Қисқа сатрларда

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

15 May, 2024, 09:19

Жамият

ҚИММАТФУРУШ УНФУРУШЛАР ЁКИ СЕРОБЧИЛИГУ ТАҚЧИЛЛИКДАГИ НАЙРАНГЛАР

  • 03.Октября.2020
  • 997

Аҳолига сифатли ва ҳамёнбоп нархда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш  бугуннинг долзарб масалалари сирасидан. Айниқса, пандемия шароитида  Президентимиз юритаётган оқилона ва халқчил сиёсатнинг туб моҳиятида ҳам аҳолининг барча қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш тамойили устувор бўлиб келмоқда. Зеро, мазкур соҳага миллиард-миллиардлаб сўм маблағ йўналтиришдан асосий мақсад ҳам аниқ – турмуш фаровонлигини юксалтириш. Бинобарин, кундалик истеъмол озуқамизнинг асоси – ун маҳсулоти ҳисобланади. Мақоламиз мавзуси ҳам айнан ун маҳсулотининг истеъмолчиларга етказиб берилиши, нарх-навоси ва серобу тақчиллигининг таҳлили доирасидадир.
 

ТАЪМИНОТ БИР МАРОМДА

– Ун маҳсулотларини  харидорларга, ишлаб чиқарувчиларга    талаб даражасида ва   ўз вақтида етказиб беряпмиз, – дейди «Намангандонмаҳсулотлари» АЖ маркетинг бўлими бошлиғи Камолхон Маматов. – Тадбиркорлар     ўз  вақтида  тўловни амалга оширса бўлгани, ўзига тақсимланган ойлик лимитдаги  унни айтилган муддатда корхонамиздан олиб чиқиб кетади. Бунда ҳеч қандай муаммо йўқ.

НАРХЛАР ҚАНДАЙ, ДЎКОНДОР?!

Бугун дўконларда  Қозоғистонда ишлаб чиқарилган уннинг бир килоси олий, биринчи ва иккинчи навларига кўра 6500 сўмдан 4000 сўмгача  сотилмоқда.

Наманган шаҳрининг марказий кўчасида қаторасига тизилган ун дўконларидаги  сотувчилар билан мулоқот қилдик.

– Наманган унининг  бир қопи (50 килолиги)ни қанчадан сотяпсизлар?

– 187000 сўмдан сотдик, лекин ҳозир йўқ, тугаб қолди.

– Қаердан оласизлар Наманган унини?

– «Қўлдан»!

– Қозоғистон унининг нархи қанча?

– Қозоқ уни ўн минг сўмга арзонлади. Нархи сортига боғлиқ-ку.

– Ҳамма сортлари арзонладими?

– Ҳа!

– Доллар тушдими?

– Йўқ! «Расценкаси» пасайибди.

Нарироқдаги   иккинчи дўкондорга юзланиб, сўрадик:

– Наманган унини қанчадан сотяпсизлар?

– Наманганники йўқ, сотиб бўлдик. Биржага чиқса, кейин бизга келади.

– Қозоғистон унини нархи арзонлабди-а?

– Йўқ-йўқ, ҳечам арзонлагани йўқ, нархи ўша-ўша, яқин орада тушмадиям, кўтарилмадиям...

Унфурушларнинг гап-сўзлари ўз йўлига. Туманда яшовчи танишлардан бирининг айтишича, у бир қоп Наманган унини 200000 сўмга харид қилибди. Тавба! Биронта  маҳсулотга эҳтиёж ошса ёки сал тақчиллашса нархиям тезкор ва  «бехато» тарзда  устамону «фойдаталаб»лар томонидан осмонга «учирворилади»ки, кўз очиб-юмишга улгурмайсиз. Иккинчидан, маҳсулотнинг таъминоти  барқарор ва тақчиллик бўлмаса ҳам барибир яна унинг  нарх-навоси сунъий  оширилиб, «енг ичида»  «дунёга келади-я?!».

Хўш, муаммонинг ечими борми? Умуман, сунъий оширилган нархнинг шаклланиш омилларини изоҳлаб бериш мумкинми? Масала юзасидан  назорат қилувчи  масъул идоранинг ваколатли мутахассисларига мурожаат қилдик.

200.000 ЭМАС, 140.000 СЎМ!

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги «Коронавирус пандемияси шароитида республика аҳолисига давлат ресурслари ҳисобига ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 01-03/1-638-сонли йиғилиш баёни тасдиқланган, – дейди вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси бош мутахассиси Шерхон Насихонов. – Республикамизнинг барча даражадаги истеъмолчиларига ун ва ун маҳсулотларини алоҳида топшириқ бўлгунга қадар биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида тизимли етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилдики, бундан кўзланган асосий мақсад аҳоли эҳтиёжини тўлақонли қондиришдир. Шунга биноан, Монополияга қарши курашиш қўмитасига истеъмолчилар учун ажратилган ун маҳсулотини дон корхоналари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотишда нархлар шаклланишини назорат қилиш ва уларнинг сунъий равишда оширилишини олдини олиш чораларини кўриш ҳамда  шаҳар ва туманлар ҳокимларига уларнинг таклифи билан дислокацияга киритилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан харид қилинган ун маҳсулотини  мақсадли ишлатилишини назорат қилиш вазифаси юклатилди.

Яъни, бугунги кунда  биржа орқали ун сотилиши амалиёти бекор қилинган бўлиб,  аҳолига ун тақсимоти  маҳаллалардаги аҳоли сонидан келиб чиқиб,  шаҳар ва туман ҳокимликлари томонидан тақсимланади. Савдо-сотиқ йўналишида қонуний  фаолият юритаётган тадбиркорлар ўзига бириктирилган маҳалланинг ойлик лимитидаги унни дон маҳсулотлари корхонасидан олиб, истеъмолчиларга етказиш ва  сотиш ҳуқуқига эга. Бир килограмм уннинг дўкондаги сотилиш нархи 2800 сўмдан  (50 кг.ли бир қоп ун 140000 сўмдан)  ортиб  кетмаслиги шарт!

Шунга кўра, Наманган шаҳри ва туманлардаги  89 та маҳаллада ўрганишлар ўтказилди. Август ойида вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган дислокацияга асосан 7986,8 тонна ун маҳсулоти дон корхоналари томонидан чакана савдо корхоналарига тўлиқ етказиб берилган. Афсуски, 51 та ҳолатда пандемия шароитида карантин ва савдо қоидаларига риоя этилмаслик, 46 та ҳолатда дислокация бўйича белгиланган меъёрлар асосида етказиб берилмаганлиги, 44 та ҳолатда дислокацияга киритилган аҳоли сони билан ҳақиқатда яшовчилар сонининг фарқ қилиши, 43 та ҳолатда тўлов терминаллари ва назорат касса машиналарисиз сотилаётганлиги, 37 ҳолатда аҳолига маҳсулот сотиш учун масъул бўлмаган кўчабошилар (маҳаллаларнинг кўчадаги норасмий вакиллари) томонидан  рўйхат шакллантирилмасдан етказиб берилаётганлиги, 8 та ҳолатда дон корхоналаридан тадбиркорлар томонидан олинган ун маҳсулотлари аҳолига тўлиқ олиб келинмай, кам миқдорда етказиб берилаётганлиги, 8 та ҳолатда унни тавсиявий нархлардан қиммат нархларда сотилишига йўл қўйилаётганлиги маълум бўлди.

ХИЁНАТЛИ ТОННАЛАР

Аниқроқ  айтадиган бўлсак, август ойи учун  «Бетакрор нур савдо сервис» МЧЖга ажратилган 6,3 тонна ун маҳсулоти Наманган шаҳридаги Мустақиллик маҳалласи аҳолисига етказиб берилмаган. Косонсой туманидаги Чўнгбош маҳалласига бириктирилган «Саъдий баракаси» МЧЖ томонидан 1,4 тонна, Боғишамол-1 маҳалласига бириктирилган «Маскани кушон» МЧЖ томонидан 0,8 тонна, Поп туманидаги А. Қаҳҳор маҳалласига бириктирилган «Олимжон Озодбек Поп» МЧЖ томонидан 0,4 тонна, Янгиқўрғон туманидаги Қўриқ маҳалласига бириктирилган «Муҳаммад Юсуф Барака савдо» МЧЖда 0,25 тонна, Наманган туманидаги Урганжи маҳалласига бириктирилган «Матлубот улгуржи чакана савдо» МЧЖ томонидан 0,2 тонна ун маҳсулоти аҳолига етказилмасдан бошқа мақсадларга сарфлаб юборилган.

Шунингдек, ўрганиш давомида фуқаро К. Солиев аҳолига тарқатилаётган ун маҳсулотини бириктирилган савдо ташкилотидан ўз вақтида сотиб олиш имконияти бўлмаётганлиги сабабли 1-навли 2 қоп (100 кг.) уннинг   ҳар қопини 185000  сўмдан «Ишонч» номли савдо шохобчасидан сотиб олганлиги аниқланди. Ушбу савдо шохобчаси дислокацияга киритилмаган бўлиб, ун маҳсулотини қаердан сотиб олганлиги сўралганида, ушбу ҳудудга бириктирилган «Шодлик» МЧЖ ходими ўзининг қарзи ҳисобига (раҳбарнинг хабарисиз) 1-навли  6 қоп (300 кг.) унни берганлиги маълум бўлди.

Уйчи туманидаги Умид маҳалласига бириктирилган «Маликахон Хайрулло» ХК томонидан июнь ойи учун «Учқўрғондонмаҳсулотлари» АЖдан олинган 8,4 тонна ун маҳсулоти умуман аҳолига етказилмаган.

Бундан ташқари, «Чуст келажак орзу» ХК томонидан Чуст тумани, Балиқчи ва Оғасарой маҳалласи аҳолисига ун маҳсулотларини сотишда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаганлиги, тўлов терминаллари ва назорат касса машиналари йўқлиги ҳамда тарозилар мавжуд бўлмаган ҳолда кўчабошилар томонидан аҳолидан олдиндан нақд пул йиғиб олинганлиги аниқланиб, ун келган куни тадбиркор томонидан кўчаларда белгиланган жойларга туширилиб, аҳолига бир хилда тақсимот асосида етказиб берилмаётганлиги  маълум бўлди.

Норин туманидаги Ҳажинтол маҳалласида аҳолига «Мирсултончек махсус савдо» МЧЖ томонидан 3 тонна (60 қоп) ун бошқа тадбиркорга қарашли дўкон ҳовлисига ерга туширилиб, ҳар бир хонадонга 10 кг.дан нақд пулга сотилгани аниқланди. Мингбулоқ туманидаги Қирқчек ва Найман маҳаллаларига бириктирилган «Адҳам Элдор» ХК ва Тўрақўрғон туманидаги Ҳ. Олимжон номли маҳаллага бириктирилган «Birlashgan savdo maskani» МЧЖ томонидан ҳамда Чортоқ туманидаги Гулшан маҳалласига бириктирилган «Оромгоҳ савдо маркази» МЧЖлар томонидан касса аппарати ва терминалларсиз, аҳоли рўйхати шакллантирилмаган ҳолда ҳар бир оилага 25 кг.дан, айрим ҳолларда 50 кг.дан (1 қопдан)  тақсимотга риоя қилмасдан сотилаётганлиги кузатилди.

Шу билан бирга, дислокацияга асосан аҳолига ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича бириктирилган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳаллаларда савдо дўконлари мавжуд эмаслиги фош бўлди. Бундан ташқари, ун аҳолига тенг тақсимланмай, аксарият ҳолларда 1 қопдан (50 кг.) сотилган.

БОШБОШДОҚЛИКНИНГ ЯҚҚОЛ ИФОДАСИ

Вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган дислокацияда ҳар бир маҳалла кесимида бириктирилган тадбиркорлик субъекти томонидан ун маҳсулотини дон маҳсулотлари  корхонасидан олинишининг аниқ миқдори ва санаси кўрсатилган бўлса-да, маҳаллалар  раислари бундан хабардор бўлмаган. Ҳудуддаги оилалар сони ва унда истиқомат қилувчи аҳоли рўйхати шакллантирилмаган. Ҳолбуки,   бу рўйхат махсус муҳрланган ва шнурланган дафтарда юритилиши шарт эди.  Боз устига аҳоли ойнинг қайси санасида ун келтирилиши тўғрисида маълумотга эга эмас. Бу эса унни аҳолига белгиланган муддатда ва миқдорда етказиб берилмаслигига сабаб бўлмоқда.

ҚАТЪИЙ ЧОРАЛАР ЗАРУР!

Мазкур ўрганишлар  ва таҳлиллар натижалари Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияга киритилиб Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларига ун маҳсулотларини белгиланган  нархдан қиммат сотган тадбиркорларни дислокациядан чиқариш чорасини кўриш ва жойларда жамоатчилик назоратини ўрнатиш тўғрисида тарғибот ишларини амалга ошириш вазифалари юклатилди.

ҲУЖЖАТ-КУ ЙЎҚ, ИНСОФ-ЧИ?!

– Бугунги кунда, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан харажатларни ҳисобга олган ҳолда, вилоятнинг барча ҳудудларида 1 кг. 1-навли ун маҳсулотини 2800,0 сўмдан (1 қоп, 50 кг. ун 140,0 минг сўм) сотилиши назоратга олинган, – дейди вилоят Давлат солиқ бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Иномов. – Яъни, тадбиркор 1 қоп унни 140000 сўмдан сотса етарли фойдага эга бўлади. Аммо ўтказилган режали текширишлар жараёнида бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари фош этилмоқда. Мисол учун, Наманган шаҳридаги Гулшан маҳалласида яшовчи фуқаро А. А. белгиланган тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ун маҳсулотлари чакана савдоси билан ноқонуний шуғулланаётганлиги аниқланиб, унга нисбатан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Ўзбошимча фуқарога тегишли бўлган жами 1000 кг. ун ҳамда 75 литр кунгабоқар ёғи далилий ашё сифатида вақтинча сақловга олиниб, юк хати орқали Наманган шаҳар, А.Темур кўчаси, 28-уйда фаолият кўрсатиб келаётган «Наманган улгуржи савдо базаси» МЧЖга қарашли махсус дўконга топширилди. Фуқаро А. А.га тегишли тартибда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ҳолда фаолият юритиши кераклиги юзасидан тушунтиришлар берилди.

Косонсой тумани ДСИ томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар даво-мида фуқаро М. Б. «Қўқондонмаҳсулотлари» АЖда ишлаб чиқарилган ва давлат ресурслари ҳисобидан аҳолига тарқатилиши лозим бўлган ун маҳсулотининг қопини 165000 сўмдан сотаётганлиги аниқланди. Натижада, жами 1890 кг. 6 млн. 900 минг сўмлик ун маҳсулоти далилий ашё сифатида вақтинча сақловга олинди.

Чуст шаҳридаги Деҳқонобод маҳалласида яшовчи фуқаро Р. Р. томонидан «Чуст деҳкон бозори» ҳудудидаги турғун савдо шохобчасида Қўқон шаҳрида ишлаб чиқарилган ҳар бир қопи 45 кг.дан жами 360 кг. бўлган ун маҳсулотлари нархини сунъий равишда ошириб, бир қопини 155000 сўмдан сотаётганлиги аниқланди. Унга нисбатан ҳам қонуний тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ун далилий ашё сифатида олинди ва махсус дўконга юк хати орқали топширилди.

Кези келганда шуниям алоҳида таъкидлаш ўринлики, дислокацияда белгиланган ун маҳсулотини олувчи тадбиркорлик субъектлари назорат касса машинаси ва терминал билан жиҳозланган бўлиши керак.

Дон маҳсулотлари корхонасидан олинган ун маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали ва аҳолига сотишдан тушган тушумларни банк кассаларига топширилиши ҳамда солиқ ҳисоботларида кўрсатилиши шарт.

Тегишли ҳужжатларсиз ун маҳсулотларини сотаётган фуқаролар аниқланса, маҳсулотни қаердан олганлигига ойдинлик киритилади ва далолатнома расмийлаштирилади.

Ҳурматли харидорлар! Озиқ-овқат маҳсулотлари нархини асоссиз оширган тадбиркорларга дуч келсангиз, вилоят ДСБда куну тун (24 соат) ишлаши йўлга қўйилган (69) 227-91-96 рақамли «ишонч телефони»га ёки «soliq hamkor» истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги тизими орқали мурожаат қилишингиз мумкин. Мурожаатингиз кўриб чиқилади ва шахсингиз сир сақланиши кафолатланади.

ТИРИКЧИЛИКМИ ЁКИ ТИРИК-ЧИРИК?!

Эл бошига иш тушган бугунгидек дамларда халқимизнинг асосий ва энг зарурий озуқаси ҳисобланувчи унини – том маънодаги нонини мумкин қадар қимматлатиб сотиш эвазига даромад топаётганлар бундай аблаҳона қилмишини бамайлихотир «сабаби тирикчилик» дея талқин қилса не ажаб. Бу мавзуда айтадиганларимиз жуда кўп-у кўмир оз-да! Ҳай майли, юқоридаги тафсилотлар ҳам мақоламиз мавзуси юзасидан кутилганидек хулоса қилинишига етарли бўлса керак, деган умидда ҳаётимиздаги инсоний зарурият – тирикчиликдек эзгу саъй-ҳаракатни залолий ва расвоий тирик-чириклик билан чоғиштириб юбормаслик тарафдоримиз. Зеро, аслида ўқиганингиз мазмунидаги ушбу  мақолани ёзишга жазм қилганимизнинг асл моҳияти ҳам ана шу фазилатли тилакда мужассамдир.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,

 «Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

P.S. Жамиятдаги мавжуд иллатлар, ислоҳотлар йўлига жиддий ғов бўлаётган қилмишлар ҳақида ОАВларда кўпгина танқидий мақолалар чоп этилиб, кўрсатувлар  намойиш қилинавериши мумкин.  Лекин  энг асосий назоратчи – жамоатчилик, яъни, сизу биз қинғирликларга гувоҳ бўлганимиз ҳолда одатдагидек лоқайдлигу беписандлигимизча қолаверсак, танқидлардан не фойда?! Худдики, иллатларга қарши курашиш махсус кишиларнигина  гарданидаги бурчдай?!
Хўп, бугун лоақал омманинг-у ҳамманинг қўлида  бор бўлган телефон орқали «ишонч» манзилига хабар беришимиз учун бизга нима монелик қилади?! «Чақимчи» эмаслигимизми, гуноҳдан қўрқишимизми?! У ҳолда ана сўранг зикр аҳлидан: бир зараркунанда кимсанинг қилмишига гувоҳ бўлингани ҳолда,  сукут сақлаб индамай кетавериш мўминликми, беозорликми, савобми ёки ўша аблаҳнинг гуноҳига шерикликми?! Унинг тегирмонига сув қуйишликми?! Кейинроқ бошқа даврада эса ўз кўзимиз билан кўрганимиз ўша қаллобни «дангалига» маломату муҳокама қилиб, нечоғли «ҳақиқатпарвар»лигимизни  пеш қилиб,  нафрат аралаш нолиб ғийбатлашишимиз-чи?! У нопок чайқовчи гуноҳкор-у бу иллатга сукут сақлашимиз баробарида бизлар фариштамизми?! Наҳотки чин мўминликнинг сифати-ю амали шу билангина  якунланса-а?!

Энг кўп ўқилганлар

Календарь