Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

03 May, 2024, 06:04

Жамият

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари – давлат ҳимоясида

  • 15.Июня.2023
  • 226

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад энг аввало, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, миллий қонунчилик базаси халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига ҳамоҳанг тарзда тобора мустаҳкамлаб борилмоқда.

Ўзбекистон тарихида илк бор 2019 йилнинг 2 сентябрида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Мазкур қонун ҳужжатлари хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳам тартибга солади.

Тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни кафолатлайди.

Шунингдек, 2019 йилда зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун “ҳимоя ордери” институти жорий этилди. Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади.

“Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун амалга киритилди.

Ушбу ҳужжат бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжудлиги, хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (30 кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермаганлиги сабаб сифатида баён қилинган.

Қабул қилинган қонун билан эса эндиликда аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя ордери муддати бир йилгача жиноят ишлари бўйича судлар томонидан узайтирилиши белгилаб қуйилди.

Амалиёт шуни кўрсатдики, ҳимоя ордери берилган аксарият хотин-қизлар такроран зўравонликка учраган.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома бўйича тўпланган материал судга келиб тушган вақтдан эътиборан 24 соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда зўравонлик содир этган шахс иштирокида кўриб чиқилади.

Судья иш материаллари билан танишиб чиқиб, иш якуни бўйича қарор қабул қилади. Мазкур қарорда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва жойи, машғулотининг тури ҳамда яшаш жойи, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар кўрсатилади.

Суднинг ҳимоя ордери амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.

Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, зўравонлик содир этган, шунга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилади.

Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси 24 соат ичида почта орқали тарафларга юборилади. Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришдан рад этиш тўғрисидаги қарор устидан 72 соат ичида тарафлар апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши, унинг ижро этилишини тўхтатиб турмайди. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳал қилишда суд мазкур қўшимча қуйидаги чекловларни, яъни, тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш, наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш, зўравонлик содир этган шахс жабрланувчи яшайдиган уй-жой майдонидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини чеклашга ҳақли.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга, шунингдек, уларнинг ўзи билан бирга махсус марказларга жойлаштирилган вояга етмаган болаларига ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ўтказганликда ва зўравонлик содир этганликда айбдор, деб топилган шахсдан ундирилиши мумкин.

Қонунда мазкур муддатларнинг бир йилгача белгиланиши аёлларимизга етарли даражада психологик, ижтимоий, ҳуқуқий ёрдам бериши ва иш билан таъминланишига хизмат қилади. Келгусида нотинч оилалар сони камайиб, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг камайишга олиб келади.

М. АРТИКОВ,

Наманган вилояти маъмурий суди девонхона мудири.

Ш. ИСМОИЛОВ,

Наманган туманлараро маъмурий суди судья ёрдамчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь