Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

05 May, 2024, 09:06

Жамият

Норинлик тадбиркор бузилган дўкон биноси учун ўн йил деганда компенсация пулини олди

  • 05.Января.2023
  • 423

Наманган вилояти Норин тумани Ҳаққулобод шаҳарчасида яшовчи Равшан Якубовнинг савдо дўкони бундан ўн йил аввал туман марказини қайта қуриш дастури ижроси чоғида бузиб ташланган эди. Шундан буён тадбиркорнинг боши ташвишдан чиқмади. Боиси, мутасаддилар унга янги дўкон қуриш учун жой ажратишган бўлсада, бузилган бино учун компенсация тўловини пайсалга солиб келишди. Орада Р. Якубовнинг айни масалада кирмаган идораси, учрамаган раҳбари қолмади ҳисоб. Маҳаллий идоралар ёрдамидан умидини узган даъвогар сўнгги илинж билан Наманган вилояти адлия бошқармасига йўл солди.

Тадбиркорнинг мурожаати атрофлича ўрганилганида бино бузилишининг тепасида турган Норин туман ҳокимлиги ишнинг бошидаёқ низоли объект эгаси билан компенсацияга оид келишувни амалга оширмагани аниқланди. Xуллас, муаммонинг барча жиҳатлари чуқур ўрганилиб, фуқарога бузилган савдо дўкони бино-иншоотлари учун ҳокимлик томонидан 411 миллион 925 минг 528 сўм миқдорида компенсация пули тўлаб берилиши лозим, деган хулосага келинди. Шундан сўнг Р. Якубовнинг манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд қарори билан адолат тикланди, тадбиркорга компенсация пули тўланди.

Бир қарашда қарийб ўн йилдан буён судралиб келаётган масала ечимини топгандай. Бироқ айрим мутасаддиларнинг масъулиятсизлиги билан бир фуқаронинг ҳуқуқи поймол қилиб келингани таассуфланарли. Бу орада тадбиркорнинг қанча вақти ва нақди беҳуда кетгани ҳам бор гап.

Бошқа жиҳати, мазкур иш бўйича жавобгар Норин туман ҳокимлигига компенсацияга қўшиб суд харажатлари учун 16 миллион сўмдан зиёд давлат божини ҳам тўлашга тўғри келганига нима дейсиз?! Табиийки, бу маблағ айбдорларнинг чўнтаги эмас, яна бюджет ҳисобидан амалга оширилади. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр, деб шуни айтадилар-да.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи»нинг вилоятдаги мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь