Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 06:53

Жамият

Муҳими – муаммони ҳал этиш

  • 15.Января.2024
  • 128

Халқ мурожаатлари билан ишлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Бугунги давр ислоҳотлари замирида халқимизнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, одамларимизнинг бахтли яшашини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам. Халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ижобий ҳал этиш масалалари давлат органлари раҳбарларининг асосий вазифасига айланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят Халқ қабулхонаси томонидан ўтган йил якунлари бўйича қандай ишлар амалга оширилди? Мухбиримизнинг қабулхона мудири Баҳодир ЮСУПОВ билан суҳбати ана шу  ҳақда бўлди.

– Баҳодир Турсунович, 2023 йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали вилоятимиз аҳолисининг мурожаати 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга камайган. Ушбу кўрсаткич нимани изоҳлайди?

– Вилоятимиз аҳолиси томонидан 89,1 мингта мурожаат келиб тушган. Вилоят ҳокимлигининг ҳафталик қўшма мажлисларида вилоят Халқ қабулхонасининг давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати бўйича таҳлилий ва танқидий маълумотлари асосида муҳокамалар ўтказилиб, соҳа раҳбарларига мунтазам равишда аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилиши ва режа-жадвал асосида сайёр қабуллар ўтказилиши, аниқланган асосли муаммоларга ижобий ечим топиш чораларини кўриш тўғрисида тавсия, кўрсатма ва топшириқлар бериб келинган.

Бундан ташқари, энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган масалаларни муҳокама қилиш учун халқ депутатлари ҳудудий Кенгашларига секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан 58 та, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлиги тўғрисида 180 та ахборот киритилиб, 264 нафар раҳбарнинг ҳисоботлари эшитилган.

– Вилоятимиздаги давлат ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги натижалари қандай? 

– Ўтган йилда Давлат солиқ идоралари, Кадастр агентлиги, Давлат кадастрлари палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, мактаб ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалиги бошқармалари, газ, сув, электр тармоқлари ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ўрганилди. 

Ўрганиш якунига кўра, тегишли давлат идоралари ва ташкилотларига 298 та тақдимнома, 325 та таклиф ва 893 та кўрсатмалар берилди. Натижада, 183 нафар ходим огоҳлантириш, 232 нафари интизомий, 14 нафари лавозимидан озод этилди ва 136 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди.

– Мурожаатларни ҳал этиш борасида қандай муаммолар бор, уларни тизимли равишда бартараф этиш чоралари ҳам кўрилмоқдами?

– Қабуллар жойида ва вақтида ўтказилмаслиги, мазкур йўналишдаги тадбирларнинг ўтказилиш жойидан фуқароларнинг бехабар қолиши муаммоларга сабаб бўлмоқда. Шу боисдан бўлса керак, маҳалла ёки туман миқёсида ҳал этиладиган масала айнан Президент Администрацияси ва бошқа юқори идораларга мурожаатларнинг ортиб кетишига олиб келмоқда. 

Қабулларда мавҳум «кўриб чиқиш белгиланди», «назоратга олинди», шунингдек, бошқа идораларга «ваколатингиз доирасида кўриб чиқиб, мурожаатчига жавоб йўллашингизни сўрайман» каби жавоблар берилиши ортидан мурожаатларнинг ортишига йўл қўйилганлиги назоратга олинди. Бу борада секторлар раҳбарларига кўрсатмалар берилди.

Натижада ҳозирги кунда сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказиладиган маҳаллага белгиланган муддатдан 1 соат аввал олдин борилиб, маҳалла кўчалари ва аҳоли хонадонларига кирилиб, муаммолар ўрганилмоқда.

Секторлар, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий, сайёр қабуллари Халқ қабулхоналари билан келишилган ва тасдиқланган жадваллар асосида ташкил этилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 3 931 та сайёр оммавий қабул ўтказилиб, фуқароларнинг 16 585 та мурожаатларидан 13 000 таси қаноатлантирилган. 

– «Бир халқ қабулхонаси – бир маҳалла» мезони асосида халқ қабулхонаси ташаббуси асосида ташкил этилган ишлар ҳудудларни ҳақиқий маънода обод масканларга айлантириб юборди.  

– 2023 йилда вилоят Халқ қабулхонасининг ташаббуси билан ҳар бир туман (шаҳар)-да танланган бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий юксалтириш, хусусан, шу маҳаллада яшовчи фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш орқали мурожаатларига барҳам бериш юзасидан тегишли тавсиялар ва дастурлар ишлаб чиқилди.

Наманган шаҳрида Яккатут, Наманган туманида Миришкор, Косонсойда Янги йўл, Мингбулоқда Қозоқовул, Норинда Юқори Чўжа, Попда Ўрта Марғизор, Тўрақўрғонда Бирлашган, Уйчида Соку, Учқўрғонда Каттачек, Чортоқда Мустақиллик, Чустда Қоратепа, Давлатободда Гулобод, Янги Наманган туманида Меҳнатобод ва Янгиқўрғонда Соҳибкор маҳаллалари танлаб олиниб, хонадонларнинг ташқи ва ички фасад қисми, тандир-ўчоқ ва ҳожатхонаси таъмирланди, томорқалари тартибга келтирилиб, кўчалар ободонлаштирилди.

Бундан ташқари, «Энг ораста хонадон», «Энг гулзор хонадон», «Энг китобхон хонадон», «Энг меҳрибон қайнона», «Энг спортсевар оила», «Маҳалланинг энг билимдон боласи», «Энг сермаҳсул ўқитувчи» (фанлар кесимида), «Энг мазмунли сумалак пишириш кечаси», «Энг саховатли тадбиркор», «Мини футбол, кўчалараро маҳалла биринчилиги» каби турли кўрик-танловлар ва спорт мусоқабалари ўтказилди. 

Вилоят Халқ қабулхонаси раҳбарлиги ва тавсия-кўрсатмалари асосида ҳудудий Халқ қабулхоналари томонидан хонадонларнинг олд томонига цементдан йўлаклар қилинди, аҳоли томорқаларида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳар бир хонадонда тўқсонбости зиравор экинлари экиш учун иссиқхоналар (парник) ташкил этилди.

Тунги ёритиш қурилмалари ва электр ҳисоблагич (счётчик) ўрнатилиб, тажриба тариқасида тунги ёритгич сарфлаган электр энергиясининг ҳақини аҳоли томонидан тўлаш амалиёти жорий қилинди.   

Аҳолининг маънавияти ҳамда ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида ҳар бир хонадонда китоб жавонлари ташкил этилди.
Шунингдек, ҳар бир хонадонда қизиқишлари асосида соғломлаштириш бурчаклари ташкил этилди. Унда турник, бокс қопи, шахмат ва шашка ҳамда теннис столи, кўчаларда ҳар бир хонадон олди қисмига экологик маданиятни ошириш мақсадида чиқинди ташлаш қутилари ўрнатилди.

– Аҳволи, яшаш шароити оғир бўлса-да, бирор бир идорага мурожаат этмаган фуқаролар ҳам бор. Бундай тоифадагиларни аниқлаш ва моддий томондан қўллаб-қувватлаш мақсадида қандай ишлар амалга оширилди? 

– Вилоят Халқ қабулхонаси ташаббуси билан Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига умуман мурожаат қилмаган, давлат ташкилотлари ва органларидан ёрдам олмаган оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилалар ўрганилиб, 37 та хонадон танлаб олинди.   

Уларга маҳаллий ҳокимликлар ва саховатли тадбиркорлар ҳамкорлигида уй-жойлари таъмирлаб берилди. Бу йўналишда маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан берилган маълумотларга таяниб, эҳтиёжманд фуқароларни аниқлаш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш ишлари давом этади. 

– Келгусидаги режалар билан ўртоқлашсангиз. 

– Эндиги муҳим вазифаларимиздан бир йўналиши – маҳалла еттилиги кўмагида хонадонбай ижтимоий сўроқ орқали фуқароларимизнинг турли идораларга шахсан келиб мурожаат этишларига барҳам берган ҳолда, уларга ечимларни етказиш, бунда онлайн услубларга ёндашишдир. 

 Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириш, аҳолиси энг рози секторлар бўлишига эришиш, пировардида вилоят аҳолиси розилигини таъминлаш мақсадида 2024 йил давомида белгиланган мезонлар ижроси юзасидан энг яхши натижаларга эришган 3 нафардан туман (шаҳар) ҳокими, прокурори, ИИБ бошлиғи, ДСБ бошлиғи, Халқ қабулхонаси мудирлари,  фуқаролар мурожаатлари билан ишлашда фаол самарадорликка эришган МФЙ еттиликларини рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор  қаратилади.

Мақсадимиз битта – аҳоли турмушини яхшилаш, муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, давлат идораларига мурожаат этаётган ҳар бир фуқарога амалий кўмак бериш. 

– Халқ муаммоларини тизимли ҳал этишда куч-қувват, шижоат тилаймиз. Суҳбат учун ташаккур. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь