Қисқа сатрларда

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Шавкатжон Абдураззоқов: «Фестивалга тайёргарлик ишларини тезроқ якунлаш керак!»

14 May, 2024, 08:39

Жамият

РАҚОБАТ МУҲИТИ ВА ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ ҲИМОЯСИ УСТУВОРДИР

  • 08.Июня.2020
  • 1046

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 28 май куни бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди. Мухбиримиз ушбу масала юзасидан вилоят монополияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи Акмалжон АБДУЛЛАЕВ билан суҳбатлашди.

– Бугунги кунда мамлакатимиз барқарор ривожланиши учун албатта иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этади, – дейди А. Абдуллаев. – Фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш учун юртимиз жаҳон иқтисодиётида муносиб ўринни эгаллаши зарур. Бу борада соғлом рақобат асосий иқтисодий жараёнларни тартибга солиш, моддий неъматларни тақсимлаш, истеъмолчиларнинг манфаатларини қаноатлантиришнинг оқилона воситасидир. Ҳолбуки, рақобат зарур даражада ўзини-ўзи тартибга солишга қодир эмас. Шу сабабли бозор оқилона фаолият кўрсатиши учун рақобат шароитида мавжуд муносабатларни махсус қонун билан тартибга солишни талаб этади. Агар рақобат бўлмаса, интилиш, ривожланиш ҳам бўлмайди. Демак, рақобат иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ўз манфаатларини тўлароқ юзага чиқариш, яъни яхши даромад топиш, ўз мавқеини мустаҳкамлаш, ўз қобилиятини намоён этиш учун бошқалар билан курашишдир.
– Соғлом рақобат муҳитини таъминлашда қандай чора-тадбирлар зарур? 
– Юзаки қараганда маҳсулот нархининг бошқаларникига нисбатан арзон бўлиши ютуқдек. Лекин эндиликда асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали нархларни пасайтириш ва сифатни оширишга қаратишимиз керак. Халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим. Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Охирги 10 йилда монополияга қарши сиёсатнинг олиб борилиши натижасида, вилоятимизда монополиячи корхоналар сонини 31 тадан 11 тага ёки 64 фоизга, монопол маҳсулот ва хизматлар эса 29 тадан 15 тага ёки 48 фоизга қисқартиришга эришилди. Бунинг ёрқин ифодасини тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, мавжуд тўсиқларга барҳам бериш, хомашё ресурсларини олишга кенг имкониятлар яратилиши натижасида яққол кўриш мумкин. Қурилиш ашёлари, мебель, электр жиҳозлари, сут, гўшт ва нон, енгил саноат маҳсулотлари ва салқин ичимликлар ишлаб чиқариш бозорларида ҳамда транспорт, умумий овқатланиш, мулкларни баҳолаш, маиший хизматлар бозорида рақобат муҳити аввалдан шаклланган эди.
Вилоятимизда 2020 йил 1 июнь ҳолатига монополист корхоналар давлат реестрига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар сони 11 тани, маҳсулот ва хизмат тури 15 тани ташкил этади. Бошқармамиз томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида 24 та товар (иш, хизматлар) ва молия бозорларида ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилиб, якунлари юзасидан тегишли товар бозорлари бўйича 4 та хўжалик юритувчи субъектларни монополист корхоналар давлат реестридан чиқариш ва 1 та хўжалик юритувчи субъект бўйича реестрга ўзгартириш киритиш бўйича қўмитага таклифлар берилди. 
Бундан ташқари, биржа савдоларига мажбурий тарзда қўйиладиган монопол маҳсулотлар тури кўпайтирилиб, 38 турдаги юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотлар, хомашё ва материаллар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида сотилиши белгиланди.
– Замон талаби даражасида иш юритишда кўпроқ нималарга эътибор қаратилади ва қандай назорат қилинади?
– Ҳудудий бошқарма томонидан вилоятдаги монополист корхоналарнинг маҳсулотларини биржа савдоларига белгиланган жадваллар асосида қўйилиши қатъий назоратга олинган. Ички бозорнинг товарлар билан тўйинганлик даражасини баҳолаб бориш юзасидан вилоят ҳудудига олиб келинган (импорт) тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилган хўжалик юритувчи субъектлар тўғрисида маълумотлар олиниб, таҳлил ишлари олиб борилади. Эндиликда, давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши самарали тизимни жорий этиш, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан барча раҳбарларни рақобат асослари бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.
– Монополияга қарши курашиш самарадорлиги йўлида ҳуқуқий база етарлими?
– Дарвоқе, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш ҳам давр талабидир. Қўмитанинг асосий вазифаси бўлган товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилинади. Бунда хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеини суиистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, инсофсиз рақобат кабилар аниқланади. Ҳар қандай ноқонуний, қинғирликларга чек қўйилади. Қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсири баҳоланади. Давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўйилмайди. Бунинг учун қўмита фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида шаҳар ва туманларда рақобат муҳитини, тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд захиралар ва истеъмолчилар учун яратилган инфратузилмалар таҳлилини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, вилоятда 2020-2022 йилларда рақобат муҳитини яхшилаш ва истеъмолчилар ҳимояланганлигини ошириш бўйича ҳудудий дастур ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилмоқда. 
Бир сўз билан айтганда, ички бозорда рақобат муҳитини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини ошириш мамлакатнинг барқарор ривожланишида, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлади.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь