Қисқа сатрларда

Ғўзанинг вилт касаллиги

Анор шираси – хавфли заракунанда

Ахсикентда I-II асрларга оид кўзача бутун ҳолатда топилди

Наманган вилоятидаги натижалар ва янги лойиҳалар ҳақида ахборот берилди

Президент мактаби: синовлар бошланди

13 July, 2025, 01:52

Жамият

Президент мактаби: синовлар бошланди

  • 07.Июля.2025
  • 69

Наманган вилоятининг Давлатобод тумани “Юксалиш” массивидаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги қошидаги тест синовлари маркази, Наманган давлат техника университети ва унинг қошидаги академик лицей, Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази биноларида Президент мактабига кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бошланди.

Ўзига хос билимлар синовида умумтаълим мактабларининг 4-синфини тамомлаган 4 минг 713 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. Танлов даражаси шунчалик юқори бўлмоқдаки, бир ўрин учун 197 талабгор рақобатлашмоқда.

Таъкидлаш жоиз, ҳар тўрттала объектда имтиҳонларга пухта ҳозирлик кўрилди. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари жамоат тартибини сақлашга масъул бўлишса, вилоятдаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари муаллимлари имтиҳонларга кузатувчи сифатида бириктирилган. Қолаверса, имтиҳон жойларида ўқувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари учун зарур шароитлар яратилган.

– Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида агентлигимиз тизимида 14 та Президент мактаби ҳамда 200 дан ортиқ ихтисослаштирилган мактаблар ва саккизта ижод мактаблари ташкил этилди, – дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги бўлим бошлиғи Ойбек Усмонов. – Шу йилнинг 20 июлига қадар давом этадиган айни синов жараёнларида республикамиз бўйича 230 мингдан ортиқ номзодлардан ушбу мактабларга ўқиш учун аризалар келиб тушди. Уларнинг 23 мингга яқини наманганлик ёш талабгорларни ташкил этади. Имтиҳон жараёнларини шаффоф тарзда ўтиши махсус ишчи гуруҳлари томонидан доимий тарзда назорат қилиб борилмоқда.

Президент мактаби ўқувчиси бўлиш истагидаги номзодлар учун имтиҳон саволлари дунёга машҳур Буюк Британиянинг Кембриж университети “Cambridge assessment international education” бренди остида фаолият юритувчи имтиҳон кенгаши томонидан тайёрланган. Илк босқичда даъвогарлар белгиланган 60 дақиқа давомида математика фани бўйича 30 та топшириқдан иборат тест саволини ишлади. Дастлабки синовдан ўтган 480 нафар талабгор кейинги босқичда ахборотни таҳлил қилиш ва солиштириш қобилиятини аниқлаш бўйича мантиқ элементлари бўлган математика фанига оид 40 та масала, инглиз тилидан эса 40 та тест саволига жавоб топиши лозим.

Имтиҳон жараёнлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, 2019 йилда республикамизда биринчилардан бўлиб ташкил топган Намангандаги Президент мактабини тамомлайдиган битирувчиларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июлидаги “Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда давлат гранти асосида қабул қилинади. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь