Қисқа сатрларда

Гуллар шаҳри нафосат ва гўзаллик оғушида!

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Майдонда МИБ ходимлари куч синашдилар

Мактабларни битирувчи ўғил-қизларимизга

Наманган халқаро фестиваль меҳмонларини кутиб олишга мунтазир

27 May, 2022, 08:50

Жамият

МАЪРИФАТГА ҲОМИЙЛИК

  • 28.Декабря.2021
  • 323

Буюк Соҳибқирон Амир Темурдан мерос бу фазилат миллатни юксалтириш баробарида унга саъй-ҳаракат қилган раҳбарни ҳам улуғлайди

 

2021 йил 26 декабрь. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов «Наманган ҳақиқати» ва «Наманганская правда» газеталари таҳририятига ташриф буюрди...

Ҳа, юзаки қараганда бу «газитга чиқариш»га арзимайдигандек гап: «Вилоят раҳбари кунда ўнлаб объектларда бўлиб, жойлардаги муаммоларни ўрганиб, ечимини топиб бериб юрибди, таҳририятга келиши ҳам унинг кун тартибидаги режаларидан бири-да», дейишингиз мумкин. Аммо, 1979 йилда «Матбуот уйи» очилиши маросимида Ўзкомпартия биринчи секретари Шароф Рашидович Рашидовнинг тарихий ташрифи ёки 1986 йилда обкомнинг биринчи секретари Назир Ражабовдан кейин бу даргоҳга биронта вилоят раҳбари келмаганлиги нуқтаи назаридан Шавкат Шокиржонович қадам ранжида қилганлигини муҳим воқеа, деб эътироф этсак муболағага йўймайсиз.
Зероким, бу қутлуғ қадам вилоят ҳокимлигининг ўзбекча ва русча газеталари босиб ўтиб келаётган бир асрлик йўлдаги кескин ижобий бурилиш, равонлашиш, юксалишнинг дебочаси ўлароқ катта аҳамиятга эга ва биз – журналистлар буни узоқ вақт умид ва ишонч билан кутган эдик. Шунинг учун бу санани юқоридагидек алоҳида ҳарфлар билан газетамиз саҳифаларида тарихга муҳрлаб қўйишни ўзимизнинг бурчимиз деб билдик.

Баҳорда маҳаллаларни айланиб юрган ҳокимимиз олдиларига бориб аҳволотимиздан хабардор қилиш учун таҳририятга таклиф қилганимизда  у киши самимий табассум билан: «Дардингиздан яхши хабардорман, лекин сизларнинг ҳузурингизга қуруқ қўл билан бориб бўлмайди, беш-олти миллиард сўм билан бориш керак ва албатта, мавриди келса бораман», дея мутойиба билан ваъда берган эдилар. Гапнинг очиғи, биз бу мавриднинг яқин-орада келишига унчалик ишонмаган эдик.  Мана, йил тугамай мутойиба чинга айланиб, ваъда амалга кўчди. Тегишли ўринбосарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар билан бирга автобусдан тушиб келган Шавкат Шокиржонович: «Ахийри, мени шу ерга олиб келдинглар-а, асрий орзуларинг ушалиб», дея яна очиқ чеҳра билан кўнгилларни кўтардилар. Шу ўринда бир мулоҳазаким, ҳурматли Президентимиз томонидан халқни рози  қилиш йўлида қўйилаётган кўламли вазифалар, ечимини кутиб ётган бири-биридан ўткир муаммолар сирасида баҳорда берган ваъдасини унутмагани қарийб уч миллион аҳоли ташвиши билан яшаётган вилоят раҳбарининг юраги қатида зимдан оғриқ бериб келганлигидан далолатдир.

«Асрий орзулар» дейилган гап асло муболаға ёки поэтик пафос эмас. Негаки,  қандай номланишидан қатъи назар фақат жамият равнақи йўлидаги эзгу ғоялар тарғиботига хизмат қилиб келаётган «Наманган ҳақиқати» газетасида ўтган бир аср мобайнида йигирма беш нафар бош муҳаррир, юзлаб забардаст журналистлар ишлаб ўтган бўлсалар, вилоят раҳбарининг бундай катта эътибори, унинг ташрифи билан бошланажак ижобий ўзгаришлар улар учун ушалмаган орзу, яъниким армонга айланган бўлса неажаб!

Дарҳақиқат, «Наманган ҳақиқати» газетаси 1979 йилда фойдаланишга топширилган собиқ «Матбуот уйи»нинг учинчи қаватида жойлашган. Албатта, бино ўз даврида вилоятнинг энг кўркам, ҳавасга арзигулик бўлганига шубҳа йўқ. Лекин орадан қирқ уч йил ўтди. Уч-тўрт йилда бир таъмирлаб турилмаса ҳар қандай иншоот ҳам эскиради. Йиллар эътибордан четда қолган «Матбуот уйи»ни ҳам қаритди, ҳоритди. Айниқса, бугунга келиб замонавий меъморчилик андозаларда деярли янги, навқирон қиёфа акс этаётган Наманганимиз марказидаги энг кўримсиз иморатга айланиб қолди. Бино ичидаги шарт-шароитлар ҳам замондан ортда қолди: ёзда - иссиқ, қишда -  совуқ, жиҳозлар собиқ тузум даврини эсга солади. Таҳририятимизнинг биринчи хонасига кирилгандаёқ Шавкат Шокиржонович буни юрак-юракдан ҳис этган ҳолда топқирлик билан қайд этдилар: «Эркин Комилов роль ўйнаган бир кино бор эди, шу ерда суратга олинган, номи «Юзсиз»миди? Хоналар ўша даврда қандай бўлса шундай турган экан-да, а?!» («Юзсиз» фильми 80-йиллар бошида шу таҳририятда суратга олинганлигини, ҳатто ҳозир бу даргоҳда ишлаётганларнинг ҳам кўпчилиги билмайди). Ҳа, бу аччиқ ҳақиқатни вилоят раҳбарининг жуда топиб айтган ва ҳеч кимнинг хаёлига келмаган мана шу қисқа-лўнда гапидан ўтказиб ифодалаш, тасвирлаш мушкул.

Вилоят ҳокими томонидан таҳририятимизнинг барча хоналарида ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиш асносида иқтисодий ҳолатимиз, газетанинг адади ва бошқа муаммолар билан батафсил қизиқиб, фаолиятимизни ривожлантириш учун нима ишлар қилиш кераклиги хусусида бизга ва дахлдор мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар, маслаҳатлар берилди. 
Хуллас, вилоят раҳбари тақдим этилган лойиҳа асосида таҳририят биносини замонавий андозаларда реконструкция қилиш, қайта жиҳозлаш, бу ерда ишлаётганларнинг меҳнат ва бошқа ижтимоий шароитларини яхшилаш, таҳририят билан ижара шартномаси асосида фаолият кўрсатаётган «Namangan Poligraf-Press» МЧЖ кичик босмахонасини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали энг илғор технологиялар келтириб замонавий босмахона сифатида ривожлантириш, мухтасар айтганда собиқ «Матбуот уйи»ни давр талабига мос медиамарказга айлантиришга қарор қилди ва бу ишларни янги йилнинг 15 январидан кечиктирмай бошлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Бундай эътибор ва ғамхўрликдан жамоамизнинг кўнгли нақадар кўтарилганлигини сўз билан таърифлаш қийин. Душанба куни ишга келсак, ҳамманинг юз-кўзида қувонч порлаган, илгаригидек, «душанба – оғир кун»нинг оғирлиги йўқ, руҳиятлар бардам, ҳамкасблар ўзаро муборакбод этишаётган...
Ҳурматли Президентимиз вилоятимизга ҳар галги ташрифларида Наманганимизнинг қай бир жиҳатини алоҳида эътироф этиб, бу борада «Наманган тажрибаси»ни оммалаштириш лозимлигини таъкидлайдилар. Мана энди, мавриди келибди, ҳокимимизнинг вилоят ҳокимлиги нашрларини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, журналистлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, рағбатлантириш борасидаги эзгу ташаббуси ҳам давлатимиз раҳбарининг оммавий ахборот воситаларига қаратаётган катта эътиборига ҳамоҳанг саъй-ҳаракат сифатида бутун юртимизга намуна бўлгай!  

Акрамжон САТТОРОВ.
«Наманган ҳақиқати» газетасининг бош муҳаррири.
«Дўстлик» ордени соҳиби.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь