Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 04:35

Жамият

СЎЗДА – ҚУДРАТ, ТАСВИРДА – ҲАҚИҚАТ

  • 26.Июня.2021
  • 770

Янгиланаётган Наманган вилояти телерадиокомпанияси Наманганнинг бутун бўй-бастини намоён қилувчи ойнаи жаҳон. Телекўрсатувларда, эшиттиришларда барча соҳалардаги ўзгаришлар ўз аксини топиши лозим. Бу эса, албатта, телерадиожурналистлардан изланишни, касбий маҳоратни оширишни, энг муҳими, ижодий ва соғлом рақобатни тақозо этади. Байрам арафасида жамоатчи мухбиримиз Наманган телерадикомпанияси директори – Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг ҳудудий телерадиоканаллар масалалари бўйича маслаҳатчиси Муҳаммаджон Мақсудов билан вилоят «зангори экран»ида амалга оширилаётган ижодий ва бунёдкорлик ишлари ҳақида суҳбат уюштирди.

– Муҳаммаджон Боймирзаевич, Наманганда бундан тўқсон йил аввал дастлаб радио ташкил топгани, водийда биринчи бўлиб «Радио уйи» қурилганини манбаларда ўқиганмиз. Умуман, вилоят теле ва радиоканалининг шонли тарихи, илк кўрсатувни эфирга олишнинг ҳаяжонли ва машаққатли онлари тўғрисида қисқача сўзлаб берсангиз.
– Ҳа, 1932 йилнинг баҳорида Наманганда илк марта радио овози янграган ва у фаолиятини вилоят марказидаги Мулла Қирғиз мадрасаси хонақоларидан бирида бошлаган. Кунора радиогазета ҳам чиққан. 1950 йилларда радиоэшиттиришлар юқори савияга кўтарилади, радиожурналистикаси ва радиожанрлар ривожланади. Маҳаллий эшиттиришлар халқ хўжалигида зарур ва муҳим роль ўйнаган. 1968 йилда вилоятимизда 10 та туман радиоси, чекка қишлоқлар, дала шийпонлари ва корхоналарда 100 га яқин радиоузеллар, 30 минг атрофида радио шохобчалар мавжуд бўлган. 1970 йилга келиб вилоят миқёсидаги радионуқталар 130 мингтага етди. 1980 йилда телевизион ретранслаторлар қурилди. Приёмник ва телевизорлар сони 5,5 мингта эди. 
Наманган овозини биринчи бор эфирга олиб чиқиш устозлар – машҳур санъаткор Раззоқ Ҳамроев, Дилдора Аҳмедова (охиратлари обод бўлсин!) ва Абдуғани Абдувалиевга юкланди. Абдуғани ака радиога чинакам вафо кўрсатган. У нафақат моҳир сухандон, таниқли ҳажвчи ва журналист, шу билан бирга, биринчи режиссёр бўлиб, радиофонотека (лентага муҳрланган ноёб ёзувлар хазинаси)ни йўлга қўйди. 1981 йилда «Радио уйи»га Наманган шаҳрининг қоқ ўртасидан, сўлим Янгиариқ бўйидан жой ажратилган. Қурилиш учун 1 миллион сўм йўналтирилган, уч йил мобайнида битказилган. Шундай қилиб, водийда ўшанда ягона радиокошона Наманганда қад кўтарган. Мен ўша йилларда вилоят радиосида бош муҳаррир эдим. Республика радиосининг «катта қозони»да қайнаб келгандим. Радиодаги услуб ва жанрларни публицистик руҳ билан бойитишга интилдим. Дала шийпонларидан, корхона ва ташкилот ҳовлиларидан «Келинг, очиқчасига гаплашайлик», «Ошкора мулоқот» каби ҳозиржавоб эшиттиришларга, мавсумий «радиойўқламалар» ўтказишга асос солинди. «Қопқон» сатирик дастури шов-шувга айланиб, тингловчилар қалбидан жой эгаллади.   
Ниҳоят, тажриба-синов кўрсатуви олинадиган 1990 йилнинг 17 октябрь санаси етиб келди. Бир соатлик кўрсатувни видокассетага тушириш учун 16 соат вақт кетди. Съёмка жараёни тунги соат 2 да тугади. Шунча вақт давомида не кўйга тушилганини илк кўрсатув қатнашчилари, студия меҳмонлари ўз кўзи билан кўрди. Кўрсатувни Андижон ретранслятори эфирга тарқатиши учун тасвирни алоқа кабели орқали Андижонга узатишнинг мутлақо имкони йўқ. Видеомагнитофонни қўшни вилоятга етказиш учун енгил машинада йўлга тушилганида соат тунги 4 ни кўрсатарди. 18 октябрь соат 8.00. Наманганда қолганларимизнинг нигоҳи телевизорда эди. «Наманган» радиосининг позивнойи жаранглаб, экранда «НВТ кўрсатади» деган ёзув чиққанида қувончимизни таърифлашга қалам ожиз эди. Андижондан қайтган икки фидойи ҳамкасбимизни қучоқ очиб қутлашди. 1992 йилда Наманган радиосининг 60 йиллик юбилейи вилоят ҳокимининг қарори билан кенг нишонланди...

– Наманган телерадиокомпанияси мустақиллик йилларида ҳар томонлама такомиллашди, замонавий моддий-техника билан тўла-тўкис таъминланди, фаолияти гуллаб-яшнади. Айтинг-чи, ўтган йилларда вилоят ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий ҳаётидаги янгиликларни яратишда «олтин фонд» қанчалик бойитилди?    
– 1990 йилларда «Наманган» телеканали ҳафтасига атиги бир соат эфирга чиқарди. Ҳозир эса мазкур рақам кунига узлуксиз 18 соатдан иборат ҳолда вилоятлар телеканаллари ичида энг катта кўрсаткич бўлиб турибди. Вилоят ТРКлари орасида  биринчи бўлиб 2004 йилда радио (ҳозирги номи «Олтин замин») FM тизимига уланган, 2015 йилда эса телерадиоканал замонавий рақамли форматга ўтиш ишларини якунлаган. Айни пайтда кун давомида тўғридан-тўғри эфир ҳажми телеканалда 6 соатни (4 марта 2 соатдан), радиода 10 соатни ташкил этади. Муҳим тадбирларда бундан ҳам ортиши мумкин. Таъкидлаш жоиз, ҳозирда 100 дан зиёд ижодий-техник ходимлар меҳнат қилаётган телерадиокомпаниямизда ислоҳотларга мос ранг-баранг лойиҳалар, мобиль репортажлар, вилоятлар билан ҳамкорликда қўшма телевизион дастурлар, турли ток-шоулар, кўчма студиялар сифатли тарзда тайёрланяпти. Президентимиз ташаббуси билан жорий йилдан «Маҳалла раиси - ислоҳотчи» номли туркум кўрсатувларда жонкуяр маҳалла раисларининг фаолияти ёритиляпти. Биласиз, техника воситаси билан боғлиқ ижодий жараён осон кечмайди. 2000 йилда вилоят телерадиокомпанияси учун барча қулайликларга эга қўшимча телемарказ биноси тикланди. Германиянинг «Сименс» дастурига биноан «SX» телевидеоаппаратуралари ўрнатилди. Ижодий жамоа янги ғайрат билан ишлай бошлади. 
Дарҳақиқат, сўзда қудрат, тасвирда ҳақиқат мужассам. Кўрсатувларда бугуннинг энг долзарб муаммолари, истиқлол туфайли юзага чиққан қадриятларимиз, айниқса, маънавий ҳаётимиздаги ўзгаришлар ўз ифодасини топмоқда. Кейинги йилларда вилоят телера-диокомпаниясида тайёрланган қатор кўрсатув ва эшиттиришлар турли йўналишлардаги республика ижодий танловларида фахрли ўринларга сазовор бўлмоқда, ижодкорларимиз эътироф этилиб тақдирланмоқда, кўплаб ютуқларни қўлга киритишмоқда. Истеъдодли, касбини севадиган ёш кадрларни ишга қабул қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам доимо эътиборимизда.

– ТВ – тараққиёт билан ҳамқадам экан, тележурналистлар замон талаб ва эҳтиёжларига жавоб бериши даркор. Шу маънода теле ва радио маҳсулоти мазмунли тайёрланиши учун қулай шароит ва имконият кўнгилдагидек бўлиши керак. Бу борада вилоят телерадиокомпанияси биносида қурилиш, мукаммал таъмирлаш жараёнлари қизғин кетаётганига гувоҳ бўлдик. Олиб борилаётган улкан бунёдкорлик қамрови ва келгуси ойдин режалар билан ҳам ўртоқлашсангиз.
– Наманган ТРКнинг эфир узатиш қамрови 99.5 фоизга етказилиб, бу водий вилоятлари, балки қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларининг чегара олди вилоятларида ҳам кузатиш имконини яратмоқда. 2016-2021 йилларда компания ривожланиш босқичига ўтди. 2018 йил Ўзбекистон МТРК томонидан қиймати 1 миллиард сўмдан ортиқ эфирга беришга мўлжалланган сервер комплекти ўрнатилди. Давлат тадбирлари ва спорт мусобақаларини тўғридан-тўғри воқеа жойидан узатиш учун 8 камерали кўчма телевизион станция келтирилди. 2018 йилда SD видеокамералар фаолияти тўлиқ тугатилиб, HD форматда тасвирга олувчи видеокамера ва масофали микрофонлар (кабелсиз) билан таъминланди. 2020 йил мобил симкарталар орқали республиканинг исталган ҳудудидан тўғридан-тўғри эфирга чиқиш имконига эга awives қурилмаси ҳамда бевосита VPN билан ишловчи техник қурилмалар сотиб олинди. Бу орқали яқинда 2021 йил 23-31 май кунлари бўлиб ўтган «60-Халқаро гуллар фестивали» тўлиқ форматда Наманган ТРК орқали жонли эфирга узатилди. Телемарказ биносида жойлашган 150 м2 телестудияга давр талаби бўлган электрон декорация билан ишловчи 18 м2 LED монитор харид қилинди ҳамда 2000 йил қурилган телевидения биносини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 2,5 миллиарддан зиёд пул ажратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ҳамда вилоят фаоллари иштирокидаги 9-сонли йиғилиш баёнининг 35-бандида кўрсатиб ўтилган «Наманган вилояти телерадиокомпанияси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, 8 камерали кўчма телевизион станция сотиб олиш, қўшимча 450 м2 студия қуриш» юзасидан лойиҳа ишлари тамомланиб, қурилиш-монтаж ишларига 9 млрд. 381 млн. сўм маблағ йўналтирилган. Бугунги кунда таъмирлаш жараёнлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Кейинги босқичда 450 м2 студия техник жиҳозлаш ҳамда кўчма телевизион станция сотиб олиш учун республика бюджетидан 4.5 млн. евро (60 млрд. сўмдан зиёд) маблағ ажратиш инвестиция дастурида кўзда тутилган.
Юқоридаги амалий саъй-ҳаракатлар натижасида яқин йилларда вилоят телерадиокомпаниясининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай замонавийлик касб этади. Энг сўнгги асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Информацион, бадиий, мусиқий, ток-шоулар, сиёсий дебатлар каби йўналишлардаги кўрсатувлар учун алоҳида студиялар ташкил этилади, сифат ва мазмун-мундарижа кескин оширилади. Тезкор информацион дастурлар тўғридан-тўғри марказий телеканалларга мунтазам равишда узатилади. Кадрлар малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, журналистика факультетлари битирувчиларини фаолиятга мақсадли жалб қилиш юзасидан ўқув маркази ҳам очилади.

– Муҳаммаджон ака, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг ҳудудий телерадиоканаллар масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамсиз. Ибратли ҳаёт йўлингизга ҳавас қиламиз. Умрингизни безаган яхши хабарлардан мисол келтира оласизми?
–  Албатта, бу оғир, лекин шарафли касбни танлаб, фаолият бошлаганимга ҳам 47 йил тўлибди, 30 йилдан бери раҳбарлик лавозимларида эл хизматидаман. 2012 йилда «Олтин қалам» Халқаро миллий мукофоти совриндори, 2013 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени ва 2014-2019 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида «Меҳнаткаш сенатор» кўкрак нишони соҳиби бўлдим. Кўплаб хорижий мамлакатларга бориб, халқаро телеканаллар тажрибасини ўрганиб келганман. Тўрт йилдирки, ЎзМТРК раисининг маслаҳатчиси сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга деярли ҳар ойда бориб, мавжуд муаммоларни илғаб бартараф қилишда, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этишда қатнашяпман, маҳорат сабоқлари ташкиллаштиряпман. Шукур, 20 нафардан ортиқ шогирдим етакчи марказий ОАВларида самарали ишлашяпти, уларнинг ўнга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган. Фурсатдан фойдаланиб, барча ҳамкасбларга бугунги сана қутлуғ бўлсин, дейман. Илоҳим, уларни ўткир нигоҳ, холис фикр, мустаҳкам саломатлик ва сўнмас илҳом асло тарк этмасин.  
– Мазмунли суҳбатингиз ва самимий тилакларингиз учун ташаккур, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муборак бўлсин!

Орифжон ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь