Қисқа сатрларда

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

01 May, 2024, 09:09

Жамият

Келажак кушандаси: унга қарши курашга барчамиз бурчлимиз

  • 23.Февраля.2022
  • 750

Сардорнинг ота-онаси у беш ёшлигида ажралишган. Боланинг отаси билан боғлиқ хотиралари кам бўлса-да, тўкис оила бағрида бахтиёр яшаган пайтларини кўп соғинган. 
Отаси Фарҳоднинг топган-тутгани Азизанинг ҳою ҳавасларига етмади. Оилада аёлнинг овози баландлаб, ўдағайлашга ўтдими, уни йўлдан қайтариш қийин. Эр аёлига аввал босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилди, дўқ-пўписа қилди. Лекин Азизанинг маломатлари, турмушидан норозилиги кучаяверди. Сардор ўксимасин, етим бўлмасин, деб тишини-тишига қўйиб чидаб яшаб юрган эди. Лекин аёли узил-кесил ортиқ яшай олмаслигини айтди...
Лазиза опа набирасининг етим ўсишини хоҳламасди, албатта, лекин қизини кўндира олмади. У болани онага ташлади-ю, Дубайга ишлагани кетди.
Сардор бувиси қўлида тарбия олди. Тўғри, еяр-ичардан ками бўлмади, нима деса айтгани муҳайё бўлди. Лекин моддий жиҳатдан тўкислик ҳам ота меҳрининг ўрнини тўлдира олмади.  
Одатда ўсмирлик - қийин кечадиган, руҳиятда ўзгаришлар бўладиган  давр. Айни шу ёшда Сардорни кўча болаларининг енгил-елпи ҳаёти ўз домига торта бошлаганининг  ўзига хос сабаблари бор эди, албатта. Назоратсиз қолган йигит вақтини тунги клуб ва ресторанларда ўтказди. Кейин «дўст»лари унинг ичимлигига кайф дориларини қўшиб бериб, ўз тузоғига илинтиришди...
Сардор мана ўшандан бери боши берк кўчага кириб қолган. Нима қилаётганини билмайди, ўз хулқ-атворига жавоб бера олмайди. Ҳар куни дори ичишнинг ўзи фалон пул туради. Онаси жўнатган маблағ бир ҳафтага зўрға етади. Дорининг хумори тутганда эса кўзига ҳеч нарса кўринмайди.
Ниҳоят... сир фош бўлди. Ички ишлар ходими етти нафар йигитни ўғирлик устида қўлга олган, улар орасида Сардор ҳам бор эди.

Суриштирув ишларидан маълум бўлдики, еттовлон ҳам психотроп модда қабул қилган экан...
Бу каби воқеаларга афсуски, кўп гувоҳ бўляпмиз. Шиддат билан ривожланаётган даврда ёшларни чалғитувчи, тўғри йўлдан оздирувчи иллатлар тобора кўпайиб бормоқда. Кашандалик, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кейинги пайтларда урфга айланган психотроп моддаларга муккасидан кетиш... Жамият ривожига тўсқинлик қилувчи иллатлар ҳақида кўп ва хўп бонг урганимиз билан афсуски, тўхтатиш имконсиз.
Хўш, психотроп модда нима? Унга қарамлик қандай кечади, бола руҳиятида қандай ўзгаришлар рўй беради, ёшларни бу омиллардан қандай ҳимоя қилиш мумкин? Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий маркази вилоят минтақавий филиали бош шифокори Файзулла Дадабоев қуйидагича изоҳ берди:
– Психотроп моддаларнинг 40 дан ортиқ тури бор. Улар орасида «Трамадол» деб аталадигани кўп тарқалмоқда. Тиббиётда бу дорилар, дастлаб даволаш учун хизмат қилган, бош оғриғини қолдиришда ва кайфиятни кўтаришда фойдаланишган. Бу каби дори воситаларида гиёҳванд моддаларидаги каби ўзига ўргатиб қўйишдек хусусият бор. Ва бу инсонни ўзига тобе қилиб қўяди, табиийки, гиёҳвандликнинг янгича кўринишини пайдо қилади. Аслида психотроп дорилар неврология, тутқаноқ, онкология, кучли оғриққа қарши ва офталмологлар томонидан кўз касалликларини даволашда ишлатилади. Улар таркибида наркотик моддалар мавжуд бўлиб,  мамлакатимиз қонунчилигига кўра, расман наркотиклар рўйхатига киритилган. Мазкур дориларни жарроҳлик операцияларида оғриқсизлантириш мақсадида меъёр билан қўллаш мумкин. Аммо узоқ муддат қўлланилса ёки нотиббий мақсадда фойдаланилса, ўзига нисбатан руҳий ва жисмоний тобеликни юзага келтиради.  
Ҳозир ўсмир ёшларда бу дориларга қизиқиш кучайган. Энг ёмони, бу моддалар рангсиз, ҳидсиз, дастлабки даврда истеъмол қилган кишида шубҳа уйғотмайди. У руҳан тетик, фаол, уйқусиз бўлиб қолади. Кучи ошгандек сезади ўзини одам.  Лекин бора-бора бу дорилар ўзига қарамликни пайдо қилгач, инсоннинг барча органларини ишдан чиқаради. Ошқозон, ўпка, жигар, юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқаради. Бепуштликка олиб келади. Гиёҳванд моддалардан кўра ҳам психотроп моддаларнинг зарари кўпроқ экани исботланган. Бу қарамлик охири фожиа билан тугайди. 
Марказимиз ичкиликка берилган, гиёҳванд ва психотроп моддаларга ружу қўйган беморларни даволайди. 100 ўринга мўлжалланган шифохонамизда ҳар йили мингдан ортиқ беморга хизмат кўрсатилади. Даволанувчиларнинг аксарияти соғлом ҳаётга қайтадилар, айримлари умуман иродаси етмай ўзини хароб қилади.
Бу йўлдан қайтиш осон иш эмас. Руҳий қарамлик инсонни инсонийликдан маҳрум қилади, соғлом фикрлаш йўқолгани учун тинч ва осуда яшай олишмайди. Улар меҳнатга яроқсиз, бир жамоада ўзини тутиб ишлай олишмайди. Гиёҳванд моддаларнинг хумори тутганда эса ваҳшийлашиб кетади, ҳеч нарсадан тап тортишмайди, ўғирлик қилишга, ҳатто одам ўлдиришгача бориши мумкин.
Шунинг учун ҳам бирор яқинингизда ўзгариш сезилдими, дарҳол унинг чорасини кўриш керак. Марказимизда аноним текширувлар мавжуд. Текширувлар ҳам, даволаниш ҳам бепул. Мурожаат қилганларнинг шахси сир сақланади.
Мутахассисларнинг маълумот ва тавсиялари кишини ўйга толдиради.
– Бугунги кунда, 181 нафар шахс наркология диспансерида гиёҳванд сифатида ҳисобда туради, уларнинг 2 нафари аёллардир – дейди  вилоят ИИБ ЖҚБ бошлиғи ўринбосари подполковник Бахтиёр Мавланов. – 2021 йилда ўтказилган тадбирлар давомида 197 та ҳолат аниқланиб, 217 та жиноят иши қўзғатилган, 207 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этганларнинг 17 нафари муқаддам судланган шахслар, 20 нафари 18-29 ёшдагиларни ташкил қиляпти. Энг ачинарлиси, Янгиқўрғон туманида бир педагог йигит  «гашиш» гиёҳванд моддасини сақлаб юргани аниқланган.
9 та уюшган гуруҳ томонидан содир этилган 67 та ҳолатда катта миқдордаги гиёҳванд моддалари аниқланган.
Шунингдек, тадбирлар давомида 27 кг.  928,24 гр. гашиш, марихуана, опий, кўкнори моддалари ашёвий далил сифатида олинган ва тегишли тартибда йўқ қилинган.
Асосий гиёҳвандлик моддалари Қирғизистондан вилоятимизнинг Янгиқўрғон, Чортоқ, Учқўрғон ва Косонсой туманлари орқали олиб кирилаётганлиги аниқланган. 
Ёшлар орасида гиёҳвандлик жиноятларининг олдини олиш борасида мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқув семинарлари ташкил этилиб, уларга гиёҳвандлик моддалари таъсирига тушиб қолиш оқибатлари бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Ўтган йили вилоят ҳудудида 2 763 маротаба тарғибот тадбири ўтказилган, ҳозирда бу борадаги ишлар янада жадаллаштирилмоқда. 
Бундан ташқари, кенг тарқалиб келаётган психотроп дори-дармонларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида дорихоналар ва ноқонуний дори-дармонлар савдоси билан шуғулланувчи  бозорларда, тунги клуб, спа салонлар ва массажхоналарда назорат текширувларини кучайтирдик. 
Гиёҳвандлик жамиятни таназзулга йўлиқтирадиган аср вабосидир. Инсонни энг гўзал орзуларидан айираётган, ёшларимизнинг келажагини йўққа чиқараётган бу иллатларга қарши курашиш эл-юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсоннинг бурчи бўлиб қолмоғи керак. Агар бугун кўзимизни очмасак, эртага ҳаммаси кеч бўлиши, бу касаллик вабо каби сизу бизнинг яқинларимизни ҳам ўз домига тортиши мумкин. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь