Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 03:29

Жамият

ДОРИЛАР ЕТАРЛИ ЁКИ ТАБИИЙ МАҲСУЛОТЛАРНИНГ АФЗАЛЛИГИ

  • 15.Августа.2020
  • 858

Бутун мамлакатимизда бўлгани каби  вилоятимизда ҳам коронавирус пандемиясини даволаш ва олдини олиш учун  вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси,  СЭОМ ҳамда  соғлиқни сақлаш  тизими масъул ходимлари  кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Бу борада айниқса, аҳолини зарур дори-дармонлар билан таъминлаш, тақчилликка йўл қўймаслик масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Мухбиримиз «Наманган дори-дармон» АЖ бошқаруви раиси Раҳимберди  ҚОСИМОВ билан шу ҳақда суҳбатлашди.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги  қароридан келиб чиққан вазифалар бўйича   барча имкониятларни  ишга солиб, керакли бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар, зарарсизлантирувчи моддалар, ҳимоя воситаларини аҳолига етказиб бермоқдамиз, - дейди Р. Қосимов. - Бугунги кунда  дорихоналарда дори воситаларининг етишмовчилигини бартараф этиб, узлуксиз таъминотни изчил йўлга қўйиш ва   дори воситалари захирасини яратиш мақсадида  «Республика Дори Таъминоти», «Мерримед Фарм», «Дентафил»   МЧЖлар  ва бошқа таъминотчи фирмалар билан шартнома асосида  дори воситалари етказиб келинмоқда. Шунингдек, вирусли инфекцияларни даволашда қўлланиладиган 46 номдаги препаратлар хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб келинмоқда. Хукуматимиз топшириғига асосан, қўшимча  тўрт миллиард уч юз олтмиш тўрт миллион саккиз юз ўн тўрт минг сўмдан ортиқ вирусга қарши дори воситалар захираси яратилди. 
Айни пайтда «Наманган дори-дармон» АЖ  тизимидаги  9 та марказий дорихона, 150 та дорихона филиаллари, 11 та махсус жиҳозланган кўчма «Дамас» автомобиллари вилоят аҳлига  хизмат қилмоқда.
– Дорилар нархини назорат қилишнинг иложи борми? 
– Албатта. Дорихоналарда дори воситаларнинг нархлари  асоссиз равишда кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида вилоят прокуратураси, прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари билан биргаликда дорихона мудирлари ўртасида семинарлар ташкил қилиниб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Дори воситалари нархини асоссиз оширган ҳолатда сотилишига йўл қўйилса жазо муқаррарлиги юзасидан огоҳлантирилиб, алоҳида уқтирилди. Ҳар бир дорихона ва дорихона филиаллари мудирларидан дори воситалари нархларини ошириб сотмаслик тўғрисида тилхатлар олинди.
–  Дорига белгиланган нарх айрим дорихоналарда масалан: 30000 сўм бўлса, бошқасида айнан шу дори 50000 сўм. Нархлар ўртасидаги бундай катта тафовутни нима билан изоҳлаш мумкин?
– Тизимимизга қарашли дорихоналарда сотилаётган дори воситаларининг нархини сунъий оширишнинг иложи йўқ. Сабаби муайян таъминотчидан шартнома асосида дориларни харид қиламиз ва  15 дан 20  фоизгача  устама нархга рухсат этилган. Бу миқдор Президентимизнинг махсус қарори билан ҳам белгилаб берилган. Лекин бугунги шароитда   қатъий 15 фоизлик устама қоидасига риоя қилмоқдамиз, токи истеъмолчиларга қулай бўлсин. Шу ўринда битта жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш ўринлики, таъкидлаб ўтганимиз 15 фоизли устама нарх – бу бизнинг акционерлик жамиятига қарашли дорихоналарда жорий қилинган. Бошқа хусусий дорихоналар бизга бўйсунмайди ва  улардаги нархни назорат қилиш ваколатимизга кирмайди. Умуман, туманлардаги марказий дорихоналаримиз кунига 24 соат мобайнида ишлаяпти. Жойлардаги шохобчалар эса соат 8 дан 20 гача хизмат кўрсатмоқда. Пандемия шароитида Президентимизнинг қарори ижроси доирасида вилоят ҳокимининг қарорига мувофиқ, бошқармамизга қўшимча 5 миллиард сўм ссуда маблағи ажратилди. Бу маблағни энг  кўп эҳтиёж сезилаётган дори воситаларини харид қилишга мақсадли йўналтириш орқали таъминот янада барқарор бўлишига эришилади.
Гап дорихоналардаги нархлар ҳақида кетар экан, шу ўринда харидорларга айтадиганимиз шуки,  витринадаги дорилар нархи  дорихона мудири томонидан имзоланган кичкина карточка шаклидаги нархномада аниқ белгиланиб, ёзиб қўйилганига эътиборни  қаратиш керак. Дори воситасининг мувофиқлик сертификатини сўраш ҳам ёддан чиқмасин.
– Ижтимоий тармоқларда ҳар хил «муолажа»лар усули ҳақида оммага тавсиялар тарқатилмоқда. Мутахассис шифокорлар  эса қалбаки тавсияларнинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантириб, ҳушёр бўлишга чорламоқда. Бу ҳақда мутахассис сифатида маслаҳатингиз газетхонларни қизиқтириши аниқ.
– Тўғри! Инсон саломатлиги бебаҳо неъмат эканлигидан аввало ушбу неъматни қадрлаш, уни авайлаш ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ. Афсуски, ижтимоий тармоқларда муолажани тавсия қилаётганларнинг  бири иккинчисини инкор қилаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз. Баъзи шифокорларнинг амалиётда беморга 15-20 хилдаги таблетка-ю осма уколларни ёзиб беришаётгани мақсадга мувофиқ эмас. Шунингдек,  инсонлар фақат дори воситасига боғланиб қолибгина ундан нажот кутиши ҳам аслида нотўғри. Инсон саломатлиги, иммунитетнинг  кучли ёки заиф бўлиши  унинг  соғлом турмуш тарзига нечоғли амал қилиши билан бевосита боғлиқдир. Коронавируснинг иммунитети кучли организмда яшаб қолиб, ўз таъсирини ўтказиш имконияти чекланиши тасдиқланган далил. Кучли иммунитет эса  бошқа ҳар қандай касалликларни бартараф қилувчи  энг афзал ҳимоя тизимидир. Айтмоқчиманки, иммунитетни иложи борича  табиий маҳсулотлар воситасида кўтаришга катта аҳамият бериш керак. Юртимизда пишиқчилик мавсумида бозорларимизда сархил, дармондориларга бой мева-сабзавотлар мўл-кўл! Дори воситаларига ружу қўймасдан шуларни истеъмол қилиш ҳамиша фойдали бўлган.
Дарвоқе, коронавируснинг енгил тури билан касалланган беморларнинг уйда даволанишига рухсат берилди. Улар учун алоҳида дори-дармонлар тайёрланиб, бепул тарқатиш йўлга қўйилган. Дорилар жамланмаси ССВ томонидан белгиланган бўлиб, у тезкор гуруҳ ёки патронаж ҳамширалари орқали умумий амалиёт шифокорлари тавсиясига асосан беморларга етказиб берилади. Дори рўйхатига азитромицин, парацетамол ва витамин С (аскорбин кислотаси) дори воситаси киради. 
– Таъминот борасида истеъмолчилардан биронта эътироз ёки талаб билдирилмаган, дея оласизми?
– Карантин даврида коронавирус касаллиги билан боғлиқ дори воситаси таъминоти борасида   деярли  эътироз ёки талаб билдирилмади, дейишимиз мумкин. Лекин  эпилепсия, астма, глаукома ва шулар  каби  бошқа ташхисдаги  доимий дори воситаларини истеъмол қилувчи беморлардан  Президентнинг  ишонч телефонига ёки бевосита бошқармамизга таъминот бўйича мурожаатлар бўлиб турибди. Улар тартиб бўйича рўйхатга олиниб, ҳолат ўрганилади. Зарур бўлса, рес-публикадаги таъминотчи ҳамкорлар билан боғланиб, талаб қилинган дори воситасини етказиб берамиз. Мурожаат ижобий ҳал этилгач, беморлар ўз миннатдорлигини изҳор ҳам қилади. Шундайлардан айримларини келтириб ўтсам: Наманган шаҳридаги Атангангузар маҳалласида яшовчи О. Икромов, Гўзал маҳалласида яшовчи Р. Саломатов ва Тўқувчи маҳалласида яшовчи Қ. Яҳёев, Мингбулоқ туманидаги Ҳайитобод маҳалласида яшовчи О.  Шералиевларнинг талабларидаги дорилар етказиб берилгач, ўз миннатдорлигини изҳор қилишган.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳукуматимизнинг, жонкуяр шифокорларимизнинг коронавирусга қарши олиб бораётган жонбозлигига қарамасдан карантин қоидаларини бузиш ёки уларни писанд қилмаслик ҳоллари кузатилмоқда.  Фурсатдан фойдаланиб,  ҳар бир киши карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ўзини ўзи асраш кераклигини яна бир бор эслатмоқчиман.
Муҳтарам Президентимиз айтганидек, бу офатга қарши курашишни темир интизом билан олиб бориш лозим.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь