Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 11:22

Жамият

Оналик таътили: аёллар нималарга эътибор бериши ва уларга нафақа қандай ва қанча белгиланиши керак?

  • 06.Июня.2022
  • 741

Бу борада барча аёллар ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас. Шунинг учун ҳуқуқий маслаҳат беришни лозим топдик.

Агар сиз ҳомиладор бўлсангиз ва ҳомиланинг ривожланиш босқичи 12 ҳафтага етган бўлса - зудлик билан доимий ёки вақтинча яшаш жойингиз бўйича қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаcида рўйхатдан ўтишингиз зарур. Соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 18 майдаги 137-сонли буйруғи билан тасдиқланган низомга асосан ҳомиладор аёлларни рўйхатга қўйиш ва туғруққа қадар даврий тиббий кўрикларни ўтказиш мутлақо бепул, давлат ҳисобидан амалга оширилади.

Бунинг учун аёл паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат билан, у ҳам бўлмаганда маҳалла фуқаролар йиғини маълумотномаси асосида маҳаллий поликлиникада (ёки ҚВП) диспансер кузатувига олинади. Рўйхатга қўйиш учун ҳақ ундирилмайди.

Тиббий кузатув ҳудудий доя ва тиббий патронаж ҳамшираси томонидан индивидуал амалга оширади.
Ҳомиладор аёлларнинг диспансер назоратини олиб боришдан мақсад оналар саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар ўлимининг олдини олишдан иборатдир.

Ёдингиздан чиқмасин: ҳомиладор аёл далилларга асосланган маълумот ва замонавий технологиялар бўйича бутун ҳомиладорлик даврида етти мартадан кам бўлмаган малакали антенатал парваришдан ўтказилиши лозим.

Шу билан бирга, сиз ўзингиз хоҳлаган тиббиёт муассасасида тиббий ёрдам олиш,  жумладан, фарзандингизни дунёга келтиришингиз мумкин. Бунинг учун доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойингиз бўйича туғруқхонагагина мурожаат қилишингиз шарт эмас.  

Туғруқхона хизматлари бепул бўлиб, барча харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Айрим дори воситалари ва тиббиёт муассасаси томонидан кўрсатилган қўшимча хизматлар учун белгиланган тартибда тасдиқланган миқдорларда ҳақ ундирилиши мумкин.

Туғруқхонага мурожаат қилишдан аввал ҳомиладорлик бўйича ўзингиз рўйхатдан ўтган тиббиёт муассасасидан алмашув варақаси (обменный лист)ни олишингиз лозим бўлади.

Сиз  Ўзбекистон қонунчилиги бўйича меҳнат шартномаси асосида ишлаётган бўлсангиз, туққунга қадар 70 (етмиш) календарь кун ва туққандан кейин 56 (эллик олти) календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили олишингиз мумкин бўлади. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқишдан аввал ўз врачингизга мурожаат қилинг. У сизга шу давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштириб беради. Ушбу варақа ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақани тайинлаш ва тўлаш учун асос бўлади. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ходимга у ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтган оилавий поликлиникадан ҳомиладорликнинг 31 ҳафтасидан бошлаб берилади. У корхонанинг кадрлар бўлими ёки бухгалтериясига топширилиши керак. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш вақти ҳақида иш берувчингизни олдиндан хабардор қилинг.

Ҳомиладор аёлга 70 (етмиш) календарь кун ва туққандан кейин 56 (эллик олти) календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади ва шу давр учун нафақа тўланади.

Қонун талабига кўра, ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан кам иш стажи бўлганда нафақа иш ҳақингизнинг 75 фоизини, 12 ойдан ошиқ бўлганда эса 100 фоизи миқдорида тўланади. Мисол учун 1 млн. сўм ойлик иш ҳақи оладиган аёл атиги 5 ой ишлаб «декрет таътили»га чиққан бўлса, унинг бир ойлик нафақаси миқдори 750 минг сўмни ташкил этади. Нафақа барча ойлар учун олдиндан тўлаб берилади.

Фарзанд туғилгандан кейин у албатта, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими, халқ тилида айтганда ЗАГС идорасида рўйхатдан ўтказилади ва унга туғилганлик ҳақида гувоҳнома (метрика) берилади. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун туғилганлик ҳақида туғруқхонадан берилган тиббий маълумотнома, ота-оналар ёки улардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки оталикни белгилаш ҳақидаги ариза ёхуд никоҳда бўлмаган онанинг аризаси тақдим этилади.

Агар бола туғруқхонадан ташқари жойларда ва тиббий ёрдамсиз туғилган бўлса туғилишини қайд этиш участка шифокори (фельдшер ёки акушер) томонидан берилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома асосида амалга оширилади.

Иқболжон ҲАКИМОВ,
Наманган шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсульти.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь