Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 07:31

Жамият

КИМ КИМНИ АЛДАЯПТИ? ЁКИ ҲОЛВА ДЕГАН БИЛАН ОҒИЗ ЧУЧИМАЙДИ

  • 15.Сентября.2021
  • 616

Бир мурожаат изидан

2021 йилнинг 15 июнида «Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири номига Янгиқўрғон тумани, Қизилқиёқ маҳалласида яшовчи фуқаролар номидан ариза келиб тушди. Унда жумладан, шундай дейилганди:
«...Ариза ёзишимиздан мақсад биз 2011 йилда собиқ 6-АТП ўрнида қурилган замонавий коттежда яшовчи аҳоли мана неча йилдирки ичимлик суви муаммосидан азият чекамиз. АТПдан мерос қолган ерости суви (скважина) биз коттежда яшовчилар учун доимий муаммога айланган.
Гап шундаки, ерости суви аввал «Қишлоқичимликсуви»га қараган. Шу ерда яшовчи аҳоли ана шу скважинадаги сув тортиш моторини ўзимиз пул йиғиб таъмирлаб, ўзимиз кран гаплашиб уддасидан чиқиб, электр энергиясига кетган маблағни ҳам ўзимиз пул йиғиб тўлаб келардик. Бундан икки йилча аввал мазкур скважина «Янгиқўрғон сув таъминот» корхонаси тасарруфига ўтди. Улар эса энг биринчи навбатда биздан сув ўлчаш ускунаси ўрнатишни талаб қилдилар. Кўпчилик шундай қилди ҳам. 
Лекин бугунга келиб сув мунтазам берилмаяпти – эрталаб ва кечқурун 3 соатдан фойдалана оляпмиз, холос. Босим эса жуда пасайиб кетган. Оқибатда, кўпчилик ўз ҳовлисига сув сақлагич қурдирди, сув тортиш мотори ўрнатди. Скважинадан келадиган сувни ҳовузга тўлдириб, ундан фойдаланиш одатий ҳолга айланди.
Яқин-яқингача ҳам бу ерда иккита – катта ва кичик насослар бўлган, бири ишдан чиқса, дарров иккинчиси ўрнатилиб, бузилгани таъмирлашга бериларди. Скважина «Янгиқўрғон сув таъминот» корхонаси тасарруфига ўтгач, катта насос изсиз йўқолди.
Ҳозирда биз сув ўлчагич ўрнатган ҳолда ичимлик сувини сув мотори орқали тортиб олиб ишлатяпмиз, яъни ҳам сувга, ҳам электрга пул тўлашга мажбурмиз. Наҳотки, шу аҳвол давом этаверса.
Сиздан илтимосимиз, муаммони ҳал қилишда ёрдам берсангиз...».

Таҳририят ушбу муаммони ўрганиб, ҳал қилиш учун мурожаатни «Наманган сув таъминоти» МЧЖ Янгиқўрғон тумани бўлимига юборди ва орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтгач – 2021 йилнинг 18 августида жавоб хати олди. Хатни ўқирканмиз эътиборимизни тортгани, энг аввало, ундаги имловий хатолар бўлди. Наҳотки, бутун бошли туманни ичимлик суви билан таъминлашни зиммасига олган бўлимда ўзбек тилида бехато ёзадиган, гап туза оладиган бир саводли киши бўлмаса, деган савол туғилди бизда. Гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун жавоб хатини қандай бўлса шундайлигича эътиборингизга ҳавола қилишни лозим кўрдик:
«Наманган ҳақиқати» газетаси бош мухаррири А.Саттаровга
«Наманган сув таьминоти МЧЖ Янгикўргон тумант бўлими ушбу оркали шуни ёзиб маьлум киладики, Наиманган хақиқати газетасига Қизилқиёқ МФЙ (собиқ 6-АТП ўрнида қурилган замонавий котежлар)да яшовчи фуқаролар томонидан «Ичимлик сув таьминоти» юзасидан қилган мурожаати «Наманган сув таъминоти» МЧЖнинг Янгиқўрғон туман бўлими мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди, ўрганишлар якунига кўра, қуйидагилар маълум бўлди.
Ушбу мурожаатчилар яшовчи катеж кучасида хақиқатдан ичимлик суви йўқлиги аниқланди ва муаммо қисқа муддатда хал этилди. Фуқароларни ичимлик сувидан хозирда муаммоси йўқ. Тўлов масаласи бўйича тушунтириш ишлари олиб борили.
Юқоридагиларни инобатга олган холда, мазкур ўрганиш натижасидан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон Рес-публикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ЎРҚ-445-сонли қонунига мувофиқ, белгиланган тартибда юқори турувчи давлат органларига мурожаат қилишга ҳақли эканлигингизни маълум қиламиз.
Илова: «Наманган сув таъминоти» МЧЖнинг Янгиқўрғон тумани бўлими мутахассислари иштирокидаги мурожаатчи кўриб чиқган фуқароларни миннатдорчилик хати илова қилинади.
Хурмат билан, 
Бўлим директори:  Н. Абдурахманов
Ижрочи: Н. Рахимжонов»

Жавоб хатини ва унга илова қилинган фуқароларнинг миннатдорчилик мактублари билан танишарканмиз, биздаги жавоб хатидан қониқмаслик ҳисси янада кучайди. Гап шундаки, «Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири номига фуқаролар томонидан қилинган мурожаатда Қизилқиёқ МФЙ аҳолиси сув йўқлигидан эмас, унинг мунтазам берилмаётганидан, босими жуда пастлигидан, оқибатда сув мотор ўрнатиб, ҳам ичимлик сувига, ҳам электр энергиясига пул тўлашаётганидан норози бўлишганди. «Наманган сув таъминоти» МЧЖ Янгиқўрғон тумани бўлими директори имзоси остида келган жавоб хатида эса бу ҳақда умуман гап йўқ. Ҳақиқий аҳвол билан тўлиқроқ танишиш учун Қизилқиёққа йўл олдик. 
Бизни кутиб олган маҳалла аҳли ҳақиқатан ҳам «Наманган сув таъминоти» МЧЖ Янгиқўрғон тумани бўлими мутахассислари мурожаатдан кейин ҳолатни ўрганишгани, аммо аҳволни ўзгартириш учун арзирли бирор-бир чора кўришмаганини куйиниб гапиришди:
– 9 йилдан бери шу ерда яшаймиз. Сув мотори тез-тез куйиб туради, сўнгги бор ишдан чиққанида бир ҳафта сувсиз қолдик, – дейди 7-коттежда яшовчи Азизахон Нуриддинова. – Сув ташувчи машинадаги сув нархи эса осмонда – 70-80 минг сўм. Аммо сотиб олишга мажбурмиз. Сентябрь ҳам кириб келди, болалар мактабга боришлари керак. Аҳвол шу даражада давом этаверса янада юқорироққа мурожаат қилишимиз аниқ...
– «Водоканал»дагилар келдик, кўрдик, аҳволни ўргандик, дейишибди. Қачон келишибди, ким билан гаплашишибди, номаълум. Икки киши миннатдорчилик хати ҳам ёзиб берганмиш, лекин ҳудудда 30 та коттеж бор, шунча оила истиқомат қилади, улар билан кўришишса, ҳақиқий аҳволни борича ўрганишса бўлмасмиди, – дейди 27-коттежда яшовчи Раҳматулло Мақсудов. – Сув ҳисоблагич ўрнатинглар, дейишади. Ҳисоблагич ўрнатсак бор сув ҳам йўқ бўлади...
– Сув ҳисоблагич сувда босим бўлса ўрнатилмайдими. Биз уни ўрнатмаганмиз, чунки шундай қилсак уйимизга умуман сув кирмайди. Оқибатда, киши бошига ҳар ойда 21 минг сўмдан тўлов қилишимиз шарт эмиш. Бу қайси қонунга тўғри келади. Адолатдан олиб қараганда бизга кунига бор-йўғи 3-4 соатдан сув бериляпти-ку, – дейди 13-коттежда яшовчи Насиба Қутбиддинова...
Маҳаллага ташрифимиз давомида шу ерда яшовчи қай бир фуқаро билан суҳбатлашмайлик, гапларининг мазмуни юқоридагидай бўлди. Улар «Наманган сув таъминоти» МЧЖ Янгиқўрғон тумани бўлимига қатнайвериб чарчашганини, ҳам ичимлик сувига, ҳам электр энергиясига тўлов қилишдан зерикишганини айтишди...     
Мурожаатга муносабат бир томонлама бўлиб қолмасин, деган ўйда иккинчи томоннинг ҳам фикрини эшитиш мақсадида «Наманган сув таъминоти» МЧЖ Янгиқўрғон тумани бўлимига ҳам бордик. Бош муҳандис Улуғбек Жўрабоев ташрифимиздан кўзланган мақсадни диққат билан эшитаркан, муаммо албатта ўрганилиши ва ҳал қилинишини айтди. Аммо орадан шунча вақт ўтдики, масала ечилмай қоляпти.
Ўз-ўзидан савол туғилади: ким кимни алдаяпти, ахир? Наҳотки, «Ҳолва дегани билан оғиз чучимас»лигини «Наманган сув таъминоти» МЧЖ Янгиқўрғон тумани бўлими мутасаддилари билишмаса?!

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ,
Иброҳим РАҲМОНОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбирлари.

 

Таҳририят ушбу танқидий чиқиш юзасидан Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги ҳамда «Наманган сув таъминоти» МЧЖ туман бўлими мутасаддиларидан жавоб кутиб қолади ва бу мавзуга яна қайтади.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь