Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

05 May, 2024, 03:34

Жамият

Маҳалла – ислоҳотлар ўзанида катта ижтимоий куч

  • 14.Января.2023
  • 418

Маҳалла институти – ноёб тузилма. Унинг инсон камолотидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Айнан шу боисдан бу тузилма халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ислоҳотлар марказидаги катта ижтимоий куч сифатида  эътироф этилмоқда. 

Вилоятдаги 788 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторлари штат бирликлари мавжуд бўлиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар, хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича 3900 нафардан ортиқ ходим ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқда. 

Маълумки, маҳалла фуқаролар йиғинларида тўртта асосий комиссия (оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссияси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссияси) ҳамда тафтиш комиссияси фаолият юритяпти. Шунингдек, барча маҳаллаларда «Ота-оналар университети», «Аёллар маслаҳат кенгаши» ҳамда «Кексалар маслаҳати» гуруҳи жамоатчилик тузилмалари ҳамда «Ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати бўйича комиссия»лар фаолияти йўлга қўйилган. Ўтган давр мобайнида ҳудудларда жами 1605  та объектда жамоатчилик назорати амалга оширилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида «Маҳалла – хизматлар ва сервис маркази» тамойили асосида маҳаллаларда хизматларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада хизматларни ривожлантириш бўйича маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчисининг 2022 йилга мўлжалланган ҳамкорликдаги манзилли «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Вилоятдаги мавжуд маҳаллалардан 579 тасида 20 турдаги 8425 та хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига бўлган эҳтиёж аниқланди. Бундан келиб чиқиб, тадбиркорлар томонидан 9110 та лойиҳа ташаббускорлари қўллаб-қувватланиб, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 10912 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Натижада, 11 минг 131 та янги иш ўрни яратилди ва 8941 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди.

Бугунги кунда маҳаллаларнинг 631 таси ўз хизмат биноларига эга. Хизмат биносига эга бўлган маҳалла биноларидан 105 таси  жорий таъмирга муҳтож. 75 та маҳалла биноси капитал таъмирланиши лозим. 49 та маҳалла биноси реконструкция қилиниши керак. Хизмат биноларининг 93 тасида кадастр ҳужжати мавжуд эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 февралдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мажмуаларини ташкил этиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан, дастурга 290 та маҳалла биноси қурилиши киритилиб, шундан 236 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 54 таси маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қурилиши белгиланди. Бугунги кунга қад
ар қарор талабларидан келиб чиқиб 75 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 34 таси маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қурилди.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига асосан йил давомида 12 та маҳалла биноларини қуриш ва 10 та маҳалла биноларини капитал таъмирлаш белгиланган эди. Шундан битта маҳалла биносини янгидан қуриш, учтасини капитал таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Вилоят ҳокими ва туман ҳокимлари ташаббуси билан маҳаллий бюджет ва ҳомийлик асосида 9 та бино қуриб битказилди. Бугунги кунда вилоят бўйича 157 та маҳаллалар хизмат биноларига эга эмас. Бу маҳаллаларнинг 79 тасида бино қуриш ишлари давом этмоқда. 28 та маҳалла юқоридаги дастурлар доирасида танлаб олинган бўлиб, шундан 22 та қишлоқ ва 6 та маҳаллада амалга ошириладиган ишлар юзасидан таклиф ишлаб чиқилди. Ушбу маҳаллаларда 105349 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллаларни обод қилиш учун дастлабки ҳисоб китобларга кўра, 317 миллиард 484 миллион сўм маблағ ҳисобига ичимлик  ва оқава сув тармоқларини, автомобиль йўлларини яхшилаш, аҳолини доимий электр энергияси билан таъминлаш, газ таъминоти ва алоқа сифатини, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш режалаштирилган.

Алоқа тизимини яхшилаш бўйича 675 миллион сўм эвазига 75 километр алоқа тармоқларини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган эди. Амалда 914,9 миллион сўм эвазига 79,9 километр алоқа тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. 

Шунингдек, дастур доирасида ижтимоий соҳа инфратузилмасини яхшилаш учун 85,1 миллиард сўм ажратилиб, қишлоқ ва маҳаллалардаги 9 та боғча, 12 та мактаб, 10 та тиббиёт, битта маданият маркази қурилиши ва таъмирланиши давом  этмоқда. Маҳалла ва маданият объектларини яхшилаш доирасида 6,6 миллиард сўм ҳисобига 22 та маҳалла биноси, битта маҳалла гузарини қуриш ва таъмирлаш белгиланган. Бугунги кунда бешта объектда 1,6 миллиард сўм ўзлаштирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 1 миллиард сўм эвазига 10 та автобекатлар қурилиб, иккита янги жамоат транспорт йўналиши ташкил этилди.
Дастур доирасида 7,8 миллиард сўм ҳисобига 53 та объект, шундан 18 та савдо мажмуаси, 16 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 7 та кичик турдаги ишлаб чиқариш объекти ва 12 та бошқа турдаги бозор инфратузилма объекти ташкил этиш белгиланган. Бу йўналишдаги бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етиш арафасида.

Кекса авлод вакилларига  манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва турмуш шароитини яхшилаш, ёшлар таълим-тарбиясидаги ролини ошириш доимий диққат-марказимиздаги масала. Айни пайтда вилоятда 245 минг пенсионер истиқомат қилмоқда. Уларнинг тўққиз нафари уруш қатнашчиси, 775 нафари фронт орти меҳнат фахрийси, 3119 нафари ўзгалар парваришига муҳтож. Юз ва ундан юқори ёшдаги кексалар 52 нафарни ташкил этади. Нуронийларнинг 10 минг нафарида ногиронлик бўлиб, уларнинг барчаси тўлиқ ижтимоий ҳимояга олинган. «Бир нуроний ўн ёшга масъул»  тамойили бўйича вилоятдаги тарбияси оғир ва профилактик ҳисобда турган 23 минг 460 нафар ёш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилалар 2 минг 346 нафар тажрибали нуронийга бириктирилган ҳолда  маънавий-маърифий ва тарбия-вий ишлар олиб бориляпти. Бунинг натижасида уларнинг қарийб 85 фоизи тўғри йўлга қайтди.

Жамғарма ҳисобидан ҳозиргача 95 нафар, ҳомийлар ёрдами билан 45 нафар нуроний учун ички саёҳатлар ташкил этилди. Барча манбаалар ҳисобига 30,2 минг нуроний мамлакат ва вилоят бўйлаб саёҳатга борди. «Ноябрь – кексалар туризм ойлиги» доирасида 330 нафар фаол нуроний ва ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғизлар водий бўйлаб саёҳат қилди. «Нуроний» электрон платформаси учун вилоятдаги 245 минг нафар нуроний бўйича маълумотлар базаси шакллантирилди. Бу нуронийларга манзилли хизмат кўрсатиш ва муаммоларини тезкор ҳал этиш имконини яратмоқда. 50-60 йил бирга яшаган отахон ва онахонлар эъзозланиб, уларнинг турмуш тажрибаси ёшларга ибрат қилиб кўрсатилмоқда. Уларнинг 100 нафарига 900 минг сўмдан жамғарманинг пул мукофотлари берилди. Вилоятимиздаги ажрим ёқасидаги 1059 та ва нотинч 2182 та оилага нуронийларни бириктирилгани сабабли бу оилаларда ижтимоий барқарорликка эришилди.

2020-2022 йилларда «Темир дафтар»га киритилган 39 минг 129 та эҳтиёжманд оила ва 54 минг 800 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзодан 54636 нафари ёки 99 фоизи иш билан таъминланди. 38 минг 362 та оила шароитлари яхшиланиб, дафтардан чиқарилди. Биргина, 2022 йилда «Темир дафтар»даги 4 минг 811 та оиланинг меҳнатга лаёқатли 4 минг 144 аъзосидан 3 минг 980 нафари доимий иш билан таъминланди. Йил давомида «Темир дафтарда»ги ва кам таъминланган  оилаларга «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 33,7 миллиард сўм маблағ сарфланди. Оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган 566 та оилага 9,3 миллиард сўм имтиёзли кредит ҳамда 148 нафар фуқарога 216 миллион сўмлик субсидия маблағлари ажратилди. 1012 та оилага «E-auksion» орқали 114,9 гектар ер ажратиб берилди. Амалга оширилган ишлар ва кўрсатилган ёрдамлар натижасида 4 минг 44 та оила дафтардан чиқарилди. Ногиронлиги бор, дафтардан чиқиш имконияти мавжуд бўлмаган 351 та оила доимий назоратга олиниб, уларга ижтимоий ҳимоя реестри асосида беғараз ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Вилоятимизда 53 минг 571 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз «Аёллар дафтари»га киритилган. Уларнинг 15 минг 200 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қиз бўлса, 5 минг 141 нафари тадбиркорлик қилиш истагида. 16 минг 66 нафарининг боқувчиси йўқ, 133 нафарининг уй-жойи таъмирланишга, 10 минг 452 нафари ижтимоий ёрдамга муҳтож I- ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, тезкор тиббий муолажага муҳтож, эҳтиёжманд хотин-қизлардир. 6 минг 415 нафар аёлнинг қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари бор. 497 нафар аёлга томорқадан унумли фойдаланиши учун ёрдам зарур.

«Ёшлар дафтари»га киритилган 13 минг 391 нафар ёшнинг 419 нафари доимий ишга жойлаштирилди. 234 нафарига кредит, 2022 нафарига меҳнат қуроллари, 814 нафарига ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб берилди. 3599 нафарига экин майдони ажратилди. 54 нафар ёш «Устоз-шогирд» анъанаси доирасида уста ҳунармандларга бириктирилди. 72 нафарига ижара харажатлари, 3013 нафарига тўлов контракти, 301 нафарига сафарбарлик чақирув резерви харажатлари тўлаб берилди. 782 нафар ёшга турар-жой ижараси, психологик хизмат, истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат кўрсатиш каби ижтимоий-иқтисодий ёрдамлар кўрсатилди.

Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар бугун маҳалла ҳаётининг нақадар жўшқин, инсон қадри улуғланаётган бир масканга айланганини кўрсатади. Келгусида ҳам зиммамиздаги масъулиятни чуқур англаган ҳолда вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун бор куч-салоҳият ва имкониятларни ишга соламиз. Зотан, ҳар бир оила фаровонлигига, мустаҳкамлигига эришсак, маҳалла ҳам чин маънода обод масканга айланади.

Аҳмаджон АЪЛОХЎЖАЕВ,
вилоят  Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь