Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

15 May, 2024, 12:49

Жамият

ЭСКИ МАҚОЛНИНГ ЯНГИ ТАЛҚИНИ ЁХУД ГАЗЕТА ФАҚАТ МАҚОЛА ЧИҚАРИШ УЧУН КЕРАК БЎЛАДИМИ?

  • 24.Декабря.2020
  • 941

Халқимиз тилида бироз қўполроқ бўлса-да пул, буюм маъносида «Сизникини ейлигу бизникини ўйнайлик» деган матал бор.  Айтишларича, унинг пайдо бўлишига бир эр-хотин сабабчи бўлган эмиш. Бунга сиз ҳам қизиқяпсизми? Унда қулоқ солинг.

Мана шу бизнинг замонимиздами ё яқин ўтган даврлардами ёш бир оила – эҳтимол, бир-иккита болалари ҳам бордир – умргузаронлик қилар экан. Эр-хотин икковиси ҳам ишлашар, рўзғорларини ҳамжиҳатликда тебратишар экан. Аммо эр сал нўноқроқ, хотин эса абжир, устамонроқ экан. Кунлардан бирида дастурхон атрофида чой ичишаётиб, аёл аста гап бошлабди:

– Дадажониси, йўқ демасангиз менда битта таклиф бор.

– Хўш-хўш, – дебди эри бир нимадан умидворлик билан.

– Мана, неча йиллардан буён икковимиз тиним билмай ишлаймиз. Топганимиз рўзғордан ортмайди. Бу билан ҳаливери биримиз икки бўладиганга ўхшамайди. Бугундан шундоқ қилсак: сизнинг ойлигингизга тирикчилик, кийим-кечаклар кам-кўстини бутласак. Менинг маошимни эса тийинигача тегмай, йиғиб, катта-катта нарсаларни олсак. Масалан, музлатгич, телевизор, мебель, гилам-пилам дегандай. Ҳадемай болаларимиз улғайса бунақа буюмларни олишга улгуролмай қоламиз...

Ташаббус эрга маъқул келибди. Ўша ойдан бошлаб бунга қатъий амал қилишибди. Аммо эр хотини пулига келган  музлатгични ҳеч тўлдиролмасмишу аёл маоши билан уч-тўрт йилда хонадон буткул шоҳона тус олиб, мебелу гиламларга, анвойи маиший техникаларга тўлиб кетибди. Шу билан бирга хотиннинг ҳам тили «узайибди».

Нимадир бўлиб, икковисининг ўртасида муроса қочибди. Даҳанаки жанг ажрашишгача бориб етибди. Ажрим масаласини кўраётган судья никоҳ даврида тўпланган мол-мулкни ўзаро бўлиб беришга  уринибди.

Бироқ хотин шаллақилик қилибди. Уйдаги  барча буюмларни ўзи ишлаб топганини, бунга гувоҳлари борлигини, эрининг зиғирча ҳақи йўқлигини рўкач қилиб, нинани ҳам бермабди. Эр шўрлик эса шунча йиллар рўзғорини тўлдириб, қора қозонни қайнатгани, оилани кийим-кечак билан таъминлагани, барча тўлов, чиқимларни  уддалаганини айтгани билан сўзини исботлай  олмабди. «Эркакмисан – қиласан-да! Хотин, бола-чақани боқиш – сенинг вазифанг!» дея кўрнамаклик қилиб туриб олибди аёл. Лекин эр мардлик қилибди. «Ҳа, сизникини ейлик, бизникини ўйнайлик» экан-да!», – дея костюмини елкасига солиб, чиқиб кетган экан.

Ушбу ривоятни айтишдан нима муддао дерсиз. Гап айримларнинг фақат чўнтагига фойда бўлаверса-ю асло чиқимни хуш кўрмаслигида кетаётир.  Эсингизда турибди: 2018 йили республикамиздаги деярли аксарият таълим муассасалари ўқитувчилари «Обуна мажбурий эмас!» деган баҳона билан  асосан вилоят, шаҳар-туман газеталарига ёзилишдан, аниқроғи,  уларнинг  мутолаасидан бош тортдилар. Аммо ўзларига қарашли нашрларга «енг ичида» дўндириб  обуна  бўлишди.

Буни қарангки, одам хор қилганига зор бўлади деганларидек, кўп ўтмай ойлик устамаларининг бир бандига матбуотда чоп этилган мақолаларига қараб муайян балл берилиши шарт қилиб қўйилди. Ана энди газета керак, мақоми қанчалик  юқори бўлса – шунча яхши.

Шундан сўнг ўз кўмочига ўзи кул тортадиган таҳририятлар расмий равишда ҳисобот учун мақола чиқарувчиларга йиллик обуна бўлиш ёки пулли шартнома тузиш таклифини жорий этдилар. Ахир тайёр газета осмондан тушмайди, қанчалаб харажати бор. Даврни тарихга муҳрлаётган мухбирларнинг ижтимоий аҳволи атрофдагилардан бир неча баробар пастлигини биров билади, биров билмайди...

Кўпчилик юртдошларимиз беҳуда орзу-ҳавасларга, нафс ва қорин эҳтиёжларига, уяли алоқа тармоқлари тўловларига ҳеч иккиланмай маблағларини сарфлайверадилар. Аммо бугун бўлмаса эртага наф келтирадиган газета-журнал ва китоблар харидига келганда доимо қимматсирайдилар. Битта мақоласи вилоят газетасида чоп этилса, бир йил мобайнида тузуккина қўшимча устама оладиган, турли танлов ва бошқа тадбирларда папкаси «семириб», баҳоси кўтариладиган  иштиёқмандлар иложи борича бунга келганда  текинига учадилар.

Яқинда шундай бир зиддиятга тўғри келдик. Бир пайтлар роса гуллаб-яшнаган ташкилотнинг раҳбари дастёрлари орқали флешкада ёзма иш юборибди. Уни мақолача дейишга ҳам арзимайди. Ҳеч қандай факт ё янгилик йўқ. Умумий гаплардан иборат икки сатр нарса. У ҳам битта танишига тегишли.

Телефонини топиб «каттакон»га тушунтирдик. Агар хоҳласа имзодаги инсон билан гаплашиб, газетабоп ширали материал тайёрлаймиз. Бунинг учун ё янги йил учун обуна бўлиши ёки пулли хизмат кўрсатишимиз мумкинлигини айтдик. У ҳарқалай газета олса ютқазмаслигини ҳис этди шекилли, обунага пул ўтказишини ваъда қилди.

Биз сўзимизнинг устидан чиқдик. Имзо эгаси билан суҳбатлашиб, ширингина мақола тайёрладик. Аммо чоп этишга шошилмадик. Сабаби, шунақа ваъдалар бериб, иши битгандан кейин қорасини кўрсатмайдиганлар кўпаяётганидан доғда эдик. Ахир бозор иқтисодиёти деб қўйилибди. Буёғи кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Беҳудага кўнгилчанлик қилавериш - инқирозга олиб келиши тайин.

Орадан уч ҳафтача ўтиб, мақола буюртмачисига қўнғироқ қиламиз. У ҳозир пули йўқлигини, уни чиқариб турсагу кейинроқ ҳақини тўлашини айтади.

– Кечирасиз, қўшнингиздан бир коса қатиқни уч минг сўмингиз бўлмаса – ололмайсиз. Қолаверса, бизнинг газетамиз республика миқёсида олганда энг арзон нашрлардан. Ўзингиз ҳам тадбиркорсиз, буни тушунишингиз керак...

– Ҳей, – дейди телефон ортидаги кимса овозини баландлатиб. – Мен умуман газет-пазет ўқимайман. Сизларнинг газетингизниям бир тийинга олмайман. Обунага пул ўтказмаганим учун сиз тўхтатиб турибсиз...

– Газетамизни бир тийинга  олмас экансиз, унда нима қиласиз бир тийинга қиммат газетада мақола чиқариб? Бу сўзларингиз билан қанчалик маданиятга, савияга эгалигингизни кўрсатаётганингизни биласизми? – деймиз фиғонимиз фалакка чиқиб.

– Мен кечдим, газетданам, мақоладанам!...

– Биз ҳам сизнинг обунангизгаям, мақолангизгаям қараб қолмаганмиз!

Бу одам билан ортиқ тортишиш бефойда. Бу тоифалар пул санашни, маблағ йиғишни билади-ю аммо газета варақлашдан узоқлигидан ҳафсаламиз пир бўлди. Бу – юқоридаги мақолнинг ҳаётдаги акси эди: биздан кетаверса-ю у кишидан сариқ чақа сарфланмаса! У Президентимизнинг 1 октябрдаги маърузасида мисол келтирилган газета ўқимаслиги билан мақтанадиганлардан эди. Ҳатто давлатимиз раҳбарининг ўша кундаги, эҳтимол, бошқа масалалардаги фикрларидан ҳам бехабар бўлса керак.

Юзаки хулоса чиқарувчи айримлар ўзи тузукроқ газета ўқимай туриб, бугунги ижтимоий-сиёсий босма нашрлар зерикарли, дея иддао қилади. Агар улар матбуотга позитив нуқтаи назар билан ёндошганда газетада бутун дунё, мамлакат, вилоят ҳаёти тўла-тўкис қамраб олинишини, у бугунги кунни тарихга битиб, келажакка етказаётганини ҳис қила оларди. «Зерикарли» дейдиганларга республика, вилоят, шаҳар ва туман газеталари жиддий ва расмий нашр эканлигини, ижтимоий тармоқлардаги каби шов-шув, ваҳима уйғотувчи, ёлғон маълумотлар тарқатувчи манба эмаслигини, кўнгилочар нашрлардагидек ғийбат, қайси юлдузнинг кимга эрга теккани-ю ким кимга хиёнат қилганини шарҳлаш касб этикасига  тўғри келмаслигини эслатмоқчимиз.

Биз – профессионал журналистлар орзу қиламиз: қани энди давлатимиз янада бой ва қудратли бўлиб кетса-ю ўзининг одил сиёсатини, халқпарвар, адолатли сўзини, оламшумул ғояларини етказишнинг энг ишончли, синалган воситаси бўлган ижтимоий-сиёсий босма нашрларини, маънавий-маърифий, адабий-бадиий газета-журналларини ҳар бир хонадонга, ҳар бир фуқаро қалбига бепул ва беминнат олиб киришга имкон яратилса. Бармоқ билан санарли таҳририят жамоалари  қаддиларини кўтариб, яйраб-яшнаб ижод қилсалар. Бировдан, бирон амалдордан тиллари қисилмай оқни оққа, қорани қорага ажратсалар. Матбуот ва сўз эркинлиги ягона дастур бўлиб, Президент мададкорлиги уларни забт этиб бўлмас чўққилар сари илҳомлантирса. Ажаб эмаски, ана шунда дунёдаги энг ўқимишли, маданиятли халқлардан бўлмиш япон халқига тенглашувимизга бир қадам босилармиди... Иймонимиз комилки, бундай фурсатларга жуда оз қолди.

Рислиқхон МАЖНУНОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,

«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь