Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

06 May, 2024, 01:46

Жамият

Косонсой маҳаллалари фаровонлиги йўлида қандай ишлар қилинмоқда?

  • 05.Января.2023
  • 275

Қишлоқлар, маҳаллаларнинг ободлигига катта эътибор қаратилаётгани кўзланган  натижадорликни таъминламоқда. Президентимизнинг масалага дахлдор фармон ва қарорлари асосида амалга оширилаётган манзилли дастурларнинг ҳамма-ҳаммаси бунга яққол далилдир. Мақсад эса битта – одамларни йиллар мобайнида қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш.  

2022-2023 йилларда ҳудудларда инфратузилмалар ҳолатини янада яхшилаш юзасидан Республика ишчи гуруҳи вакиллари якунланган йилнинг декабрь ойида Косонсой туманида бўлди. Маҳаллий ҳокимият бошқарув органлари мутасаддилари, коммунал хизмат кўрсатиш масъуллари ва маҳаллалар раислари ҳамда фаоллари билан учрашиб, масалаларга ечим топилди. 

– Маҳалламизга қарашли иккита ички кўчанинг 1,5 километри  шағалланди, – дейди Гўрмирон МФЙ раиси Сардор Ҳасанбоев. – Бундан ташқари «Очиқ бюджет» танловида 400 миллион сўмни қўлга киритдик. Баҳор ойида 6 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилди. Натижада 250 та хонадон оби ҳаёт билан таъминланди. 15 нафар эҳтиёжманд фуқарога ҳомийлар кўмагида озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатдик. Ободонлаштириш ва саховатпешаликдек хайрли ишларни келгусида ҳам давом эттиришни режалаштирганмиз.

Тумандаги Бўстон  маҳалласи Бўстон кўчасида истиқомат қилувчи Азиза Тожибоеванинг мурожаатига кўра, ҳудудда асосий йўлга олиб борувчи янги йўл очиш учун 20 нафар ишчи-ходим  ва 9 та техника ёрдамида 600 метр янги йўлга майда тош ётқизилиб, текис ҳолатга келтирилди.

– Кўчиб чиққанимизга бир йил бўлди. Ўз уйимизга етиб келишимиз учун шароит бўлмаган, йўл ноқулайлиги сабаб ҳатто, «Тез ёрдам» чақиришга ҳам иккиланардик, – дейди  А. Тожибоева. – Йўлларимиз равонлашди, Президентимизга ва шундай бунёдкорлик ишларига бош бўлаётганларга катта раҳмат, жудаям хурсандмиз. 

Долзарб масала ҳисобланган иситиш мавсумида аҳолига арзон ва сифатли ёқилғи билан таъминлаш давом этмоқда. Бунинг учун белгиланган жадвал асосида  Ободон, Чуст кўча, Гўрмирон, Шайхон, Дўстлик, Обод, Тагижар, Чорбоғ маҳаллаларига жами 72 тонна кўмир етказиб берилди. Умуман,  тумандаги 55 та маҳалла 2410 тонна кўмир билан таъминланди.

Шунингдек, Республика ишчи гуруҳи хатловда аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳолатини қайта кўриб чиқди. Хонадонбай ўрганишлар бўйича 59 та маҳалладаги 38185 та хонадон ўрганилиб, жами 6185 та муаммо аниқланган бўлса, шундан 5150 таси ҳал этилган. 1035 та масала юзасидан мониторинглар олиб борилмоқда. Аниқланган  муаммоларни бартараф этиш учун вилоят маҳаллий бюджетдан 6,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Уйма-уй юриб ўтказилган тиббий кўриклар натижасида 568 нафар фуқарода турли касалликлар аниқланган ва 489 нафари  ифохоналарга ётқизилган, 79 нафарига малакали мутахассислар томонидан амбулатор шароитда даволаниш тавсия этилди. Эҳтиёжманд 8 нафар хотин-қизнинг тиббий муолажаси  учун 163 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ички ишлар органларига мурожаат қилган 32 нафар шахснинг 8 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини расмийлаштириш борасида тушунтириш берилди. 12 нафарининг фуқаролик паспорти алмаштирилиб, ID-карталари топширилди ва 8 та мурожаат  назоратга олинди.

Декабрь ойининг икки ўн кунлигида иш сўраб мурожаат қилган 215 нафар кишининг барчаси иш билан таъминланди. Меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 145 нафар вақтинчалик ишсиз фуқарога бандлик хизматлари кўрсатилди. Тумандаги «Билнур Соф текстиль» МЧЖга ишга  қабул қилган 28 нафар фуқарони касбга ўқитиш учун 67,2 миллион сўм субсидия  ажратилди. 
Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича 125 та мурожаатнинг 103 таси  ижобий ҳал қилинди. 

Табиий газ етиб бормаган маҳаллалардаги 31814 хонадонга 321,6 тонна суюлтирилган газ  етказиб берилди. 128 та газ тақсимлаш пункти, хонадонлардаги 2682 та газ жиҳозлари техник кўрикдан ўтказилди, 1902 хонадонда газ таъминоти яхшиланди.
Коммунал хизматлар соҳасида асосий омиллар сирасидан ҳисобланган электр таъминотини яхшилаш мақсадида  202 та  таянч устуни олиб келиниб, 74 та трансформатор ва  98,3 километр тармоқ жорий таъмирланди.

Хатлов мобайнида кундалик ҳаётимизда энг қадрли неъмат - сув таъминотини яхшилаш борасида 53 та мурожаат қайд этилди ва   шундан 42 таси   ҳал қилинди.

Ўрганиш давомида фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш  истакларини инобатга олиниб, 5,1 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз фуқароларга  180 та тикув машинаси  ва  22 та  минипечлар етказилди.
«Ёшлар дафтари»даги 252 нафар кишига, шундан 65 та меҳнат ускуна-жиҳозларига, 77 та контракт тўловларига, 8 та ҳайдовчиликка, 38 та замонвий касбга ўқитиш ҳамда 10 нафар ёшнинг даволаниш харажатларига 670 миллион сўм тўлаб берилди. 
Бундан ташқари, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар томонидан тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 600 оилани қўллаб-қувватлаш учун 373,4 миллион сўмлик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 32,5 тоннадан ортиқ асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 200 та газ баллони, 200 тонна кўмир ҳамда 1291 та қишки кийим-бош захираси яратилди. 

Маълумки, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун қулай шароит яратишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай хайрли ишларнинг амалий ифодаси сифатида 6 нафар хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга  600 миллион сўм,  18 оилани уй-жой билан таъминлаш учун 1,8 миллиард сўм ажратилди. «Аёллар дафтари»га киритилган 825 нафар хотин-қизга 500  миллион сўм моддий ёрдам берилди. 65 нафар ногиронлиги бўлганлар моддий қўллаб-қувватланиб, уларга зарурий тиббий жиҳозлар учун 170 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Халқ депутатлари туман Кенгаши ҳузурида ташкил этилган Халқпарвар комиссияси хулосасига асосан, 26 нафар фуқаронинг ипотека кредити бўйича муддати ўтган қарздорлигини қоплаб беришга  235,1 миллион  сўм,  Қўқумбой ҳудудидаги икки қаватли бинони жорий таъмирлаш учун 230 миллион сўм йўналтирилди.

Таълим ва маданият объектларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида   6 та мактабга  588,3 миллион сўм ва «Чиндовул» маданият марказига  180 миллион сўм ҳамда ўқувчиларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 7 та светофор ўрнатиш учун 175 миллион сўм ажратиб берилди.

Жиноятчилик ва кўнгилсиз воқеаларни олдини олишда  ҳудудларни назорат қилиш учун 269 та камера ўрнатишга 997 миллион сўм  йўналтирилди. 

«Наманган тажрибаси» асосида хонадонларни хатловдан ўтказиш жараёнида қулайлик ва тезкорликни таъминлаш мақсадида «Telegram» ижтимоий тармоғида алоҳида «@argos_xatlovbot» жорий қилинди.

Юқорида  тафсилотлари келтирилган ва  ҳаётга татбиқ этилган барча ислоҳий чора-тадбирлардан кўзланган пировард натижа бу – одамларни рози қилиш ҳамда фаровон турмуш шароитини барпо этиш. Зеро, Президентимизнинг  Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида таъкидланганидек: «Имом Мотуридий бобомизнинг: «Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай», деган ҳаётий ҳикмати ҳар бир вазир, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланиши лозим».

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,
«Наманган ҳақиқати»нинг  махсус мухбири.
Рустамхон ТЕМИРОВ,
Косонсой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь