Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

15 May, 2024, 08:27

Жамият

СИНОВЛИ ДАМЛАРДА САХОВАТЛИ ВА ФАОЛ БЎЛИШГА ИНТИЛДИК

  • 29.Декабря.2020
  • 784

Исломбек ҚУТФИДДИНОВ,
Наманган шаҳридаги «Imron textile group» корхонаси директори, «Yoshlar - kelajagimiz» жамғармаси Наманган вилоят бўлими раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳиби:

- Президентимиз иштирокида Тошкентда бўлган Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқини муҳташам «Ҳумо арена» саройида ўтириб тингладим. Мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур анжуман ҳаётимдаги унутилмас муҳим воқеалардан бирига айланади.
Давлатимиз раҳбари бизга йўллаган ўз мурожаатида коронавирус пандемияси даврида ёшлар «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатида фаол қатнашганини алоҳида таъкидлади.
Ҳа, синовли 2020 йил ортда қолмоқда. Карантиннинг ваҳимали кунларида Президентимиз ва вилоятимиз раҳбарлари билан елкама-елка туриб, кам таъминланган, молиявий қийналган одамлар учун саховат кўрсатишда ўрнак бўлишга интилдик. Эҳтиёжманд оилалар ҳолидан доимо хабар олишда имкон қадар хайрия ишларимиз билан иштирок этдик. Қувонарлиси, «Yoshlar - kelajagimiz» жамғармасининг имтиёзли кредитидан фойдаланиб, ишлаб чиқариш фаолиятини намунали йўлга қўйган йигит-қизлар ҳам ташаббус билан чиқишди. «Биздан нима ёрдам, қандай хизмат бор. Маблағимиз ва озиқ-овқат маҳсулотларимиз билан кўмак беришга ҳозирмиз», дейишди.
Ўша таҳликали дамларда ўзим ҳам тадбиркор сифатида 50 хонадонни оталиққа олдим. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган «Саховат ва кўмак» жамғармасига ҳам ҳиссамни ўтказдим. «Биз бепарво эмасмиз, биз меҳр улашамиз!» дея кунларни тунларга уладик. Шукурки, мана, юзимиз ёруғ бўлди, барчасини ҳамжиҳатликда, бир-биримизга оқибат кўрсатиб, қўллаб-қувватлаб енгяпмиз!

Самимий ва кўтаринки руҳда кечган анжуманда Юртбошимиз навқирон авлод вакилларида бизнес кўникмаларини ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратди. Касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали махсус сертификат олган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада микрокредитлар ажратиш юзасидан зарур чоралар кўрилишини, бу кредитлар 7 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан берилишини билдирди.
Дарвоқе, бизнес - ҳам ишим, ҳам қизиқишим. 2011 йилдан бери трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган хусусий корхонани бошқариб келаман. Корхонада 100 нафардан зиёд хотин-қизлар меҳнат билан банд. Тадбиркорликдан йилига яхшигина даромад оляпман. Маҳсулотларимизни Россия, Украина, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларига жўнатмоқдаман. Йиллик экспорт ҳажми эса 1 миллион АҚШ долларидан иборат. 
Истиқлол тенгдошиман, ўз йўналишимда кўплаб ютуқларга эришдим. Тенгқурларимни, тадбиркорлик ва кичик бизнес бошламоқчи бўлган укаларимни, сингилларимни «Yoshlar - kelajagimiz» жамғармаси орқали уларга мақсадли ва имтиёзли кредитлар ажратиб, лойиҳаларини тайёрлаш, ривожлантириш ва амалга ошириш, тажрибаларини орттириш учун қўллаб-қувватлашга бор куч-ғайратимни, имкониятимни сафарбар этаман. Маълумот ўрнида, биргина Наманган вилоятида ҳозиргача 550 нафарга яқин ёшларга имтиёзли тарзда 150 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари йўналтирилди.

«Янги Ўзбекистон»нинг Намангандаги мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь