Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

15 May, 2024, 11:23

Жамият

МИБ: УЧ ЙИЛДА 1 ТРИЛЛИОН 691 МИЛЛИАРД

  • 30.Мая.2020
  • 941

Кеча Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолият бошлаганига роппа-роса уч йил тўлди. Мухбиримизнинг МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Дилмурод УМАРАЛИЕВ  билан қилган суҳбати ҳам ўтган даврда амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида бўлди. 


– Маълумингизким, сўнгги йилларда республикамизда электр энергияси ва табиий газ ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ ҳамда узлуксиз таъминлаш, технологик жиҳатдан ва маънавий эскирган инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича амалий чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан таъсирчан механизмлар яратилди. 
Бунинг самарасини биргина вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин: бюро ташкил этилганидан бери вилоятимизда энергия ресурслари соҳасида истеъмолчилардан жами 1 трлн. 691 млрд. сўм маблағ ундирилишига эришилди. Бу эса бюро ташкил этилмасидан олдинги кўрсаткичга нисбатан  (масалан, 2015 йил ноябрдан 2017 йил майгача) 439 млрд. 468 млн. сўм ёки 52,6 фоизга кўп демакдир. Биргина шу рақамнинг ўзиёқ соҳада тўлов интизоми йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганидан далолат эмасми! Шу ўринда яна бир жиҳат, ҳозирда бир нафар давлат инспекторимиз таъминотчи корхоналарнинг олти нафар назоратчисининг иш ҳажмини бажармоқда.  


– Бюро ташкил этилганидан бери уч йил вақт ўтди. Орада соҳа фаолиятига оид бир қатор янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди, демакки зиммадаги масъулият ҳам ортди...
– Тўғри, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, маблағларни ҳаққоний ундириш ва бу борада суиистеъмоллик ҳолатларига чек қўйиш ҳамда уларнинг олдини олиш  бюронинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди. Бу йўналишда ҳам давлат ижрочилари ишининг тўғри ташкил қилингани, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жадал киритилиши натижасида 2019 йилнинг ўзида шаҳар ва туманлар бўлимлари иш юритувидаги 258.901 та ижро ҳужжатининг 213.422 таси ижроси тўлиқ таъминланди. Бу ҳар бир давлат ижрочисига  ўртача 105 тадан тамомланган ижро ҳужжати тўғри келди, деган эди.
Шу ўринда, сўнгги йилларда истеъмолчиларнинг тўлов интизомига бўлган маданияти ва суд қарорларини ижро этиш бўйича муносабати ўзгарганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Хусусан, йиллар давомида аҳоли норозилигига сабаб бўлиб келган нореал қарздорликнинг келиб чиқиши омиллари ва уни юзага келтирган  айбдорларни аниқлаб, жавобгарликка тортиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. 
Ўтган йилнинг ўзида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида энергия ресурслари ва сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиб олган ҳолда юқорида номлари келтирилган корхоналарга 8 млрд. 980 млн. сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Масалан, бюронинг Наманган шаҳар бўлими тезкор шўъбаси ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида якка тартибдаги тадбиркор А.Тўхтабаев ўз хонадонида ташкил этган қандолатчилик цехида электр энергиясидан хуфёна равишда фойдаланиб келган. Боз устига у электр ҳисоблагичнинг улаш схемасини ўзгартириб, хотира блоки ва унинг дастурлашдан фойдаланиш тугмасига ташқаридан таъсир кўрсатган. Ўрганишлар давомида А. Тўхтабаев томонидан таъминотчи корхонага етказилган зарар 46.036.200 сўмни ташкил этгани аниқланди ва мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бюрога юклатилган суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш йўналишида алимент ундирувлари билан боғлиқ ишларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 2019 йилнинг ўзида 43.865 та алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати асосида 2,5 млрд. сўм алимент ундирилишига эришилди. Ўз ўрнида кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда оилаларни яраштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг ўзида 1200 дан ортиқ оилаларни яраштиришга эришилди. 


– Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида натижалар қандай?   
– Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, бюро ташкил этилганидан бери бошқармага келиб тушган 8456 та мурожаатнинг 7527 таси белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, 3064 таси қаноатлантирилган бўлса, 140 таси рад этилди. 4311 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 67 таси тегишлилиги бўйича бошқа идора ва ташкилотларга юборилди. Ушбу мурожаатларни ўрганиб чиқиш жараёнида 3114 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланиб, 6 млрд. 200 млн. сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилди. 3000 нафар қарздорнинг иш жойига қарздорликни иш ҳақига қаратиш юзасидан талабнома юборилди,  16737 нафар шахснинг четга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланди. 
Шу билан бирга, бевосита аҳоли билан мулоқот қилиш, мурожаатларни  жойида кўриб, уларга ечим топиш мақсадида сайёр қабуллар ҳам ташкил этилмоқда. Шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш учун жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳам кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган.  
Эътирофга лойиқ яна бир жиҳат: бюро фаолиятини тартибга солиб турувчи меъёрий ҳужжатларда кам таъминланган оилалар ёки маълум тоифадаги гуруҳлар учун имтиёз  ёки алоҳида тартиб белгиланмаган. Бироқ фаолиятимизда бу жараёнга инсонпарварлик тамойили асосида ёндошиб келинмоқда ва коммунал тўловлардан қарздор оилаларга ҳомийлар жалб этилиб, тўловларга ёрдам берилмоқда.  Шу йилнинг ўтган даврида юздан ортиқ шундай оиланинг салкам 23 млн. сўмлик қарзи ҳомийлик ёрдами билан бартараф этилди. 

– Ҳозирда дунёнинг кўпгина мамлакатлари сингари юртимизда ҳам коронавирусга қарши кураш олиб бориляпти. Аммо истеъмолчиларнинг коммунал хизматларга бўлган эҳтиёжи асло камайгани йўқ?
– 2019 йилда  вилоятимизнинг ўзида истеъмолчиларга 1 трлн. 52.2 млрд. сўмлик электр энергияси етказиб берилган бўлса, жорий йил ўтган даврида бу рақам 457,1 млрд. сўмни ташкил этди. Бунча миқдордаги электр энергиясини, шунингдек, табиий газ, ичимлик сувини етказиб бериш учун эса анчагина маблағ ва меҳнат талаб қилиниши барчага аён. Шундан келиб чиқиб биз жойларда фойдаланилган хизматлар учун тўловларни махсус кассалар орқали, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда қабул қилинишига қаттиқ эътибор қиляпмиз. Ҳар бир фуқаронинг тан ҳарорати ўлчаниб, антисептик воситалари билан дезинфекция қилинмоқда. Маҳаллаларда  сайёр кассалар ташкил этишга, уларда ҳам санитар қоидаларга қатъий амал қилинишига эътибор қаратиляпти.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Келгуси фаолиятингизда улкан муваффақиятлар ёр бўлсин, деймиз. 

 

Суҳбатдош Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь