ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34921
05 December, 2024, 02:21
Давлатобод туманидаги «Иссиқлик манбаи» давлат корхонасига қарашли умумий қуввати 56 МгВт бўлган марказий қозонхона томонидан 152 та кўп қаватли уйдаги 7592 та хонадон ва 22 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик таъминоти етказиб берилади.
2023-2024 йил куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш учун мазкур тўртта қозон шай ҳолатга келтирилиб, кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тақсимлаш пунктлари (ИТП) босимли сув ёрдамида синовдан ўтказилди.
Корхона раҳбари Адҳамжон Тожибоевнинг айтишича, замонавий талаблар асосида такомиллиштирилган «РК-1» қозонхонасининг бир қатор афзалликлари бор. «Ёпиқ тизим» усулида ер остига ётқизилган 29,5 километр масофадаги иссиқлик тармоғи махсус ҳимоя қатлами билан қопланган ва замонавий ахборот технологиялари воситасида тизимли ишлайди ҳамда назорат қилинади. Ҳар бир уйга махсус иссиқлик тақсимлаш қурилмаси ўрнатилган. Қаерда носозлик юзага келса бу ҳақда автоматик тарзда операторлик пунктига хабар йўлланади. Россиядан келтирилган қувурлар ишлаб чиқарувчи томонидан 50 йилга кафолат берилган.
Иситиш мавсумида табиий газ сарфи 11 616 853 м3ни ташкил қилади. Бошқача айтганда, 16,67 миллиард сўм маблағ тежалади. Энергия самарадорлик 56,9 фоиздан - 95 фоизга ортиб, иссиқликни йўқотиш кўрсаткичи 35 фоиздан 3,5 фоизга ҳамда мос равишда тармоқларни таъмирлаш 80 фоизга камаяди. Атроф-муҳит мусаффолигига зарар етказилмаслиги ҳам эътирофга сазовор.
Иссиқликнинг узатилиш ҳарорати 85 даража бўлса, бу хонадонларга кириб боришда 5 фоизгагина йўқотилади. Таққослайдиган бўлсак, аввалги қозонхонага нисбатан энергия тежамкорлик деярли 100 фоизга ортгани маълум бўлади.
Мавсумда икки нафар оператор, бир нафар чилангар ва бир нафар электрик фаолият олиб боради. Сменада алмашиш ҳисобига жами 12 нафар мутахассис хизмат вазифасини бажаради.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
Муҳаммаджон ЮСУПОВ (фото).
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти