Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 11:38

Жамият

ПРОФЕССИОНАЛ ТАЪЛИМ – ДАВР ТАЛАБИ

  • 15.Августа.2020
  • 6996

Президентимиз томонидан 2019 йилнинг 6 сентябрида «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон, ушбу муҳим ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарори қабул қилиниб, профессионал таълимни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиблари белгилаб берилган эди.
Профессионал таълим тизимини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилиш мақсадида қабул қилинган мазкур ҳужжатлар ижроси хусусида вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Баҳодир ТОЖИМАТОВ билан суҳбатлашдик.

– Баҳодир Шаробиддинович, меҳнат бозори бевосита мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, кадрлар тайёрлаш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилади. Бу жараёнда энг асосий талаб янги профессионал таълим тизимига қўйилмоқда. Яқинда қабул қилинган қарор ва шу асосда тасдиқланган Низомдан кўзланган мақсад ҳам худди шундай. Бу борадаги сизнинг фикрларингиз қандай?
– Аввало, таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиздаги профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашмаганлиги, Ўзбекистоннинг Миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилмаганлиги сабабли тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига тўсқинлик қилаётган эди. Шу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимига асос солинди.
Ислоҳотлар натижасида бугунги кунда вилоятимизда 27 та янги бошланғич профессионал таълим тизимида кадр-лар тайёрлайдиган касб-ҳунар мактаби,  17 та ўрта профессионал таълим тизимидаги коллеж, 19 та ўрта махсус профессионал таълим тизимидаги техникум ташкил этилди.
Касб-ҳунар мактабларида Халқаро таснифлагичнинг 3-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда икки йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларнинг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим амалга оширилади ва битирувчиларга эгаллаган мутахассислиги бўйича фаолият юритиш ҳамда келгусида олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш ҳуқуқини берувчи диплом берилади.
Коллежларда Халқаро таснифлагичнинг 4-даражасига мос келувчи таълим дастурлари асосида Халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда икки йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакл-ларида тўлов контракт ёки давлат буюртмаси бўйича давлат гранти асосида таълим олишлари мумкин. 
Техникумларда Халқаро таснифлагичнинг 5-даражасига мос келувчи ва олий таълим тизими билан интеграция-лашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ўқувчиларнинг ўқишлари касблар ва мутахассислик-ларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда камида икки йил муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида тўлов контракт ёки давлат буюрт-маси бўйича давлат гранти асосида амалга оширилади. Ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўладилар. 
Профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра, гуруҳларни тўлдириш камида 12 нафар ва энг кўпи билан 30 нафар ўқувчи доирасида белгиланади.
Зарур ҳолларда буюртмачиларнинг таклифлари асосида касблар ва мутахассисликлар бўйича ўқитиш харажатларининг қопланишидан келиб чиқиб, гуруҳдаги ўқувчилар сони 12 нафардан кам бўлиши ҳам мумкин.
– Низомда профессионал таълим – иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболлари ва кадрларга бўлган реал эҳтиёж, иш берувчиларнинг таклифлари асосида шахсларнинг таълим олиши алоҳида таъкидланган. Табиийки, соҳага доир янги тушунчалар пайдо бўлди. Шу ҳақда батафсил тўхталиб ўтсангиз.
– Низомда профессионал таълимга доир бир қатор тушунчаларга изоҳ берилган. Жумладан, фаолиятимизга профессионал таълим, касбий компетенция, профессионал стандарт, табақалаштирилган таълим дастури, ўқитишнинг дуал тизими каби янги тушунчалар киритилди. Улар орасида айримларига тўхталиб ўтиш зарур. 
Касбий компетенция – бу билим, кўникма ва амалий тажриба асосида касбий фаолиятга тегишли вазифаларни бажаришда фаолият юритиш қобилияти ҳисобланади. Профессионал стандарт эса ходимга маълум бир касбий фаолият турини, шу жумладан, маълум бир меҳнат функциясини бажариш учун зарур бўлган малака талабларидир.
Ўқитишнинг дуал тизими ҳам биз учун янги бўлган жараённи ўз ичига олади. У таълимнинг назарий қисми таълим муассасасида, амалий қисми иш жойларида ташкил этиладиган ўқитиш тури бўлиб, бу тизим Европа давлатларида ўзининг ижобий натижасини берганлиги ҳаммамизга маълум. Ўқитишнинг дуал тизимида касб-ҳунар ўрганувчини бир вақтнинг ўзида ҳам назарий, ҳам амалий билимларни мукаммал эгаллаши, иш берувчининг талабига мос кадр бўлиб етишиши учун замин яратилади.
Табақалаштирилган таълим дас-турлари асосида кадрлар тайёрлашда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда профессионал таълим жараёнларига ўқитишнинг кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Кредит-модул тизими – ҳар бир ўқув модули таркибини тузишга асосланган модулнинг ўқув натижалари ва якуний назоратни кузатиб бориш орқали таълим олувчиларнинг билим, кўникма ва компетенцияларини мунтазам равишда баҳолаб борувчи ўқув дастурини ўзлаштириш жараёнини ташкил этиш тизими ҳисобланади.
– Авваллари кадрларни тайёрлашда барқарор иқтисодиёт талаблари инобатга олинмаган, касб-ҳунар ўқувчи томонидан бир томонлама ёндашилган ҳолда танланган. Бугунги талаб қандай?
– Иш берувчиларнинг талаб ва так-лифларига асосан кадрларга бўлган реал эҳтиёжни инобатга олган ҳолда иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари учун зарур бўлган малакали мутахассисларни тайёрлаш ҳамда жамиятнинг касблар ва мутахассисликларга бўлган талабларини қондириш, меҳнат фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш, маҳаллий ва халқаро таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, замонавий инновацион ўқув лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш учун малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш – профессионал таълимнинг асосий мақсадидир. Бу, мамлакатда ишсизлик даражасини камайтириш, иш ўринларининг доимийлигини таъминлаш, меҳнат бозорида тажрибали кадрларни етиштиришга хизмат қилади.
Профессионал таълим муассасалари ҳудудларнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва географик шароитларини, меҳнат бозорининг тегишли соҳа мутахассисларига бўлган талабини, манфаатдор вазирлик  ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳамда олий таълим тизими билан интегра-циялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни ҳисобга олган ҳолда фаолият юритади.
Профессионал таълим муассасаларининг ўқувчилари ва ходимларига ижтимоий кафолатлар, қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар қонун ҳужжатлари, профессионал таълим муассасасининг устави асосида белгиланади. Шунингдек, коллежлар ва техникумларда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари жорий этилиши айни муддао бўлди.
– Аввалгисидан фарқли равишда янги Низомнинг 106-бандида ўқувчилар ҳуқуқлари ҳақида сўз боради. Сизнингча, бунда энг эътиборли жиҳатлар қайсилар? 
– Ушбу муҳим ҳужжатда ўқувчиларнинг таълим муассасаси фаолиятига доир масалаларни муҳокама ва ҳал этишда бевосита ёки билвосита (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари орқали) иштирок этиш, белгиланган тартибда профессионал таълим муассасалари маъмуриятининг буйруқлари устидан шикоят қилиш, иш берувчилар томонидан тавсия қилинган иш жойларида ишлаш бўйича мурожаат қилиш, олий таълим муассасасининг тегишли йўналишларида таълимни давом эттириш мақсадида суҳбатларда қатнашиш каби ҳуқуқлари белгилаб қўйилди.
Шунингдек, ўқувчилар ўрта махсус профессионал таълим дастурида, профессионал таълим муассасасининг уставида, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
– Ўқувчи ўқиш давомида маълум бир сабабларга кўра ўқишини бошқа таълим муассасаларига кўчириш мумкинми? 
– Ўқувчилар ўқишини бошқа таълим муассасалари кўчириш ҳам Низомда кўрсатилган бўлиб, ёзги таътил даврида, тегишли курс (семестр)да ўқув машғулотлари бошланишига қадар амалга оширилиши белгиланган.
Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш масалалалри анча соддалаштирилган бўлиб, аксарият ҳолларда бу жараёнлар таълим муассасасининг ўзида амалга оширилади. Бошқа таълим муассасаларига кўчириш ва қайта тиклаш истагидаги ўқувчиларнинг аризалари тегишли касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси томонидан, бир минтақадаги профессионал таълим муассасасидан бошқа минтақанинг (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) профессионал таълим муассасасига кўчириш вазирлик томонидан кўриб чиқилади.
Давлат гранти асосида таълим олаётган ўқувчилар ўқишини кўчириш ёки қайта тиклашда уларга давлат гранти асосида таълимни давом эттириш имконияти берилади.
– Профессионал таълимни шакллантириш жараёнида нодавлат ҳамда халқаро профессионал таълим муассасаларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган. Бу қандай тартибда амалга оширилади?
– Профессионал таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида таълим, илмий ва бошқа фаолият соҳаларида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эгалар. Шунингдек, таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорлиги хорижий жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ҳам амалга оширилиши мумкин. Хорижий давлатларнинг таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма бўлимлар (факультетлар) белгиланган тартибда ташкил этилиши билан бир қаторда, профессионал таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
Белгиланган тартибда профессионал таълим муассасалари ходимлари халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларга малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларига жалб этилиши мумкин. Профессионал таълим муассасалари хорижий давлатларнинг фуқароларига таълим хизматларини кўрсатишни ташкил этиш ва ривожлантириш учун белгиланган тартибда мазкур давлатлар фуқаролари ўртасида касбга йўналтириш тадбирларини ташкил этиши мумкин.
– «Ҳаёт давомида таълим олиш» принципи асосида фаолият юритилар экан, демак, аҳолининг турли қатламлари учун қўшимча ўқув курслари ҳам ташкил этилиши керак...
– Жуда тўғри. Профессионал таълим муассасаларида қўшимча касблар ва мутахассисликлар бўйича квалификацияларни эгаллаш, жумладан, тракторчи, комбайн оператори, тегишли тоифадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ва бошқа касбларни олиш истагидаги аҳолининг турли қатламлари учун ўқитиш муддати 6 ойдан ошмаган интенсив ва қўшимча ўқув курслари ташкил этилиши мумкин. Мазкур ўқув курслари битирувчиларига белгиланган тартибда ташкил этилган имтиҳонларни муваффақиятли якунлаганидан сўнг келгусида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган давлат намунасидаги сертификат ёки гувоҳнома берилади.
Таълим олиш билан биргаликда ўқувчиларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур билимларни бериш ва уларни келгусида ўз бизнесини ташкил этиши юзасидан методик қўллаб-қувватлаш тадбирларини амалга ошириш ҳам белгиланган.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Суҳбатдош: Акрамжон САТТОРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь