Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

04 May, 2024, 12:30

Жамият

Наманган журналистлари муносиб шарафланди

  • 26.Июня.2023
  • 1447

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган улуғвор ислоҳотлар самараларини халқимизга етказиш, жамият ривожи йўлида тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни баралла кўтариш ва уларни ҳал этилишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Бу Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида 27 июнь Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ташкилланган байрам тадбирида алоҳида эътироф этилди.

Айни вақтда вилоятимизда 65 та оммавий ахборот воситаси, шу жумладан 35 та газета, 24 та расмий ОАВ мақомидаги интернет веб-сайти, шунингдек 70 та матбаа корхонаси ва 9 та нашриёт фаолият юритмоқда. Қайд этиш жоизки, бундан уч йил аввал атиги 2 та сайт рўйхатдан ўтган бўлса, очиқлик сиёсатига алоҳида йўл очилгани натижасида уларнинг сони 22 тага ошди.

Вилоят телерадиокомпаниясининг эфир доираси нафақат Фарғона водийси, балки қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидаги чегарадош ҳудудлар аҳолисини ҳам қамраб олди.

Давлатимиз раҳбарининг оммавий ахборот воситаларини ислоҳ қилишга қаратилган қатор қарорлари натижасида вилоятда соҳага бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Маҳаллий ҳокимликларнинг матбуот котиблари хизмат автомашиналари билан тўлиқ таъминланди. Уларнинг моддий техник-базаси мустаҳкамланиб, ойлик иш ҳақлари оширилди.

Вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан 2,6 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиб, 40 йилдан бери эътиборсиз қолган “Матбуот уйи” қайта таъмирланди. “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” вилоят газеталари таҳририяти жамоалари, шунингдек Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳудудий мухбирлик пункти, Усмон Носир нашриёти, маҳаллий интернет нашрларини самарали фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди.

Вилоят телерадиокомпанияси биносида ҳам қарийб 10 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида замонавий студия барпо этилди, ижодкорларнинг эркин ишлаши учун хизмат хоналари мукаммал таъмирланди. Келгуси йилда эса вилоят телевидениесига 4,5 миллион евролик сўнгги русумдаги техникалар, кўчма студиялар,  телевизион жиҳозлар келтирилиши режалаштирилган.

Республика медиа тузилмаларининг вилоятдаги мухбирлари, вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларининг газеталари муҳаррирлари ҳамда ахборот хизматлари раҳбарлари, вилоят телерадиокомпанияси, интернет сайтлари, матбаа корхоналари ва нашриётлар вакиллари, блогерлар иштирокидаги тадбир аввалида вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов ижод аҳлини самимий табриклади.

Вилоят раҳбари бугунги кунда медиа маконда интернет ва ижтимоий тармоқлар асосий майдонни эгаллаб улгурган бир кезда ўсиб келаётган ёш авлодни турли ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш, уларнинг саводхонлигини ўстириш мақсадида китоб мутолаасига, адабиётга кенг қизиқтириш зарурлигини, бунда босма нашрларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.
Соҳада узоқ йиллик самаралари меҳнатлари билан ёш авлодга чинакам ибрат намунасини кўрсатган фахрий устоз журналистлар, жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллиги билан ажралиб турган иқтидорли журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари вилоят ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Матбуот соҳасида 40 йилдан зиёд меҳнат фаолиятини олиб бордим. 25 йилга яқин “Наманган садоси” газетасига муҳаррирлик қилдим. Шу вақт оралиғида ўнлаб шогирдларни етиштирдим. Бугунги кунда улар орасида республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида мухбирлик вазифасини адо этаётган шогирдларим ҳам борлигидан қувонаман, дейди меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Комилжон Файзиев. – Камтарона меҳнатларимни қадрланиб, тақдирлашганидан беҳад миннатдорман. Келгусида ҳам ёш журналистларни тарбиялаш борасида тажрибаларимни ишга солишда давом этаман.
Байрам тадбирида вилоят санъат усталари ижросидаги концерт дастури барчага кўтаринки завқу шавқ улашди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь