Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 04:37

Жамият

МАЪНАВИЯТИМИЗ ПОЙДЕВОРЛАРИ НУРАЯПТИ(МИ?) ЁХУД ҚАДАМЖОЛАРДА НИМА ГАПЛАР?

  • 29.Января.2021
  • 935

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги «Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Чуст туманида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тумандаги мавжуд моддий маданий объектларни асраш, таъмирлаш, тарихини дунёга таратиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида «Азизлар юрти» хайрия жамоат фонди ташкил этилган.

– Ҳамкор ташкилотлар ва саховатпеша ҳомийлар кўмагида тумандаги қирқдан ортиқ моддий маданий мерос объектларининг тарихини ўрганиб, имкон даражасида таъмирлаш ишларини олиб бордик, – дейди жамоат фонди раиси Собирхон Мўминов. – Ўрганиш давомида аниқланган камчилик-ларни бартараф этиш ва тўлиқ инвентаризация қилиш масаласини ЎзМТДП депутатлик гуруҳи томонидан туман кенгаши сессияси муҳокамасига киритганмиз. Натижада маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш департаменти билан ҳамкорликда мавжуд объектлардан 28 таси давлат кадастри рўйхатига олинди. 
Афсуски, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар ҳам йўқ эмас. Варзик қишлоғидаги Гуручпоя, Умаршайх Мирзо давридан қолган Боғишамол масканининг турли баҳоналар билан бузиб ташлангани, Каркидондаги «Лайлак уя» масжиди кимларнингдир ўтинхонасига айлантирилгани ва ҳудудлардаги еттита мадраса ҳамда шўролар давригача фаолият кўрсатган 105 та масжиднинг вайрон қилингани ҳақида кўп эшитганмиз, баъзиларига эса ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз.
Беш-ўн йил олдин ҳам фермерлик ҳаракати баҳонасида Ёрқишлоқ ва Тепақўрғон қишлоқлари ўртасидаги Мунчоқтепа, Қайирма қишлоғидаги Тиллатепа ва Қизилтепа каби адирликлар ерни кенгайтириш ҳисобига ўзлаштириб олинган.
Ғова қишлоғидаги 1912 йилда қурилган маҳаллий маданий мерос ҳисобланган Абдумалик номидаги масжид ҳам 2019 йилда аукционда сотиб юборилди. 

Жамоат фонди раиси бизни Камарсада маҳалласидаги қадамжога бошлади. «Сизларга кўрсатмоқчи бўлган жой мана шу бўлади», дея маҳалла фуқаролар йиғини биносини кўрсатди. Бинога туташ пишиқ ғиштдан қурилган девор орқасидан қандайдир тақир-туқур овозлар эшитилиб турибди. 
– Бу ерда тадбиркор мебель цехи очган, – деди овозларни изоҳлаган ҳамроҳим.

Маълум бўлишича, маҳалла балансидаги 170 йиллик тарихга эга «Қўш ҳовуз» масжидининг ҳолати ҳам юқорида таъкидлаб ўтилганлардан қолишмайди. Бу ерни таъмирлаб, маҳалла гузари ва музей ташкил этиш учун саъй-ҳаракатлар бошланган пайтда унинг ҳам эгаси чиқибди. 2019 йилда туман ҳокими қарори билан тадбиркорга «инъом» қилинган мазкур масканнинг бир четида мебель ишлаб чиқариш цехи ташкил қилинибди. Бир томони эса, аниқроғи, 8 сотих жой уй қуриш учун бировга бериб юборилган. Лекин уйнинг пойдевори маҳалла аҳли норози бўлгани учун бошланган иш тўхтатилибди. 
– Тадбиркорнинг бу ердаги шовқин-суронли техник мосламалар орқали олиб борилаётган фаолияти маҳалла аҳлининг тинчини бузаётгани ҳеч бир мутасаддини ташвишлантирмаяпти, – дейди шу маҳаллада яшовчи Расулжон ота Самижонов куюниб. – Шу масалада туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилишимизга қарамай, ижобий ечим топилмаяпти. Тадбиркор эса, «менга бошқа ҳудуддан, масалан, катта йўл бўйидан ер ажратиб беришса, бўшатиб беришим мумкин, чунки, бу ерга шахсий маблағимдан анчагина сармоя сарфладим», деган иддаосида қатъий. Наҳотки, яқин атрофдаги хонадонларда яшаётган кекса отахону онахонлар, хаста ётган, ногиронлиги бор беморлар, чақалоқларнинг аҳволи уларни қизиқтирмаса. Ахир, Президентимиз «Халқнинг розилигини олиш керак...» деган даъватлари бежизга эмас-ку?! Маҳалладаги маънавий-маърифий тадбирлар, маросимлар, турли байрамлар айнан мана шу ерда ўтказиб келинган. Ўрни келганда бу ерда жаноза ўқилган. Масжиддаги қозон-товоқ, гилам-палос, ҳатто қадимий катта, нақшинкор дарвоза ҳам «қулоғини ушлаб кетди».

Берилган маълумотларга кўра, Бофанда маҳалласида жойлашган бир неча йилларга гувоҳ бўлган Ғавс-ул Аъзам қадамжоси, Олмосдаги «Ўқли ота» зиёратгоҳи ҳам тадбиркорлар томонидан хусусийлаштиришга ҳаракатлар қилинмоқда. 
Варзикдаги «Сари қалъа»нинг ҳам тақдири юқорида кўрсатилган масканлардан қолишмайди. Маълумотларга таяниб айтиш мумкин, мазкур қадамжо тўрт минг йиллик тарихга гувоҳ. Ўз даврида қишлоқ аҳлига иссиқ-совуқ кунларида паноҳ бўлган, ташқи душманларнинг ҳужумидан омон сақлаган мазкур маскан эндиликда дилларни хуфтон қиладиган абгор ҳолга тушиб қолди. Ёши улуғларнинг айтишларича, «Бу ерда Наврўз байрами, турли кўнгилочар тадбирлар ўтказиларди. Пойтахтдан ва қўшни Тожикистон Республикасидан келган таниқли санъаткорлар иштирокида концертлар намойиш этиларди. Айнан мана шу жойдаги қишлоқ тарихини акс эттирувчи музей ҳам ўқувчиларнинг севимли масканларидан бири эди». 
Аслида бундай тарихий маданий меросларимизни оёқ ости қилмай, келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз. Давлатимиз раҳбари ҳам яқинда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида алоҳида урғу бериб, «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият», деб айтиб ўтдилар. 
Шундай экан, тумандаги мутасаддилар бу масалага жиддийроқ ёндошиб, алоҳида эътибор беришмаса бўлмайди. Ижобий натижалардан умидвормиз.

Шоҳида ДАМИНОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь