Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 08:45

Жамият

ПРЕЗИДЕНТНИНГ ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИДА

  • 17.Июня.2020
  • 3223

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, вилоятимизда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиб, холисона ҳал этмоқдами? Мазкур қабулхона мудири Муҳиддин ВАЛИЕВ билан суҳбатлашган мухбиримиз ушбу масалаларга ойдинлик киритди.

– Қабулхонамизда мурожаатчилар учун барча шароит ва қулайликлар яратилган, – дейди М. Валиев. – Кутиш заллари, она ва бола, тиббиёт хоналари замонавий жиҳозланган. Мурожаат этаётган фуқароларнинг ариза ва шикояти белгиланган тартибда холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаётганидан аҳоли мамнун.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят, туман ва шаҳар халқ қабулхоналарига 3 минг 342 та мурожаат келиб тушган бўлса, шулардан 88 фоизи тезкорлик билан ҳал этилди. Буларнинг аксарияти уй-жой, ер, коммунал соҳа, иқтисодиёт ва тадбиркорлик, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий соҳага оид масалалардир. Бир сўз билан айтганда, халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг ҳаётий муаммоларини тезкорлик билан шу ернинг ўзида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда. Одамларнинг оғирини енгил қилиб, давлатга, адолатга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.

– Шикоятларни соҳалар бўйича тавсифласангиз янада тушунарлироқ бўларди...

– Аризаларнинг 290 таси табиий газ, электр таъминоти, тоза ичимлик суви ва коммунал тўловларни ҳисоблаш масалалари, 255 таси уй-жой, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш, 204 таси алимент масаласида, 272 таси моддий ёрдам олиш масаласида ҳамда 183 таси иш билан таъминлаш бўйича рўйхатга олинган бўлса, шулардан 2555 таси қаноатлантирилди. 313 таси бўйича асослантирилган тушунтириш берилди. 588 таси эса тааллуқлилиги бўйича тегишли давлат ва бошқа хўжалик органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

– Ҳар бир ариза ортида жойлардаги масъул мутасаддиларнинг бепарволиги, мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлиги, ўз хизмат вазифасини талаб даражасида бажармаганлиги ҳолати мужассам дейишимиз мумкинми?

– Албатта. Қабулхонамизда ариза, шикоят ва таклифларга тезкор ечим топиш билан бирга, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини атрофлича таҳлил этиш, йўналишлар бўйича мониторинг қилиш ҳам йўлга қўйилган. Таҳлиллар натижаси вилоятимизда аҳолини қийнаётган асосий муаммолар тизимини аниқлаш ва бу борада зарур қарорлар қабул қилишга асос бўлмоқда. Умуман олганда, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганишда сусткашликка йўл қўйганлиги учун 3 нафар мансабдор шахс маъмурий, 19 нафари эса интизомий жавобгарликка тортилди. Масалан, фуқаро М. Норқўзиеванинг Мингбулоқ туманидаги Халқ қабулхонасига мурожаати ўз вақтида ўрганилиб, зарур чора кўрилмаганлиги учун, туман Бандликка кўмаклашиш марказига тақдимнома киритилди ва марказ ходими интизомий жавобгарликка тортилди.

 Норин туманида 15 нафар фуқаронинг мурожаатини кўриб чиқишда қонун талабларига риоя қилинмагани ҳолати юзасидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритилиши таъминланди ва ушбу мурожаатлар ўз ижобий ечимини топди.

– Муаммолари ҳал этилган фуқароларнинг халқ қабулхонаси фаолиятидан мамнунлиги нималарда намоён?

– Ишонч – бу инсон учун бахт омилларидан бири. Айтиш мумкинки, Президентнинг Халқ қабулхонаси бугун фуқароларнинг умид-ишонч манзилига айлана олди. Наманган аҳли ўзининг янги ғояларини ҳаётда акс эттиришда, муаммоларини орзулар рўёби билан алмашишда айнан шу манзилга ишонч билдирмоқда.

 Косонсой тумани, Жар маҳалласи аҳолисини мактаб масаласи йиллар давомида қийнаган. Қишнинг чилласи-ю ёғингарчилик кунларда узоқ масофани босиб, қўшни қишлоққа иложсиз қатнаб таълим олаётган ёшлар учун бу масалага ниҳоят ечим топилди. Набихон ота Саломовнинг маҳалла номидан халқ қабулхонасига мурожаати қисқа фурсатларда кўриб чиқилиб, ижрога киритилди. 8,2 миллиард сўм маблағ эвазига қурилаётган 420 ўринли мактаб сентябрь ойида ўқувчиларни бағрига олади.

Наманган шаҳридаги Юқори Ровустон маҳалласида яшовчи А. Абдуалимов ўз мурожаатида маҳалла аҳолиси учун тоза ичимлик суви тармоғи тортиб берилишини сўраган. Наманган шаҳар халқ қабулхонасининг саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур маҳаллага 150 млн. сўм маблағ сарфланиб, 2,5 км. масофага тоза ичимлик суви тортиб берилди ҳамда 600 та хонадон ичимлик суви билан таъминланди.

 Янгиқўрғон туманига қарашли Тошкент маҳалласида яшовчи Д. Отабоеванинг Қорасув маҳалласи канализация тизимини янгилаш масаласида муожаати ижобий ҳал этилиб, 550 млн. сўм маблағ сарфланди ва 700 метр масофада канализация тармоғи тортиб, ишга туширилди.

Шунингдек, Поп тумани, Ўрта Хонобод маҳалласида яшовчи Ж. Қўшматовнинг аҳолига жиддий талафот етказаётган селхонани таъмирлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилиб, селхона таъмирланиб, бетон тўсиқлар ва сув қувурлари ўрнатиб берилди.

– Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби бугунги кундаги долзарб масалаларни ҳал қилишда қабулхонанинг ҳиссаси қандай бўляпти?

– Қабулхонага келиб тушган кўплаб мурожаатларда бандлик муаммоси ўз ифодасини топгани ҳолда, буларга муносиб ечим ҳам топилмоқда. Косонсой туманидаги 28 гектар ер майдони 220 нафар кам таъминланган, кўмакка муҳтож ёшларга 8 сотихдан бўлиб берилди. Қурилаётган иссиқхоналар энди ёшларнинг даромад манбаи бўлади. Хориж мамлакатларида ишлаб, минг бир қийинчиликларни бошдан ўтказган Баҳодир Тошпўлатов ҳам бугун ўз элида ўз ерига, ўз даромадига эга бўлди.

Кўп тармоқли фермер хўжалигини йўлга қўйишга киришган «Ибодулла ГОЛД инвест» ФХ раҳбари дастлаб ер майдони етишмовчилиги сабаб муаммоларга дуч келди. Ушбу масалалар билан халқ қабулхонасига борди ва шу ерда қийнаётган муаммосига ечим топишига эришди. Косонсой туманининг чекка ҳудудидан унга ер майдони ажратилди. Ҳозирда 120 та қорамол, 225 бош қўй, 25 та туяқуш ва 30 қути асалари боқаётган хўжалик раҳбари бу ишлар ҳажмини янада кенгайтириш ниятида.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, Халқ қабулхонаси аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашда қатор ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, «Террий Жар Текстил» корхонасида ишлаётган 700 нафар ишчининг 60 нафари айнан Халқ қабулхонаси мутасаддилари тавсияси билан ишга қабул қилинди.

– Пандемия шароитида қабулхона тўлақонли фаолият юритдими?

– Пандемия даврида фуқаролардан мурожаатларни қабул қилишни тўхтатиб қўйганимиз йўқ. Вилоят ва туман халқ қабулхоналарининг барча «Ишонч телефон» рақамлари ишламоқда. Вилоят Халқ қабулхонасининг (69) 226-10-00 рақамли телефон ва виртуал қабулхона орқали мурожаатлар қабул қилиниб, уларни ўз муддатида ўрганиш чоралари кўрилмоқда.

Ечимини топган ҳар бир масала шу пайтгача қийнаб келган инсонни камолга етаклайди, ўзининг, оиласининг эртасига, келажагига бўлган ишончини юксалтиради. Шундай экан, Президент Халқ қабулхоналари бу эзгу йўлдаги саъй-ҳаракатини, меҳнатини давом эттираверади.

Халқ қабулхонасига мурожаат қилаётган ҳар бир фуқаро ўзини қийнаб келаётган катта-ю кичик миқёсдаги муаммоларни ҳал этиш умидида келар экан, ана шу умидни сўндирмаслик чораларини кўриб, халқимизнинг давлатга бўлган ишончини янада ортишига кўмакчи бўлаётганимиздан миннатдормиз. Зеро, халқ дарди билан яшаб, одамларнинг мушкулини енгиллатиш зиммамиздаги залворли ва масъулиятли устувор вазифалар сирасидандир.

– Мазмунли ва тафсилотларга бой суҳбатингиз учун ташаккур.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь