Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

18 May, 2024, 08:06

Жамият

МОШНАМИЗНИ ҚАЕРГА ҚЎЯЙЛИК?! ЁКИ БИРИ ИККИНЧИСИНИ ЕТАКЛАЁТГАН КАМЧИЛИКЛАР ҚАЧОН ҲАЛ ЭТИЛАДИ?

  • 17.Марта.2021
  • 888

Пиёдалар йўлаги – тетапоя бўлиб йўлга кирган  болакайдан тортиб, ҳассасига таянганча қадам ташлаётган отахону онахонлар учун ҳам бирдек  зарурият. Айниқса, бозорлар ён-атрофидаги  йўлаклар  бу борада беқиёс аҳамиятга молик қулайлик ҳисобланади. Лекин кейинги пайтларда наинки катта асфальт йўл четларини,  балки, пиёдалар йўлаклариниям  машиналару кунда-шунда ёймачилар  ишғол қилгани сабабли тирбандликлар юзага келиб, аёлу эркак, ёшу қари, таъбир жоиз бўлса, елкама-елка-ю юзма-юз тўқнашиб кетмоқда. Эркин қадам ташлашга-да имкон йўқ!? Масалан, аввалроқ, Наманган шаҳридаги «Сардоба» бозори дарвозасининг ён қисмидаги пиёдалар йўлагида  «савдо растаси»ни қуриб олган бир неча кишининг  қўлбола «магазини»  бартараф этилганди. Маломатчилардан бирининг айтишича, «ўша «савдо растаси» эгаларининг тирикчилиги, оиласи нима бўлади? Шулар  оиласини боқиб турувди...»  эмиш?!  

Хўп, «иши»дан айрилганларнинг қарамоғида неча киши бор-у  уларнинг «растаси» боис йўлида тўсиққа дуч келаётган пиёдаларнинг адади қанча?! Бир ҳовучнинг тирикчилигини деб, кунига шу йўлакдан юрувчи ўн мингларнинг манфаати,  эркагу  аёлларнинг аралашу қуралашлиги, тегиниб-туртилиб, ноқулай вазиятда юришга мажбур бўлаётгани ҳақида  ким бошқотиради?! Эътиқодимизда, динимиз кўрсатмаларида, агарда йўловчилар учун ғов ва ноқулайлик ҳисобланса, ҳатто,  йўлдаги масжидни бузишга-да рухсат этилади-ку?!  
Истисно тариқасида, кунларнинг бирида ана шу гавжумликлар барҳам топиб, йўлаклар алланечук соявурлашиб,  тартиблашиб, тозаланиб, сувлар сепилади ва рисоладагидек кенгайиб қолади.  Беихтиёр: «Нима гап?» - деворасиз. «Комиссия келаркан», деган жавобни  эшитгач, «Ҳа-а, энди бундан буён зора  мана шу тартиб таомили барқарор бўлса», деган орзу  хаёлни чулғайди. Бироқ минг афсуски, орадан  икки-уч кун ўтгач, яна ўша эски тос, эски ҳаммом... 
Таъкидлаб ўтилган муаммолар калавасининг бир учи бугунги кунимизда автомобилларнинг тобора кўпайиб бораётганлиги. Бошқача ифодалаганда, шаҳар  кўчаларидаги автотураргоҳлар тақчиллигида яққол намоён бўлмоқда. ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳам жуда долзарблашган. Эътироф этишимиз шартки,  бирмунча мушкуллашган. Чунки қоидани бузиб, жаримага тушган ҳайдовчиям  «Мошнамизни қаерга қўяйлик?!» дея ўзини оқлашга уринади.

АСОСЛИ ТАКЛИФЛАРИМИЗ БОР

– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида бозорлар, савдо мажмуалари атрофида транспорт воситаларини тартибсиз қўйиб кетилишининг олдини олиш, автотураргоҳлар ташкил этиш борасида   бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди  вилоят ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Эралиев. – Лекин тан олишимиз керакки, Наманган шаҳридаги «Чорсу» ва «Сардоба» бозорлари атрофидаги кўча-йўл тармоқларида автомобиллар тирбандлигини камайтириш,  автотураргоҳлар ташкил этиш борасида бир қатор камчиликлар мавжуд. 
«Чорсу» деҳқон бозорига кунига 40000 нафардан зиёд фуқаро ва 5000 тадан ортиқ транспорт воситаси келади. Бозор атрофидаги автотураргоҳлар сиғими эса бундай рақамларга мутаносиб эмас. Шунинг учун  Уйчи, Навоий, Самарқанд ва Кўзагарлик кўчаларининг ҳар икки томонига машиналарни  тартибсиз қўйиб кетилиши натижасида  тирбандликлар  юзага келиб, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бозор бош лойиҳасида ташкил этилиши  кўрсатилган 4 та автотураргоҳдан фақат 1 тасигина фаолият юритяпти, холос. 
Самарқанд кўчасига кириш жойида кўп қаватли автотураргоҳ  қурилиши режалаштирилган. Аммо бу жойда савдо дўкони ва  кўп қаватли уй қурилмоқда. Худди шундай,  Мулла Қирғиз мадрасаси ёнида ва «Чорсу» меҳмонхонаси орқасида жойлашган 5000 кв. метр майдонда 200 та транспортга мўлжалланган  автотураргоҳлар қурилиши олиб борилмаётганлиги учун бу жойларда фуқаролар савдо-сотиқ билан шуғулланмоқда. Бозор ички ҳудудидаги 7200 кв.метр майдонда 250 та  сиғимга эга автотураргоҳ учун ажратилган ер майдонидаги 7 та хонадон кўчирилмасдан, унинг атрофида улгуржи савдо бозори ташкил этилган.
«Сардоба»  бозорининг  орқа томонида ташкил этилган автотураргоҳ ўрнида  савдо расталари ўрнатилганлиги ва  йўловчи ташувчи транспортлар учун  бош бекатлар  ташкил этилмаётганлиги сабабли, бозорга келган фуқаролар машиналарини  Навоий ва Қўқон кўчалари четида тартибсиз қолдириб,  бошқаларнинг хавфсиз  ҳамда  бетўхтов ҳаракатига раҳна солмоқда. Умуман, Алишер Навоий кўчасидаги  8300 кв.метр майдонда 550 та транспорт сиғдирадиган  автотураргоҳ ўрнида ноқонуний савдо расталари жойлашиб олгани  сабабли транспортларнинг кириб-чиқишига халақит бермоқда. Боз устига  Қўқон кўчасида жойлашган автобус бекатида Наманган, Мингбулоқ туманлари ва шаҳар атрофига қатновчи жамоат транспортларининг тўхтаб туриши ҳамда йўлакларда савдо расталари очиб, савдо қилинишига йўл қўйилаётганлиги ортидан  доимий тирбандлик юзага келмоқда. Юқорида келтириб ўтилган муаммоларни инобатга олиб, Наманган шаҳар ҳудудидаги бозорлар атрофида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидагилар таклиф этилади:
- «Чорсу» бозорига Самарқанд кўчаси орқали кириш жойида режалаштирилган автотураргоҳ қуриш чораларини пайсалга солмаслик; 
- «Чорсу» деҳқон бозори билан Уйчи кўчаси оралиғида жойлашган кўкаламзорлаштирилган жойда 500  сиғимга эга автотураргоҳ қуриш юзасидан тегишли чора-тадбирларни  белгилаш;
- Самарқанд кўчасига кириш жойида қурилаётган савдо дўкони ва  кўп қаватли уйнинг 1- қаватида  автотураргоҳ ташкил этиш;  
- Навоий ва Уйчи кўчаларидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари олдида камида 10 тадан транспорт сиғимига эга тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
- «Сардоба» бозори атрофида аҳоли уйларини бузиш ҳисобидан қўшимча қўриқланадиган автотураргоҳ ташкил этиш;
- Навоий ва Қўқон кўчаларидаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш тармоқлари олдида камида 10 тадан транспорт сиғимига эга тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш;
- «Сардоба» бозори  олдида,  Навоий ва Қўқон кўчаларида пиёдаларнинг ерости  ёки ерусти ўтиш жойларини қуриш; 
- «Ал-Ибрат» МЧЖ томонидан қурилиши лойиҳалаштирилган 375 ўринли кўп қаватли автотураргоҳ қурилишини жадаллаштириш ва кўрсатилган жойдаги савдо расталарини олдириш ҳисобидан автотураргоҳ сиғимини кенгайтириш;
- туманлар ва шаҳар атрофидан қатновчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари йўналишлари бўйича бош бекатлар ташкил этиш ва уларни назорат қилувчи йўловчи ташиш уюшмаларининг  масъулиятини ошириш.
Бозорлар атрофида тақиқловчи йўл белгилари таъсирида турган транспорт воситалари қоидабузарлигини автоматлаштирилган тизимда онлайн тарзда ишлайдиган фото-видео қайд этиш камераларини  ўрнатиш зарур. Ва яна шуларни алоҳида қайд этиш  ўринлики, Наманган  шаҳри ҳудудида тирбандликларнинг олдини олиш ва автотураргоҳ ташкил этиш  юзасидан 2020 йилнинг февраль ойидан ноябригача бўлган муддатда вилоят ва  Наманган шаҳар ҳокимига бир нечта тақдимнома  ҳамда  ахборотлар киритилган бўлса-да, шу кунгача зарур чора-тадбирлар белгиланмади. 

МЕЪЁРИЙ ТАЛАБЛАР БЕЛГИЛАБ ҚЎЙИЛГАН

– Савдо мажмуалари ва  кўп қаватли турар-жойлар ёки бошқа ижтимоий инфратузилма иншоотларининг жойлашиши шаҳарсозлик бош лойиҳаларида акс эттирилган бўлади, - дейди вилоят қурилиш бош бошқармаси  бўлим бошлиғи Комилжон Обиддинов. – Мисол учун Наманган вилоятининг маъмурий маркази бўлган Наманган шаҳри бош режаси 2019-2020 йиллар давомида «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК томонидан ишлаб чиқилди ва 2020 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги республика архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг йиғилиши муҳокамасида кўриб чиқилди.
Бош режа шаҳарнинг 30-40 йиллик ривожланишини назарда тутган ҳолда лойиҳалаштирилади. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ривожлантирилиши учун ҳудуд меъморий-режавий ечимларнинг техник-иқтисодий, санитария-гигиеник кўрсаткичлари кўриб чиқилади. Ёқилғи-энергетик, сув, ҳудудий захиралар, атроф-муҳит ҳолатининг вариантларини таққослаш асосида, табиий ва бошқа шароитларнинг келажакдаги ўзгариши бўйича прогнозларни, ушбу ҳудудлардан оқилона функционал фойдаланиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда танланади.
Шунингдек, бош режада бино-иншоотлар, ташриф буюрувчилар учун автотураргоҳлар ҳам  шаҳарсозлик талаблари  меъёрлари бўйича лойиҳаланади. 

ХУЛОСАНИ  МУТАСАДДИЛАРГА ҲАВОЛА ҚИЛАМИЗ

Мақоламиз мавзуси доирасидаги мулоҳазаларни давом эттириб, алоҳида қайд этишимиз зарурки, мамлакатимизда бўлганидек, бутун вилоятимизнинг туман  ва шаҳарларида  кўп қаватли уйлар ва савдо мажмуалари қурилиши айни авж паллада бўлгани ҳолда, буларнинг ҳудудида ташкил этилиши режаланган автотураргоҳлардан кўнгил тўлмайди ёки эътибордан четда қолаётгандай. Ва бу масала  албатта, қисқа муддатларда бартараф этиладиган муаммолар сирасидандир, дейишга асосимиз йўқ. Қолаверса, марказий шаҳарлар автомобиль йўлларидаги тиғиз тирбандлик ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилаётган ва туну кун ечими изланаётган чигалроқ бошқотирма сифатида масъул мутасаддиларнинг, мутахассисларнинг диққат-эътиборини тортаётган  вазифалардандир. Демак, ташаббус ва асосли  таклифларни инобатга олиб, амалий  ишларга дадил чоғланиш айнан соҳа ходимларининг эътиборига ҳаволадир.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ, 
«Наманган ҳақиқати»нинг  махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь