Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

15 May, 2024, 10:45

Жамият

МАРҲУМЛАР ҲАМ СУFУРТАЛАНАДИМИ?! ЁКИ "АНТИҚА" ПОЛИС ТАФСИЛОТИ

  • 26.Ноября.2020
  • 1013

Шу йилнинг 17 ноябрь куни биз истиқомат қиладиган «Ибрат» маҳалласи фаоллари ўғлим Жавлонга телефон орқали «Ота-онангизнинг пенсиясини олиб кетинглар» дейишибди. Бу – яхши. Бироқ, ўғлим келгач, ноябрь ойи учун пенсиямизга «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясининг 0004892 рақамли полисини қўшиб беришибди. 
– Бу нима? – деб сўрадим ўғлимдан.
– Маҳалла раиси хонасига кирганимда у ерда раис Бекмурод Адашев билан бирга суғурта идораси вакили, пенсия берувчи шахс ва яна бир киши бор экан. Улардан бири ноябрь ойи учун пенсиянгизни бергандан сўнг ведомостга қўл қўйдирди. Кейин бошқа қоғозга ҳам қўл қўйдиришгач, олдиндан тайёрлаб қўйилган мана шу қоғозни қўлимга тутқазишди. Эвазига пенсия пулингиздан 15 минг сўм  бердим ва  «Бу нима?» – деб сўрадим,  «Суғурта полиси», дейишгач, олдим-у келавердим.
Ўғлим полис қоғозига имзо чекиб олган, бироқ у кимнинг номига расмийлаштирилганига эътибор бермай олиб келаверган экан. Бунга ҳам чидаш мумкиндир, балки. Аммо ва яна аммолар бўлсинким... 
Компания томонидан ишлаб чиқарилган мазкур полиснинг муқовасини йигит-қизнинг бежирим сурати безаб турибди. Чиндан-да дид билан сайқал берилган полис қоғозини очиб кўрарканман, рости гап шошиб қолдим. Чунки полис бундан 45 йил аввал вафот этган дадамнинг номларига расмийлаштирилган эди... Бу тушимми ё ўнгим?!.  
Ажабо!? Вафот этган одам суғурталанибди!? Бу воқеадан на кулишни, на йиғлашни биласан.  

Мазкур воқеадан сўнг менда савол пайдо бўлди: бу суғурта мажбурийми ёки ихтиёрий? Полисда кўрсатилган (71) 207-60-00 телефон рақамига қўнғироқ қилдим ва жавоб берган одамга ўзимни таништиргач, юқоридаги саволни бердим.  У эса:
– «Ўзбекинвест» компанияси оператори Салоҳиддинов Аброрман, – деди ва – суғурталаш ихтиёрий, – деб қўшиб қўйди.
Шундан сўнг юқоридаги масала юзасидан маҳалла раиси Бекмурод Адашев билан телефонда боғландим ва ундан вилоятдаги суғурта идорасининг (99) 010-05-05 рақамли телефонини олиб, қўнғироқ қилдим. Гўшакни кўтарган одам ўзини Олимжон деб таништирди. Ундан ҳам суғуртанинг мажбурий ёки йўқлиги ҳақида сўрадим. Жавоб яна «ихтиёрий» бўлди...
Умуман, суғурта компания ходимлари пенсия тарқатаётган халқ банки кассирлари билан бирга юриб одамлардан сўрамай-нетмай маҳалла раиси ёрдамида суғурта полисларни расмийлаштиришини қандай тушунмоқ керак? Ахир паспорт инсонга нима учун берилган? Ҳар қандай ҳужжат расмийлаштирилганда паспорт асос қилиб олинмайдими?  Кимнингдир оғзаки гапи билан тўлдирилган ҳужжатда бирор ҳарфи ўзгариб қолса ҳам у бошқа одамга айланиши мумкин-ку! Дейлик, менга  берилган суғурта қоғозига асосан «Ўзбекинвест»дан ёрдам олиш зарурати пайдо бўлса улар мени тан олишадими? Аминманки, йўқ! Қирқ беш йил муқаддам вафот этган дадамни тирилтириб келиш эса минг бор имконсиз.
«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси ходимлари саводсиз эмасдир. Лекин 45 йил аввал вафот этган одамга имтиёзлар ваъда қилинган суғурта полисини нима билан изоҳлайлик?!
Ниҳоят, Ибрат маҳал-ласи раиси  Бекмурод Адашев, «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси вилоят бўлими бошлиғи Олимхон Абдулманиев, Мунаввархўжа Азизов, суғурта агенти Озода Абдулазизова ва яна уч киши телефон орқали қилган сўровимга биноан уйимизга келишди. Салом-аликдан сўнг суғурта полиси ҳақида сўз очилди. Ҳар икки томон ҳам ўзимизча ҳақлигимизни исбот қилишга уриндик... Маҳалла раиси ва суғурта агентининг гап-сўзларидан англадимки, улар айбдор эмас. Маълум бўлишича, ўғлим ўзи суғуртага аъзо бўламан, деб 15 минг сўм тўлаган ва 45 йил аввал (бу пайтда ҳали уйланмаган эдим) вафот этган дадамнинг фамилиясини айтиб туриб ёздирган. Суғурта полиси бизнинг уйимизга қандай келиб қолганини эса юқорида ўғлим айтди. 
Азиз газетхонлар! Сезиб турибман, бу чўпчакнамо воқеадан сиз ҳам ажабланяпсиз!  
Муҳтарам маҳалла раиси ва унинг амалий ёрдами билан суғурта полисини пенсионерларга ўтказаётган азиз жаноблар! Менинг оилали, фарзандлари бор, 35 ёшли ўғлим ўзи кўрмаган, тасаввурга эга бўлмаган ва 45 йил аввал вафот этган дадам билан менинг исми-фамилиямни фарқига бормайдиган саводсиз ҳам дейлик. Сизлар ҳақсизлар, ўғлим айбдор ҳам дейлик. Унда сиздай саводли, нуфузли идораларнинг зиёли мутасаддилари олтинга тенг, нақ 40 дақиқа вақтларингни дарвозамиз олдида ўтказишларингдан муддао нима эди?! 
Иккинчидан, менинг пенсия пулимни ўғлимга бериб юборинг, деб ким айтди? Пенсиямни ўзим олганимда ҳам паспортим талаб қилиниши шарт бўлган бир пайтда кассирнинг менга тегишли пенсияни ўғлимга беришга (ишонч қоғози ёки пенсия пулимни олишга  ваколат берувчи хужжати бўлмаган ҳолда) ҳаққи борми? 
Учинчидан, мени номимдан мени суғуртага аъзо қилишга нечоғли ҳақсизлар?
Мухтасар қилиб айтганда, сизларни овора қилганимдан  андаккина хижолат ҳам бўлдим. Сизларга ҳам осон эмас... Аммо... 
Президентимиз ташаббуси билан олға сурилган «Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш» мавзусининг бош ғояси «Ватанни севмоқ иймондандир» экан, барчамиз ана шу табаррук ҳикматга амал қилишимиз ва виждонга итоат этмоғлигимиз зарур деб ўйлайман. Бу пурмаъно ҳикмат маъносини юқорида қаламга олинган ҳамюртларимиз яна-да теранроқ ҳис этишлари, қолаверса мана шундай кўнгилсизлик бошқа фуқаролар билан юз бермаслигининг олдини олиш мақсадида ушбуни қораладим. Бундан қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Мен эса касбим тақозоси билан виждон амрига бўйсиндим. Зеро, Президентимиз талаби ҳам шу, аслида.

Қамбарали ИБРАГИМОВ,
фахрий журналист.
Янгиқўрғон тумани.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь