйда қолдириб,  қолмишига ота-оналари қарамоғига ташлаб, хорижга ишлагани кетаётганларида. «Ишлайман» – деганга ўзимизда ҳам иш топилади. Ахир, ён атрофимизда қанақа улкан  қурилишлар кетяпти. Ҳеч ким очидан ўлаётгани йўқ. Майли, четга борсин. Лекин оиласини ҳам олиб кетсин. Халқимизда «Эр қаерда бўлса – хотин ҳам ўша ерда бўлиши керак» – деган гап бежизга айтилмаган.

– Қўйди-чиқдиларда аёлнинг – уй бекасининг ҳам айби бордир?

– Албатта. Бунда тарозининг посангисини бир хил қўйиш керак. Ажримларда аёлларимизни ҳам «оппоқ» деёлмаймиз. Қачонки, аёл келинлик, хотинлик, оналик бурч-ларини адо этишда нўноқлик, беписандлик, дангасалик содир бўлса – уйдан фаришта кетди, деяверинг. Фикримни «Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам аёл» деган нақлдан ўтказиб айтолмайман.

Эри   ўзга юртларга мусофирлик машаққатларини тортиб, хотиним, болам-чақам деб ишлаб юрса, бу ёқда хотин эрининг топганини қадрига етиб, тежаб-тергаб, шукр қилиш ўрнига ясан-тусандан, ҳо-ю ҳавасдан ортмаса – бундай турмуш тарзи  бир кун вайрон бўлади.

Мисол айтай: эр-хотин саккиз йил бирга  яшаб, икки фарзандли бўлишган. Ҳар икковиси  яхши ишларда ишлайди. Аммо хотин эрини назари илмайди. Ишдан келишини яхши кутиб олмайди. Муомаласини тузатмайди. Уй ишларини ўз вақтида бажармайди. Турмуш ўртоғининг, болаларининг парваришига, тарбиясига эътибор бермайди. Қолмишига доимий равишда  норизо бўлади, бир нарсадан камчилик топиб, жанжал қилади. Айниқса, эрининг яқин қариндошларини менсимаслиги, уларнинг қадамини қирқади. Бора-бора қариндошлари билан алоқа узилади. Ўртага совуқчилик  тушади... Эри бу ҳолатни  куюниб гапиради. Хотини эса: «Ўзим болаларимнинг уддасидан чиқаман.  Ишлаяпман, эплаб боқиб оламан...» – деб маҳмадоналик қилади.

Бу ерда аёлнинг калтабинлиги турибди. У  болаларини ўйлаганида бундай иш тутмас, рўзғорини асрар, кичкинтойларини ота меҳридан жудо қилмасди. Фарзанд тарбияси фақат уларни едириб, ичириш, кийинтиришдан иборат эмас-ку ахир.

– Ажрашишларнинг олдини олиш учун қандай зарур чоралар кўриш керак?

– Бу муаммо биргина оиланинг ёки авлоднинг эмас, балки бутун давлатнинг, жамиятнинг, сулоланинг дарди. Ажралиш фақатгина ажралган эр-хотинларга эмас, балки ажралиш оқибатида отасиз яшаётган фарзандларга ҳам салбий   таъсир кўрсатади. Айниқса, унинг ҳис-туйғуларига, отасига бўлган меҳрига, қиз болада  шаклланадиган  ота образига ва отасиз ўсаётган қизнинг руҳиятига кучли салбий таъсир  қилади. Бу эса нафақат қиз боланинг болалик даврида, балки келгусида ўзи мустақил оила қурганда ҳам ўз асоратини қолдиради.  Ота меҳридан узоқ ва отага нисбатан ҳурмати шаклланмаган қиз келажакда оила  қурганда турмуш ўртоғига ҳам ҳурматини бекаму кўст бажо этолмайди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида  туманда 21 та никоҳдан ажралиш қайд этилди. 16 нафар фарзанд ота меҳридан йироқда ўсадиган бўлди. Айниқса, болалар жамоасида – боғчада, мактабда, тенгдошлар даврасида бу ҳол нисбатан кучлироқ қораланади. Яъни, болакай ўртоқлари томонидан камситилади. Собиқ эр-хотинлар томонидан бир бирларини қораловчи дашномлар ҳам бола онгини заҳарлаб, ҳаётга, келажакка ишончини сусайтиради.

Оила мустаҳкамлиги, ажрашишлар камайиши учун ҳар бир инсон, турмуш қураётган ёшлар олдиндан чуқур ўйлаб, сўраб-суриштиришиб, бир ёстиққа бош қўйишлари керак. Хусусан, кўпни кўрган отахонлар, кайвони онахонлар, маҳалла фаоллари тўлақонли, тўкис оила барпо этиш ҳақида тўйдан  аввал бош қотиришлари лозим. Ахир «Бир болага – етти маҳалла ота-она», – дейдилар. Бу нақлни ёш оиланинг палак ёйиб, илдиз отишига ҳам қаратиш мумкин.

– Фойдали суҳбатингиз учун ташаккур.

«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири Рислиқхон МАЖНУНОВА суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь