Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

15 May, 2024, 10:01

Жамият

«ОТА-ОНАЛАР КИРИШИ МАЪН ЭТИЛАДИ!» ЁХУД ВИЛОЯТИМИЗ ЧЕККА ҲУДУДЛАРИДАГИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ АҲВОЛИ ҚАНДАЙ?

  • 23.Января.2021
  • 1336

Кейинги уч-тўрт йил мобайнида мактабгача таълим тизими «тирилди», десак  ёлғон бўлмайди. Салкам унутилаёзган  соҳага шахсан мамлакатимиз Президентининг ўзи қайта ҳаёт бағишлади. Фарзандларимиз келажаги йўлида кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар эътироф ва ҳавасга муносиб.

Инсоният ҳаётига, дунё иқтисодиётига чанг солаётган коронавирус пандемиясининг таҳликасидан чарчаганимиз етмагандек бу йилги қиш мавсуми ҳам аввалгилардан кўра қаҳрлироқ – совуқроқ келди. Лекин яшаш – курашишга мажбур этади. Чора-тадбирлар кўришга ундайди. Мана шундай шароитда минглаб, ўн минглаб дилбандларимизни бағрига олган мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ)да аҳвол қандай? Вилоят, туман марказларидаги, қолаверса, хусусий муассасалар-ку «қаловини» топишларига ишонамиз. Чекка-чекка ҳудудлардаги болалар боғчаларидаги «об-ҳаво» нечуклигини кўзимиз билан кўриб, хулоса чиқариш мақсадида қатор МТТларга «мўраладик».

Хайрият, хавотирларимиз ноўрин, режалар, ваъдалар қоғозларда қолиб кетмаётган экан. Биринчи танишувимиз Янгиқўрғон тумани Булоқбоши қишлоғидаги 21-МТТдан бошланди.

Мазкур ташкилот магистрал йўл бўйида жойлашгани боис эътиборни тез тортади. Боғчанинг эскигина эмас, ниҳоятда эски биносига бош суқамиз. Асфальти ўйдим-чуқур мўъжазгина ҳовличаси супуриб, сув сепиб қўйилибди. Пастаккина таъмирталаб иморат даҳлиз, тўртта катта хона ва тўғрида кичкина бир хоначадан иборат – гўё бир оиланинг рўзғоридек жой. Бино 1960 йилда қурилган, аввал чойхона, кейин мактаб синфхонаси бўлган. 1990 йилдан болалар боғчасига айлантирилган. Ўттиз йил бурун бу ерга қишлоқнинг кичкинтойлари бемалол сиғишгандир. Эндиликда эса у Учинчи Ренессансни яратувчи авлод талабига мутлақо жавоб бермайди.

Ичкарига кириш билан иссиқ ҳароратни сезасиз. Акфа батареялар қизиб турибди. Хоналар ноқулай, тор бўлса-да, иссиқлик тафтидан тарбиячи ва тарбияланувчилар енгил кийимда, бирмунча хотиржам.

– Бу йил 45 тонна ўрнига 47 тонна кўмир олдик, – дейди директор Ферузахон Тўхтасинова. – Қозонхонада икки ишчимиз ишлайди. Ошхонада эса табиий газ бор. Бу жиҳатлардан, таъминотдан камчилигимиз йўқ.

МТТ раҳбарининг юз-кўзлари, гап-сўзларидан анча серғайрат, ҳаракатчанлиги акс этиб турибди. Эшитишимизча, ҳудудда 242 нафар мактабгача таълим ёшидаги бола бор. Лекин бу ернинг имкони 175 ўриндан ошмайди. У-бу сабаб билан амалда 139 кичкинтой қатнаяпти. Мавжуд тўртта хонада тўртта гуруҳ очилган, холос. Гуруҳларни кўпайтириш мумкину, бироқ жой масаласи чатоқ. Саккиз тарбиячининг иккиси олий маълумотли. Психолог, мусиқачи, чет тили мутахассислари машғулотлар олиб боришади.

Билишимизча, бу яқин атрофда 21-МТТдан бошқа муассаса йўқ. Шунинг учун ота-оналар уч, тўрт, беш километрлаб йўл босиб, Иттифоқ, Элатан маҳаллаларидан  фарзандларини  олиб келишади.

Ёз кунларида мавсумий бўлса-да оз-моз шароит яхшиланади.  Яқинларидаги 40-мактабдан иккита синф хонасини сўраб олишади. Қўшимча гуруҳлар очишади. Лекин у ёққа иссиқ овқат ташиш масаласида хавф бор. Ахир қайноқ қуюқ-суюқ таомларни кўтариб, катта йўлдан ўтиш  осонмас.

Гуруҳларни кўздан кечирамиз. Бизни кўришлари билан жажжиларнинг жўровозда «Ассалому-алайкум!» де-йишлари ажабтовур ёқимли. Ҳақиқатан ҳам хоналарда болажонлар тиқилишиб қолган. Ётоқ, овқатланиш ва машғулот  битта хонада бўлгани учун ётоқ кроватларини чеккага йиғиштириб қўйишга мажбур бўлишган.

– Кенг, шинам болалар боғчаларида ишлаётган ҳамкасбларимизга ҳавасим келади. Бизга ҳам тезроқ шундай кошоналар насиб этишини орзу қиламан, – дейди шахсини очиқлашни истамаган тарбиячилардан бири.

МТТ раҳбари Феруза Тўхтасиновани ишда қандай муаммолар қийнаётгани билан қизиқамиз.

– Мактабдан чиққанман, – дейди у. – Бу ердаги фаолиятимга ўн йилдан ошди. Тажрибамдан шундай хулосага келдимки, мактабда ишлашдан болалар боғчасида ишлаш ҳам оғир, ҳам масъулиятли. Лекин маошда анча фарқи бор. Масалан, ўқитувчи ҳафтада 20 соат дарс берса,  мана шу бир ставка учун ойига икки миллион сўмдан ошиқ ойлик олади. Бунинг устига ақли бор, ўзига ўзи жавоб бера оладиган болалар билан ишлайди. Мактабгача таълимда эса тарбиячининг ҳафталик меҳнати 45, кунлик иши 9 соатни ташкил этади. Оладиган маоши эса 1 200 000 сўмдан ошмайди. Сабаби, улар асосан ўрта махсус маълумотли эканлиги. Университет дипломини олган олий маълумотли мутахассис эса олисдаги, шароити носоз боғчага келиб ишлашни хоҳламайди. Тўғри, кейинги ойларда Президентимиз томонидан шундай ёшларга молиявий имкониятлар жорий этилди. Лекин ҳозирча бизда бунақаси бўлмади...

Йўлларимиз Исковот ва Қандиён қишлоқларидан айланиб, Косонсой туманига уланди. Қорасув қишлоғи ҳудудида 32-МТТ фаолият юритаётганини эшитиб, маҳалла ичкарисига кирамиз.

Биласизми, болалар боғчалари ёнидан ўтсангиз кўнглингизда ғалати ширин, беғубор ҳис-туйғулар ғимирлаб қолади. Бу эҳтимол, болалик соғинчидир. Балки камалак рангларига чулғанган ҳовли, бинолар таъсиридир. Ишқилиб, ана шундай ҳиссиётни 32-МТТга яқинлашганда янаям чуқурроқ сездик. Кўринишидан шаҳар марказидаги энг зўр боғчалардан қолишмайдиган муассасадан олган илк таассуротимиз шу бўлдики, бу даргоҳ яқинда давлат дастури бўйича таъмирдан чиқарилгани эди.

Темир панжарали, ясатиғлиқ дарвоза ичкаридан қулфланган. Бу ҳолни эҳтиёт чораси, хавфсизлик муддаоси деб тушундик. Ҳовлидаги қоровулни чақириб, мақсадимизни айтдик. У МТТ директори Саломатхон Турғунова йўқлигини, туман мактабгача таълим бўлими(МТБ)га кетганини билдирди. Бўлмаса, услубчи ё ҳамширага рўпара қилишини илтимос қилдик. Бу орада ичкаридан туман адлия бўлими бошлиғи (ўзининг айтишича) икки киши ҳамроҳлигида чиқиб, қоровулларга бурч ва вазифасини тушунтирди. Дарвоза ортидаги «Наманган ҳақиқати» лавҳаси акс этган машинани кўриб, таҳририятдан эканлигимизни билгач, «оммавий ахборот воситалари ходимлари билан яхши муносабатда бўлиш лозимлигини» таъкидлаб, жўнаб кетишди.

Фурсат ўтиб, панжара орқасида ҳамшира пайдо бўлди. Ҳамшира Ҳасина Исмоиловага мақсадимизни англатдик. Лекин раҳбарининг рухсатисиз мустақил иш юритишга ўрганмаган ходима илло-билло ичкарига кириш мумкин эмаслигини айтиб турволди. Биз ҳам бу ерга меҳмонга эмас, бош муҳаррир топшириғи билан яхши ниятда келганлигимизни, боғча билан танишмоқчилигимизни айтсак-да, дарвозани очгилари келмади.

Кейин ҳамширадан билишимизча, МТТ раҳбари МТБга эмас, бугун шифохонага даволанишга кетган эмиш. Ходимани директорга қўнғироқ қилишга, мақсадимизни етказишга қистадик. Ҳайтовур у ёқдан телефон гўшаги кўтарилди. Табиийки, раҳбар бизнинг кимлигимиз билан қизиқиб, ниманидир сўради шекилли ҳамшира Ҳасинахон:

– Боғчани кўриш учун МТБдан буйруқ борми-йўқлигини сўраяптилар, – деса бўладими!

Водариғ! Бу гапга нима дейиш мумкин? Вилоят ҳокимлиги муассислигидаги 102 йиллик нашр оддий бир боғчани ўрганиш учун наҳотки туман МТБнинг буйруғини ёки рухсатини олиши керак бўлса?! Қайси замонда, қандай савия билан  яшаяпмиз ахир? Директор жаноби олиялари «Наманган ҳақиқати»ни бирон бир боғчанинг филиали деб тушунмадилармикан мабодо?..

32-МТТнинг ташқи ҳайбатидан ҳайратимиз бир томону шифохонадаги раҳбарнинг телефондаги саволидан ҳайроналигимиз бир томон бўлиб йўлда давом этдик...

Косонсой шаҳридаги юксалиш, ўзгаришлар кишининг ҳавасини келтиради. Бу ўз навбатида ижтимоий, таълимий ташкилот, муассасалар қиёфасида ҳам ҳашамат, виқор ва дабдаба мужассам этади. Умид қиламизки, уларнинг сурати сийратларига ҳам албатта мос келади. Хусусан, 14-сонли МТТ, «Зиёнур ширинтой» хусусий  болалар боғчалари диққатимизни тортади.

Туман МТБга қарашли 26-МТТ Қўқумбой маҳалласи қўйнида жойлашган. Катта йўл ёқасидан анча ичкарида, кичик каналча ёнидаги ушбу болалар боғчасининг икки қаватли  биноси, ҳовлиси четидаги қатор азим ўрик дарахтлари эски тузум, эски давр архитектурасига мансуб бўлса-да,  қандайдир файзи, таровати  билан кўнглингизга илиқлик солади. Дилингизда  ёруғ  ёз чоғларида ҳам бир келиб-кетиш истагини уйғотади.

Бегоналарни кўрибоқ тарбиячилардан бири МТТ раҳбари Зулхумор Юнусовани бошлаб чиқди. Директор опа кўринишидан самимий ва дилкаш аёл экан. Суҳбатлашдик. Ютуқ ва камчилик-ларни ўртоқлашдик. Гуруҳларни айланиб, бу ердаги анъана ва одатлар, шароитлар шаҳардагидан кам эмаслигига гувоҳ бўлдик.

1983 йилдан буён фаолият юритаётган бу даргоҳда 270 (!) кичкинтой 10 та гуруҳда таълим-тарбия олаётир. Ўн уч тарбиячи мутахассиснинг саккиз нафари олий маълумотли.  Шунингдек,  тўртта қисқа муддатли гуруҳ ҳам ташкил этилган. Маҳалланинг етмиш фоиз боласи боғчага жалб этилган.

МТТ ота-оналар билан ҳамкорликда ишлайди. Яқинда хатлов ўтказилди. Кўпчилик ота-оналар истаги билан  шу пайтгача 10,5 соатлик иш вақти 1 февралдан бошлаб 9 соатга туширилади. Натижада, ота-она  фарзандига тўлаётган 146 минг сўмлик ойлик тўлов нархи 84 мингга келтирилади.

– Қиш бирмунча қаттиқ келганига қарамай биз қийналмадик, – дейди директор Зулхумор Юнусова. – 50 тонна кўмир олганмиз. Иккита қозонхонамиз куну тун ишлаб турибди. Озиқ-овқат таъминотида муаммо йўқ. Февраль ойидан аутсорсинг тартибига ўтамиз. Тарбиячи ва тарбияланувчиларимиз фаол. Вилоят, туман миқёсидаги тадбирларда иштирок этамиз. Кези келганда шахсий фикримни изҳор этмоқчиман. Болажонларимиз рус, инглиз тили машғулотларига қизиқишади. Лекин кейинги пайтда хорижий тилларни ўргатиш учун мутахассис жалб этиш фақат тайёрлов гуруҳлари учун мўлжалланмоқда. Машғулот соатлари қисқарди.

Бола борлиқ ҳақидаги тасаввурни асосан беш ёшгача олишини, беш ёшгача ақли, мияси шаклланишини ҳисобга олсак, тил ўргатишни ҳам  мурғаклигидан, йўқ деганда уч ёшлигидан бошлаш керак, деб ҳисоблайман. Тажрибадан аёнки, шунда унинг чет тилларини ўзлаштириши осон кечади. Қани энди  шу  масалага ҳам эътибор кучайтирилса – нур устига аъло нур бўлар эди...

Зулхумор Юнусованинг мулоҳазалари жўяли. Умид қиламизки, мутасаддилар бу борада ўз мулоҳазаларини билдиришади, албатта.

Мактабгача таълим ташкилотларининг биридан қувониб, биридан ўйланиб қайтар эканмиз, аксарият раҳбарларда тиллари учида турган мулоҳазаларини, дарду ташвишларини айтишга юқоридаги бошлиқларидан истиҳола қилишларини, мабодо айтган тақдирларида ҳам чексиз хавотирга тушишларининг шоҳиди бўлдик. Ният – холис,  ғоя – пишиқ-пухта бўлса, у жамият, халқ, ишхона манфаатларига наф келтирса – бундан нимага қўрқиш, ҳадиксираш керак? Сўз эркинлиги, фикрлар хилма хиллиги – фақат матбуот ва оммавий ахборот воситалари учун эмас. У ҳамма учун, ҳар бир фуқаро, ҳар бир ходим учун ҳам! Ана шундагина жамиятда якка ҳокимлик ва турғунлик эмас, янгиланиш ва  ривожланиш бўлади. Жумладан, мактабгача таълим тизимида ҳам.

Рислиқхон  МАЖНУНОВА,

«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Муҳаммаджон ЮСУПОВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь