Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 08:49

Жамият

НАМАНГАНДА ТАДБИРКОР ТУМАН ҲОКИМЛИГИ БИНОСИ ОЛДИГА 100 ГА ЯҚИН ҚЎЙНИ ҲАЙДАБ КЕЛДИ: БУНГА САБАБ НИМА ЭДИ?

  • 18.Июня.2021
  • 745

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги биноси олдига бир сурув қўй ҳайдаб келингани акс этган видео тарқалди. Бу ҳақда «Дарё»  мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, воқеа жорий йил 15 июнь куни соат 09:30 атрофида рўй берган. Тумандаги «Жўрабой Охунов Шарқ Юлдузи» агрофирмаси ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ тасарруфидаги 91 бош қўй туман ҳокимлиги биноси олдига олиб келинган. МЧЖ раҳбари Улуғбек Муҳиддинов буни ҳокимлик томонидан озуқа етиштириш учун ер майдони ажратилмагани, бунинг оқибатида танг ҳолатда қолгани билан изоҳлади.

— 2017 йилда менга туман ҳокимлиги томонидан чорвачилик билан шуғулланиш ва молхона қуриш учун бир гектар ер ажратиб берилди. 2019 йилда молхона қурилишини битказдим. 2020 йил март ойида Россиядан 198 бош Романов зотли қўй олиб келдим. Бунинг учун Халқ банки туман филиалидан 45 минг евро кредит олганман. Бу зотли қўйларга қизиққаним сабаби улардан йилига икки маротаба насл олиш мумкин, 60 килограммдан 90 килограммгача гўшт қилади, жуни ҳам пул. Режам уларнинг сонини 2 мингтага етказиш эди. Бироқ ўхшамади. Чунки уларни боқиш учун ем-озуқа керак, бунинг учун эса яйловим йўқ. Бир йил давомида ер сўраб қайта-қайта мурожаат қилдим, беришмади. Тўғри, бошқа ҳудуддан 5 гектар жой таклиф қилинди, лекин нега энди ёнимда ер туриб, у жойларга боришим керак? Қўйларни боқиш учун кунига 800 минг сўмдан 1,2 миллион сўмгача харажат қилдим. Ҳозир бўйнимгача қарзман: кредит тўлолмаяпман, солиқ, светдан қарзим бор, маош бермаганим учун ишчиларим кетиб қолган. Охири иложим йўқлигидан ҳокимликка қўйларни ҳайдаб боришга мажбур бўлдим, — дейди тадбиркор.

Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Муроджон Саидаҳмедовнинг айтишича, мавжуд тартиб-қоидаларга чорвачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил этиш учун 30 бош қорамол ёки 300 бош қўй бўлиши лозим. Шунда бу хўжаликка 9 гектар атрофида ер ажратилиши белгиланган. Улуғбекнинг ҳолатида эса олиб келинган қўйлар сони бу кўрсаткичга етмайди, бироқ шунда ҳам унга қўйхона қуриши учун 1 гектар майдон ажратилган.

Озуқа экинлари етиштириш учун ер сўраганида туман ҳокимлиги заҳирасида бўлган, тадбиркор ўзи фаолият юритаётган «Жўра Охунов Шарқ Юлдузи» агрофирмаси ҳудудида жойлашган бир неча адирлик, яйлов ерлар таклиф этилган. Бироқ, бу таклиф уларга яқин жойда чиқиндихона мавжудлиги, қўйхонасидан узоқлиги каби важлар билан рад этилган.

Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг билдиришича, Улуғ Муҳиддинов озуқа учун ажратиб берилиши талаб қилинаётган майдонлар «Болгар шароб» қўшма корхонаси қошидаги «Янгиқўрғон марваридлари» унитар корхонаси эгалигидаги ерлар ҳисобланади. Унитар корхона ҳам тадбиркорлик субъекти эканлигини ҳисобга олинадиган бўлса, ушбу ер майдонларини «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ тасарруфига олиб беришнинг амалда имкони йўқ.

Туман ҳокимлиги биноси олдига қўйлар ҳайдаб келинганидан сўнг тузилган ишчи гуруҳ тадбиркор фаолият олиб бораётган адирликларга чиқиб борди.

Уларга журналист ва блогерлар ҳам ҳамроҳлик қилди.

Ишчи гуруҳнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳокимликка 91 бош қўй ҳайдаб келинган, хўжаликнинг ўзида 34 та қўй қолган. Яъни жами 198 бош бўлиши керак бўлган қўйлардан 125 таси борлиги аниқланган.

Тадбиркор билан мулоқот чоғида туман ҳокимлиги заҳира ер фондидаги эгаликда бўлмаган майдонлар Президентнинг 2021 йил 8 июндаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан «Ер кодекси»га тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг, яъни 2021 йил 1 августдан кучга кирадиган тартиб-қоидаларга асосан ажратиб берилишини тушунтирди.

Шунингдек, ушбу фармон расман эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси»га тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари томонидан мазкур фармонда назарда тутилганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратиш қатъиян тўхтатилганлигини билдирди.

—Аслида ушбу тадбиркорга ажратиб берилган ер майдонидан ҳам тўлақонли фойдаланилмаган. Мана кўряпсизлар, 1 гектар майдондан нари борса 15 сотихида қўйхона қурилган, қолган 85 сотихи ўт босиб ётибди. Ваҳоланки, шу ерга беда экиб, йилига бир неча бор ҳосил олиш мумкин эди. Шунда кўчадан ем-озуқа сотиб олишга ҳам ҳожат қолмасди. Туманимизнинг Исковот, Қандиён каби ҳудудларидан ҳам ер таклиф қилдик, «шароити яхши эмас экан» деб унамади. Ваҳоланки, ўша ерларда ҳам бошқа фермерлар мол-қўй боқиб, сонини кўпайтириб, кредитини вақтида қайтаришни уддалаяпти, — дейди туман қишлоқ хўжалик бўлими бошлиғининг ўринбосари Жамолиддин Қаюмов.

Халқ банки туман филиали бошқарувчининг ўринбосари Элёр Соатовга кўра, филиал ва «Мубошер Азизбек Лазизбек Файз» МЧЖ ўртасида 2020 февралда тузилган кредит шартномасига асосан 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 45 минг евро миқдорида кредит ажратилган. Маблағ Россиядаги «Золотое руно» МЧЖга наслли Романов қўйларини сотиб олиш учун ўтказиб берилган.

Бироқ, кредит шартномаси қарз олувчи томонидан мунтазам бажарилмай келиниши натижасида 2021 йил 15 июнь ҳолатига кредит фоизидан 4520 евро, кредит асосий қарзидан 12273 евро, жами 16 793 евро қарздорлик ўз вақтида тўланмаган. Шунингдек, банк ходимлари томонидан 2020 йил 30 октябрда ўтказилган мониторингда 81 бош қўй йўқлиги аниқланиб, далолатнома тузилган.

Юқоридаги ҳолатлар ва кредит ҳужжатларига илова қилинган бизнес-режа кўрсаткичлари бажарилмаётгани кредит мақсадсиз ишлатилган, деб баҳоланишига сабаб бўлган. Шу боис 2021 йил март ойида мақсадсиз ишлатилган кредит маблағини қайтариб олиш учун даъво аризаси киритилган. 2021 йил 17 май куни даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, гаров мулкига қаратилган ва МИБ туман бўлими иш юритувига олинган. Наманган шаҳар прокуратураси эса ҳолат юзасидан тергов олиб бормоқда.

Хуллас, Наманганда мана шундай гаплар. Биз Янгиқўрғон туман ҳокимлигидан қайтаётган пайт бу ерга ҳайдаб келинган қўйлар яна машинага ортилаётганини кузатдик. Икки томон ниҳоят муросага келган ёки муаммога ечим топилган кўринади.

Жаҳонгир Акрамов олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь