Қисқа сатрларда

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

20 April, 2024, 10:11

Жамият

Сирли рейс – афғон хотиралари

  • 09.Мая.2022
  • 833

Бундан 43 йил аввал, яъни 1979 йили бошланиб, қарийб сал кам ўн йил давом этган Афғонистондаги жанговар ҳаракатларга Наманган вилоятидан 4 минг 500 нафардан зиёд аскар жалб этилган. Уларнинг 327 нафари қонли тўқнашувларда ногирон бўлиб қолган. Афсуски, 70 нафар ҳамюртимиз урушда ўз ҳарбий бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган. 400 киши эса юртимизга қайтиб, уруш таъсирида узоқ яшай олмай, вафот этган. Албатта, бу ҳам урушнинг энг оғир асоратларидир.
Дарҳақиқат, умрлар бор унутилмас хотирага ўхшайди. Яқинда оиламизда қайғули воқеа содир бўлди. Уйимизнинг файзи ва устуни табаррук отажонимиз бу дунёдан кўз юмдилар. Отам тўрт йилдан ортиқ дард билан курашдилар. Аммо...
Аслида отам 1979-1989 йиллар оралиғида Афғонистондаги урушдаёқ маънан-руҳан адо бўлгандилар. Пок инсонлар қўлида тарбия топган отам у ердаги уруш манзараларидан, қонли даҳшатлардан юраги чил-чил сингани ҳақиқат. Лекин бир оқила аёлнинг ҳаётга бўлган қарашлари, мулоҳазали ўй-фикрлари отамнинг яшашга, ҳаётда ўз ўрниларини топишга иштиёқини уйғота олган. Гўзал муҳаббат, чиройли турмуш самараси бир қизалоқ ва икки ўғилни эл-юрт корига ярайдиган олий маълумотли сифатида тарбия топишига замин бўлди. 
Тўрақўрғон фахри, Усмоновлар сулоласининг вакили Самидулло Усмонов 1964 йилда Наврўз байрами арафасида дунёга келган. Меҳрга тўла онанинг гўзал тарбияси билан болакай ўзига китобни яқин дўст тутганди. Мактаб кутубхоначиси Саида опа, уни зиё масканидаги барча китобларни ўқиб бўлгани, ҳатто баъзиларини икки маротаба ҳам ўқиб чиққани ҳақида хотирлайди. Шунданми, биз фарзандларнинг ҳам мутолаа завқига муҳаббатимиз ўзгача.
Мактабни аъло баҳоларга битиргач, ҳозирги Наманган муҳандислик-қурилиш институтига давлат гранти асосида ўқишга киради. Турли соҳаларда тажриба ошириб, «Тўрақўрғон нефть база» унитар корхонасида ўз ўрнини топганди. 
Қариндошлар, маҳалла-кўй орасида намунали оила сифатида ном қозонган Самидулло Усмонов оиласидан етишиб чиққан фарзандлар ҳозирда нуфузли ташкилотларда ўз фаолиятларини олиб бормоқдалар. 
Отажоним ўша мудҳиш урушни шундай хотирлар эдилар...
«– Деярли текис жойга ётиб олганим учун бошим устидан учиб ўтаётган ўқларни қаердан отилаётганини билмай саросимага тушиб қолдим. Мендан олти-етти метрча ён томонда туркман йигити Сафаргелди катта тош ортига яшириниб олганча, мени ҳам тинмай чорлай бошлади. 
Қани энди иложиси бўлса-ю, ўша тош ортига ўта олсам. Автоматимни олдимга ўтказишга ҳаракат қилаётганимда душман кўзи тушдими шундоққина бошимдан тўрт бармоқ тепага теккан ўқдан тошлар учди. Илож топиб, катта тош ортига ўтдим. Бир оз нафасимни ростлагач взводдаги йигитларнинг исмини айтиб, бирма-бир чақирдим. Ҳаммадан тасдиқ олганимдан кейин кўнглим ўрнига тушди. 
Барчага қимирламай ётишни буюриб, ўзим қаердан ўқ отилаётганини аниқлашга киришдим. Бир оздан кейин чамаси узоқликдаги қалин арчалар орасидан бир нарса ялтирагандек бўлди. Дурбин орқали кузатиб, ўқ ўша жойдан отилаётганига ишонч ҳосил қилдим. Ҳудуд ҳақидаги маълумотларни алоқачига айтиб қисмга хабар беришини тайинладим. Орадан ярим соатлар ўтгач, осмонда вертолётлар пайдо бўлди ва шу заҳоти биз белгилаб берган ҳудудни ўққа тутди. Ўқ овозлари тинди. Взводдаги йигитларга бир жойга йиғилишни буюрдим.
Лекин ичимизда Коля йўқ эди. Унинг яширинган жойини тезда топдик. Қонга беланиб, ҳушсиз ётарди. Елкасидан яраланиб, кўп қон йўқотганди. Коляни пастга олиб тушишни тўрт йигитга буюриб, қолган сафдошларим билан ўқ отилган жойни текшириш учун жўнадик.
Харсанг ва ёввойи арчалар ёнида ковланган чуқурларда ётган ўлганларни саноқдан ўтказдик. Олти киши. Чет эл қуроллари, сув ва овқат қолдиқларидан билдим-ки, улар бир неча кун ташқарига чиқмай бизни кутишган. Мурдаларни чуқурларга кўмиб, қурол-яроғларини олиб взводга қайтарканмиз, йигитларнинг ўта чарчаганлигини сездим.
– Сафар қаердасан? – мурожаат қилдим, доимо ҳазиллашиб юрадиган туркман йигитга.
– Эшитаман, ўртоқ сержант.
– Сени хизматинг тугашига қанча қолди?
– Ўртоқ сержант, баракаси ўчмасин деб санамаяпман.
Ҳамма кулиб юборди. Взводда жонланиш пайдо бўлди.
Кайфиятни йўқотмаслик учун давом этдим.
– Армиядан қайтганингдан кейин биринчи ўринда нима иш билан шуғулланасан? 
– Овқат ейман, ухлайман. Тураман ва яна овқат ейман, яна ухлайман.
– Нима, Гиннеснинг рекордлар китобига дунёдаги энг «мечкай» одам деган ном билан кирмоқчимисан? – кулди, украиналик Василий деган йигит.
Унинг кулгусига ҳамма қўшилди. Ҳазул-ҳузул гаплар бошланди. Уларни гапга солиб қўйиб атрофни кузатганча хаёлга берилдим. Ўзбекистонни, онажонимни соғиндим. Ака-ука, қариндошларим бир-бир кўз ўнгимдан ўтишди. Айниқса, Афғонистонда эмас, балким Польшанинг Познан шаҳрида, деб ўйлайдиган онамга ачиниб кетдим. Чунки, хавотирга солмаслик учун биринчи мактубимда Афғонистонда эканлигимни яшириб, хизматни Польшада бошладим, деб ёзгандим. Мана ҳозир бу ерларга келганимга саккиз ойдан ўтганига қарамай уйдагиларим урушда юрганимдан бехабар.
Афғонгача беш ой Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида хизмат қилгандим. Акам келиб кўриб кетганди. Менга сержант унвони беришди. Орадан бир ҳафта ўтгач бошқа шаҳардаги қисмларга жўнашимиз маълум бўлди. «Хизматни қолганини қаерда давом эттирамиз?» – деган саволимизга қисм командиримиз: 
– Омадларинг бор экан. Россиянинг Калининград шаҳрига борасизлар. Қисмларинг ажо-йиб жойда жойлашган. Бир томони ўрмон, иккинчи томони бир-биридан гўзал қизлар тўлиб-тошган рус қишлоғи. Ҳар куни ўйин-кулгу. Шаҳар бир қадам. Умуман олганда, хизмат қилгани эмас, дам олгани кетаяпсизлар, – деб кўнглимизни қувончга тўлдирди.
Ўша куни кечга томон тайёргарлик кўриб туришимиз топширилди. Кечки овқат ҳам ҳар кунгидан тўкинроқ ташкил қилинди. «Тинчликми? Нима сабабдан бунчалик ҳаракат?» – деган саволимизга «Узоқ вақт учасизлар. Шунинг учун яхшилаб овқатланиб олинглар», деб жавоб беришди. Хурсандчилик билан кечки овқатдан келсак ҳаммамизга солдат сумкаларини топширишди. Сумкада энг керакли нарсалар билан консерваланган бир неча хил овқат, бир буханкадан нон бор эди. Ўша вақтда бунга эътибор ҳам бермадим. Чунки, ҳамма шерикларим қатори фикри хаёлим Россия ўрмонларида эди. Тунги соат 02:00ларда машиналарга ўтиришга буйруқ бўлди. Қизиқувчанроқ солдатларни берган «Нима учун ярим тунда жўнаяпмиз?» – саволига «У томонларга кундузги рейс йўқ» – деган жавоб олдик.
Аэропортга келиб, ТУ-154 самолётига ўтирар эканмиз, биздан ташқари яқиндагина хизматга келган 150 нафарга яқин бошқа солдатлар ҳам борлигини кўрдим. Ҳамма хурсанд, гитаралар чалинган,  қўшиқлар куйланган. Самолёт осмонга кўтарилиб маълум бир вақт парвоз қилганидан сўнг салон бўйлаб қиз боланинг чиройли овози таралди:
«– Ҳурматли ҳарбийлар. Самолётимизга хуш келибсизлар! Маршрутимиз Ашхабод-Афғонистон. Учиш вақти 1 соату 55 минут. Кема командири ва экипаж сизларга кўнгилли парвоз тилайди!».
Самолёт салонига шу даражада сукунат чўкдики, ҳозиргача баданларим жимирлаб кетади. Гўёки ўлимга маҳкум қилинган инсонни жаллод олдига олиб борилаётган вазиятга ўхшади. Биз ёш болалардек алданган эдик. Лекин бунга кўнишга ҳам мажбур эдик…».
Яратгандан тилаймизки, Афғонистондан омон қайтган байналмилалчи жангчиларнинг умрлари узоқ бўлсин. Шаҳидларнинг охиратлари обод бўлсин!

Хуршидахон УСМОНОВА,
вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи сектор мудири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь