Қисқа сатрларда

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

02 May, 2024, 12:43

Жамият

Профессионал журналист (тўйхат ўрнида)

  • 08.Ноября.2023
  • 224

Журналист ва ҳажвчи-адиб Одилжон ИНОМОВ – 60 ёшда

Бу иборани ҳамма журналистга ҳам қўллаш имкони йўқ. Саноқли профессионал журналистлар орасида Одилжон Иномовнинг алоҳида ўрни бор. Ижодий фаолиятининг қирқинчи, умрининг 60-довонида Одилжон Иномов устоз журналист мақоми билан олқишга сазовор бўлиб турибди.

Журналистика соҳасида илк ижодий фаолиятини Чортоқда туман газетасида бошлаган Одилжон Иномов ўқувчилик йиллариданоқ таҳририятга келиб, газетада мақола чиқаришга ошиқмаган.

Раҳматли Мамажон ота етти фарзандининг кенжаси бўлган Одилжонда бир зиё пайқадики, пойтахтда фаолият юритувчи, «ҳарбий ёзувчи» номи билан машҳур журналист Ҳамид Тожибоевга ўғилчасини рўбарў қилиб, – Ҳамидхон? шу ўғлимни ўзингиз тарбиялаб берасиз. Мактабини битирса,  Тошкентга – олдингизга боради, – деб тайинлайди.

Ўшанда Одилжон 6-синф ўқувчиси эди. Орадан йиллар ўтди. Мактабни тамомлаган йигит акаларига раҳматли дадасининг орзусини, узоқроқ қариндошлари бўлмиш Ҳамид Тожибоевнинг лафзини эслатади.

Тошкент полиграфия техникумида таҳсил олаётган Одилжон Ҳамид Тожибоевнинг юриш-туриши, баъзан тун кечалари, баъзан тонг саҳардан столга мук тушганича нималардир ёзишини кузатар, журналистга хос маданиятига ҳавас қиларди.

Юрагига тушган худди шу ҳавас учқунлари кейинчалик алангалана бошлади. Техникум таҳсилидан кейин ҳарбий хизматга бориб келгач, Чортоқ туманлараро босмахонада иш бошлади.  Иш орасида туман газетасининг қишлоқ хўжалиги бўлими мудири Содиқжон Даминовдан топшириқлар олиб, хабар, лавҳалари билан газета саҳифаларида кўринди. Бу кичик муваффақиятлар онажониси Саломат аяга олам-жаҳон қувонч бағишларди. 

Олти ўғлон ва бир қизни соғлом ўстириш, бировдан камитмаслик чораси билан куйманувчи онани қувонтириш Одилжонга ўзгача иштиёқ берди. Энди у оддий хабарлар ёзиш билан чекланмасдан йирик ҳажмдаги лавҳа, репортаж, танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишга киришиб кетганди. Булар шунчаки ҳавас, оддий қизиқиш эмас. Жиддий орзу, ният, аниқ мақсадли интилишлар эдики, босмахона ва таҳририятдаги чиниқиш билан Одилжон Иномов Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирди.

Одилжон вилоят марказида, «Халқ иродаси» газетасида – нисбатан кенгроқ муҳитда ишлай бошлади. Энди у бир қанча лойиҳалар бўйича ўз таклифларини  вилоят раҳбарияти олдига қўйишга чоғланди. Вилоятда ёшлар нашри бўлиши ҳақидаги таклифи билан «Камолот» газетаси чоп этила бошлади. Қўшни вилоятларда аллақачон нодавлат телевидениелари ташкил этилиб, фаолияти ривожланмоқда. Наманганда «Бизнес фонд» раҳбари Жакбарали Мустақимов муассислигида «Ташаббус» реклама-тижорат студиясига асос солинди. 

Янги телестудияни зарур жиҳозлар билан таъминлаш, водийликларга сифатли кўрсатувлар тақдим этиш учун малакали ижодий-техник ходимлардан иборат жамоани шакллантириш О. Иномов зиммасида бўлди.

Қисқа муддатда ўз мухлисларини топиб улгурган «Ташаббус» телестудиясидан кейин «Шарқ» телевидениесига асос солган О. Иномов янги-янги кўрсатувлар ғояси билан тележурналистларга ибрат бўла олди. У профессионаллик масъулия-ти билан бир пайтлар ташкиллашга ўзи бош бўлган «Камолот» ёшлар газетасида муҳаррирлик қилди.

«Устозларсиз ҳеч ким бўлмасдим!» Бу гап яқинда  Одилжон Иномовнинг «Истеъдод зиё пресс» нашриётида чоп этилган «Мен билмаган дунё» биографик очерк китобидаги сарлавҳаларнинг бири. Китоб билан танишиб, Одилжон чин маънодаги устоз кўрган шогирд эканидан қувонасиз.

Филология фанлари номзоди Маҳмуджон Маъмуров, публицист адиб Муҳаммаджон Тожиддинов, тажрибали матбаачи Саъдулла Ғайбуллаев, Омонулла Қамбаров, Талаббой Назиров, Собиржон Турғунов, Фарҳод Йўлчиев, Ғуломжон Акбаров, Йўлдошали Самиев, Тожиддин Ғозиев, Жумавой Мусаев, Абдуғани Абдувалиев, Абдулла Жаббор, Маҳмуджон Парпиевлардан олган касбий сабоқлари ўзига ҳамон асқотаётганини Одилжон миннатдорлик билан эътироф этади.

Қўлига умид билан қалам тутганки киши  фақат журналистик жанрлардаги ижод билан чекланолмайди. Бу одатий анъанами ва ёки истеъдод соҳибларининг томирсурар туғма иқтидорими, ажратиш қийин.

Одилжон Иномов «ХХI аср» республика газетасининг водий вилоятлари бўйича мухбири лавозимида ишлаганида ҳам Журъат, Одилжон Муҳаммад тахаллусларида ҳажвчилик бўйича  бадиий ижод билан астойдил шуғулланиб келмоқда.

«Табассум» радиожурнали, «Муштум» сатира ва юморлар мажалласи саҳифаларида Одилжон Муҳаммад қаламига мансуб ҳажвиялар саксонинчи йиллардан бошлаб эълон қилиб келинади.

Кейинги йилларда вилоят ҳокимлиги муассислигидаги ижтимоий-сиёсий нашр «Наманганская правда» газетасига муҳаррирлик қилаётган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси  Одилжон Иномов замонавий медиамайдонда ҳам ўзига хос ташаббускорлиги билан ижодий қобилияти ва истеъдодини ёрқин намоён этмоқда.  У газетачиликдаги салоҳияти билан бир пайтда газета сайти ва телеграмм каналида, шунингдек, фейсбукдаги «Журъат» саҳифаси орқали омманинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиб келаётир.

Бадиий ижод намуналари эса «Хўжайин, неча пуллик кулдирай?», «Ҳолвани ким еди?» деб номланган китоб-лари орқали мухлислари қўлига етиб, халқ маънавий мулкига айланди.

– Одилжон акадан кўп нарса ўрганиш мумкин, у фазилатли замондошларимиздан, – дейди ҳамкасбларимиздан бири «Халқ иродаси» журнали муҳаррири Хуршидбек Файзиев. – Яқинда Одилжон Муҳаммаднинг «Мен билмаган дунё»  китобини  ўқидим.  Муваффақият кўп китоб ўқишда эмас,  яхши китобни кўп бора ўқишдалигини яна бир бор англадим.  

Инсон қайси касб-ҳунар ортидан муваффақият қозонмасин унинг энг вафо қиладиган давлати, қувончининг барқарорлиги оиладаги бахтли муҳит билан тотимлидир. Одилжон турмуш ўртоғи Муқаддасхон билан уч фарзандни тарбиялаб эл корига қўшишди. Элёрбек, Дониёрбек ва Соҳибахон ўзларидан кўпайишиб, илм-салоҳиятлари билан эл-юрт тараққиётига ҳисса қўшишмоқда. Беш ини ва ёлғизгина сингил Раҳимахон опа ота уйларини обод қилиб умргузаронлик қилаётган Одилжоннинг хонадонида тез-тез дийдорлашиб, меҳр ришталарини мустаҳкамлашади. Шояд, бу хонадонда ҳамжиҳатлик ва меҳр-муҳаббат мудом барқарор.

Олтмиш ёш қутловлари ва қирқ йиллик ижодий меҳнат фаолияти давомидаги эришган муваффақиятлари ила янги довонларни кўзлаб, қаламини астойдил чархлаган куйи соҳага, ҳаётга, одамларга меҳр қўйган ҳамкасбимизнинг умрига, ижодига баракот, ўзига мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Носир АББОС, 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раҳбари.

 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь