Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

24 April, 2024, 03:39

Жамият

Ҳоким ёрдамчилари: Президентнинг маҳалладаги вакили

  • 01.Февраля.2022
  • 1160

Жорий йилдан бошлаб мамлакатимиз маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Бу мутлақо янги тизим аҳволи оғир оилаларга манзилли кўмак бериш, уларни ишбилармонликка жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартириш ва халқимизнинг умумий фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан катта аҳамиятга эга.

Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Толибжон Юсупов мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ва ундан кутилаётган натижалар хусусида қуйидагиларни гапириб берди. 

— Президентимиз ташаббуси билан маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш бевосита маҳалла даражасига туширилди. Ўйлаймизки, аҳоли бундан жуда мамнун. 

Янги тизимнинг ташкилий ижроси жараёнида ­Наманган вилоятида мавжуд 780 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари иқтисодий билим ва тажрибага эга номзодлар орасидан танлаб олинди. Уларнинг ҳар бири Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан суҳбатдан ўтказилди. Ҳоким ёрдамчиларининг  биттаси аввал республика, 115 таси вилоят ва 664 таси туман ташкилотларида ишлаган.

Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун «Асакабанк» раиси Нодирбек Сайдуллаев етакчилигидаги 23 нафар масъул вакил шаҳар ва туманларга бириктирилди. «Маҳаллабай» ишлашнинг вертикал тизимини йўлга қўйиш мақсадида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривож­лантириш агентлигининг ҳудудий бошқармаси ташкил қилиниб, унга Уйчи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шокиржон Имомов раҳбар этиб тайинланди.

Ҳоким ёрдамчилари мазкур лавозимга қўйилгунга қадар ўз фаолиятига доир зарурий билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун ўн беш кун давомида Давлат бошқарув академияси, Адлия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа юқори ташкилотлар мутахассислари томонидан семинар-тренинглар ўтказилди. Якуни бўйича тест имтиҳонлари олиниб, муносиб номзодларга сертификатлар топширилди. Қисқа муддатли ўқув курсларида ишни қандай ташкил этиш, хонадонларни ўрганишда, таснифлашда, маҳалланинг ўсиш нуқтасини белгилашда нималарга эътибор қаратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Янги йилнинг илк кунлариданоқ барча ҳоким ёрдамчилари ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва маҳалла фаолларига тўлиқ таништирилиб, иш-режага мувофиқ, намунавий сўровнома асосида хатловлар бошлаб юборилди. Ҳозирда 117,4 мингта хонадон хатловдан ўтказилиб, ўрганилган хонадонлар иқтисодий-ижтимоий аҳволи бўйича уч тои­фага ажратилди. 59,7 мингта хонадон намунали, 40,1 мингта  ўрта ва 18,6 мингта хонадон эҳтиёжманд деб топилди.

Хатлов жараёнида жами 27 минг 873 та муаммо аниқланди. Хусусан, ишлаш истагидаги меҳнатга лаёқатли ишсизлар, касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш, ишбилармонлик билан шуғулланиш истагидагилар, кредит олиш учун талабгорлар, кооперация ҳамда субсидия асосида ишлаш мақсадида юрганлар, бўш ётган томорқа ер майдонидан унумли фойдаланмоқчи бўлганлар, чет элда меҳнат қилиш учун кетадиган фуқаролар ва ҳоказо. Қайд этилган муаммо ва таклифлар  биринчи чорак «Йўл харитаси»га киритиб борилмоқда. Бунда ҳоким ёрдамчилари бириктирилган маҳаллада шу йилнинг дастлабки уч ойида ўттиз фоиз хонадоннинг даромад манбаи аниқланиб, уларга барча имкониятлар (субсидия, кредит, ер ва бошқа манбалар)дан фойдаланилган ҳолда вилоят бўйича 160 минг хонадон қўллаб-қувватланади.

2022 йилда ҳоким ёрдамчилари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 865 миллиард сўмлик кредит ажратилади. Шунингдек, 204 миллиард сўмлик субсидия маблағлари аҳолига тақдим этилади. Мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 108 миллион доллар ва 285 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилади. 4 минг 439 гектар ер майдони 137 минг ишсиз фуқарога ўн йил муддатга ўртача 10-15 сотихдан ижарага берилади.

Хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун 300 миллиард сўм, етакчи тадбиркорлар учун 110 миллиард сўм, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалик­лари ва томорқа ер эгалари кенгашига 4 миллиард сўм, маҳалла инфратузилмасини яхшилашга 20,8 миллиард сўм, уч турдаги дафтар жамғармаларига 69 миллиард сўм  тақсимот қилиб берилди.

Вилоятнинг барча маҳаллаларида паррандачилик инкубаторлари ташкил этилади. Айни пайтда 408 та маҳаллада аҳолига жўжа етказиб бериш йўлга қўйилган. Яна 332 та маҳаллада ҳам тадбиркорлар томонидан  инкубаторлар очиш режалаштирилди.

Биргина мисол. Косонсой туманида ҳоким ёрдамчилари тавсиясига биноан еттита маҳалла паррандачиликка ихтисослаштирилмоқда. Хонадонларга «Golden Еgg Of Namangan» МЧЖ томонидан бир йил бепул ветеринария хизмати кўрсатилади ва имтиёзли кредит асосида товуқ етказиб берилади. Қолаверса, 350 нафар фуқаронинг банд­лиги таъминланади. Қарабсизки, йилига қўшимча 10,7 миллион дона тухум етиштириш орқали бир оиланинг ўртача 11,2 миллион сўмгача даромад олиш манбаи пайдо бўлади. Бундан ташқари, мазкур ҳудудда 17 гектар майдонда паррандачиликка мўлжалланган кичик саноат зонаси ташкил этилиб, бешта корхона ишга тушди.

Сизга ўзини оқлаган бир амалий ташаббусимиз хусусида гапирмоқчиман. Вилоят бўйича жами 11 минг 700 нафар нуронийдан иборат «Фаол кексалар» гуруҳлари қимматли маслаҳатлари билан шахсий ибрат кўрсатмоқда. Сўнгги йилларда имтиёзли кредитлар ажратилиб, уларни қайтаришда турли муаммолар юзага келаётгани бор гап. «Қорни оч одамга балиқ эмас, қармоқ бер», деган нақл бежиз айтилмаган. Демак, биз ҳам кредит бериб, ҳам унга маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, «Нуронийлар кенгаши» аъзолари ва маҳалла раисларини бириктириш орқали аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини таъсирчан усулларда амалга оширмоқчимиз. Ахир азалий қадриятларимизга кўра, мурувват дангаса, ялқов ва боқимандаларга эмас, балки тақдир тақозоси билан имконияти чекланганларга, ҳақиқий муҳтожларга кўрсатилган.

Дарвоқе, яқинда республика «Асакабанк»и раиси Нодирбек Сайдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ вакиллари ҳоким ёрдамчилари фаолиятини тизимли йўлга қўйиш ҳамда «хонадонбай» ўрганишлар билан боғлиқ жараёнларнинг бориши юзасидан Янгиқўрғон ва Тўрақўрғон туманларида бўлди. Янгиқўрғоннинг «Қораполвон», «Янги боғистон» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан яқиндан танишди. Ҳудудда яшовчи фуқаролар билан мулоқот ўтказди. Масалан, «Сементал» зотли моллар ва улардан олинаётган даромад, иссиқхонадан унумли фойдаланиш, ҳоким ёрдамчиси чинакамига фуқароларга кўмакчи эканлиги тушунтирилди. Туманда ташкил этилаётган узумчилик кластерига ҳам ташриф буюрилди. Мавжуд имкониятдан фойдаланмаётган, қаровсиз қолган томорқа эгаларига тавсиялар берилди.

Давлатимиз раҳбари юксак ишонч билдираётган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ишчи гуруҳ хулосалари, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ёритилаётган чиқишлар орқали мунтазам кузатиб турибмиз. Инсонларнинг мурожаатларини дилдан тинглаб, дарду ташвишларини бемалол зиммасига ортиб, мушкулларини осонлаштираётганларнинг амалий ишлари, ташкилотчилиги инобатга олиниши, шубҳасиз. Ҳоким ёрдамчиларининг ҳар қандай ўринли ташаббуси, таклифини сўзсиз қўллаб-қувватлаймиз, улар учун барча шароитларни ҳозирлашга тайёрмиз.

Ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаларидан яна бири 2022 йилда 159 минг нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлаш бўйича чоралар кўришдир.

Жорий йилда меҳнат бозорига 42 минг нафар фуқаро кириб келиши кутилмоқда. Уларнинг 5 минг 556 нафари олий таълим муассасаларини, 12 минг 210 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини ва 29 минг 986 нафари умумтаълим мактаб­ларини битиради. 2022 йилда вилоятда жами 571 минг нафар доимий ва мавсумий иш ўрни яратиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Қолаверса, ижтимоий инфратузилма дастурига асосан, 28 та маҳаллада 318 миллиард сўмлик ишлар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида амалга оширилади. Халқ қабулхоналари томонидан 54 та «оғир» маҳалла аниқланиб, шундан 28 та маҳаллага «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларидан, қолган 26 та маҳаллага маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан маб­лағ йўналтирамиз. Бу маблағлар маҳаллаларнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ривожлантириш учун ишлатилади. Ҳоким ёрдамчилари билан «Янги Ўзбекистон» массивларини барпо этишда елкама-елка туриб ишлаймиз. Хусусан, Поп ва Чуст туманларида 640 та хонадонга эга 32 та кўп қаватли уй, 2 та боғча, 2 та тиббиёт муассасаси, хизмат ва савдо шохобчалари қурилади.

Олдимиздаги истиқболли режаларимиз, эзгу вазифаларимиз рўёбга чиқишида маҳалланинг суянчию таянчига айланувчи ҳоким ёрдамчиларига куч-қувват тилаймиз.

«Янги Ўзбекистон» мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.

(«Янги Ўзбекистон» газетасининг 28 январь сонидан олинди).

Энг кўп ўқилганлар

Календарь