Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 03:21

Жамият

СВЕРДЛОВСК ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТАШРИФИ

  • 27.Ноября.2019
  • 1130

Россия Федерацияси Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан вилоятимизда бўлди.
Меҳмонлар Наманган халқаро аэропортида миллий ва умумэътироф этилган меҳмондўстлик анъаналарига мувофиқ кутиб олинди. Дастлаб вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Евгений Куйвашев билан бўлиб ўтган тор доирадаги учрашувда томонлар ўзаро музокараларнинг муваффақиятли ўтиши ҳамда имзоланиши режалаштирилган келишув ва битимлар ҳақида фикр алмашилди.

Икки вилоят вакиллари иштирокида кенгайтирилган тарзда ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар ҳамкорлик алоқалари ўзаро манфаатли асосларда тобора кенгайиб бораётгани яна бир бор таъкидланди.

– Ўзбекистон ва Россия вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлик анъаналарини давом эттираётган давлатлардир, – деди  вилоят ҳокими Хайрулло  Бозоров. – Икки давлат президентлари – Шавкат Миромонович Мирзиёев ва Владимир Владимирович Путиннинг саъй-ҳаракатлари билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланиб бораяпти. Бу Наманган ва Свердловск вилоятлари ўртасида 2017 йилда Наманган делегациясининг Свердловскка илк ташрифи билан йўлга қўйилган ҳамкорлик янада амалий аҳамият касб этаётганида ҳам ўз ифодасини топаяпти. Биродарлашган вилоят делегациясининг жавоб қадами, яъни бугунги ташрифи бу борадаги мақсадларимиз рўёбида муҳим роль ўйнайди.

Учрашувда қайд этилдики, Наманган вилояти ва Россиянинг турли регионлари билан савдо, иқтисодий, маданият, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ҳамда спорт соҳаларида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2017 йилда  вилоятда Россия сармояси иштирокидаги 23 корхона фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирга келиб бундай субъектлар сони 47 тага етди ва жорий йилнинг ўн ойида умумий товар айланмаси 165 миллион долларни ташкил этмоқда.

Айни пайтда Наманган ва Свердловск вилоятлари ўртасида логистика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм йўналишларида аниқ лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда ва қисқа вақт ичида мазкур лойиҳалар рўёбга чиқарилади. Жорий йилда Наманган Давлат университетида Урал Давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма факультет очилгани  икки вилоятнинг бундай лойиҳаларни қандай тезкорлик билан ҳаётга татбиқ эта олишини кўрсатди.

– Наманган Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан жадал ривожланиб бораётган вилоятларидан бири эканлигини яхши биламиз, – деди Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев. – Ва бу регион билан ҳамкорликни ривожлантиришдан биз ҳам манфаатдормиз.

– Масалан, Свердловск юқори малакали тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш салоҳиятига эга. Ёки Урал совуқ иқлимли ўлка бўлгани боис мева-сабазавот маҳсулотларига ҳамиша эҳтиёж ва талаб катта. Мана шу икки йўналишнинг ўзида катта лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин. Шунингдек, бугунги кунда Свердловскдаги 70 дан зиёд йирик компаниялар Наманганга катта қизиқиш билдирмоқда. Демак, саноат, савдо, илм-фан, таълим, маданият ва санъат, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларида икки вилоят маъмурияти ва ишбилармонлари учун жуда самарали ва амалий ҳамкорлик истиқболлари очилаяпти.

Учрашувда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Анваржон Ҳакимов, вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Хайрулло Файзуллаев, Наманган Давлат университети ректори Музаффар Эсонов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов, вилоят архитектура бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Султонов; Свердловск томонидан қурилиш индустрияси уюшмалари раҳбари Дмитрий Дегтеров, қишлоқ хўжалиги министри Владимир Денисов, Урал Давлат тиббиёт университети ректори Ольга Ковтун ва бошқа мутасаддилар томонидан ўзаро ҳамкорлик истиқболларини белгилайдиган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Учрашув ва музокаралардан сўнг Наманган вилояти ҳокимлиги билан «СиАйТи Терминал» АЖ ўртасида «Ўзбекистон» йўл харитасини амалга ошириш, «Центр семейной медицины» АЖ ўртасида Наманган вилояти аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиш, «Группа Свердлов Электро» ЁАЖ ўртасида ўзаро англашув меморандумлари, Наманган вилояти қурилиши бош бошқармаси билан Свердловск вилояти Қурилиш индустрияси корхоналари уюшмаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик келишувлари ҳам имзоланди.

Наманган вилояти ҳокимлиги ва Свердловск вилояти ҳукумати ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Ҳужжатга асосан, икки вилоят ўртасида саноат, савдо, илм-фан, таълим, маданият ва санъат, туризм, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида ташкил қилинган вилоятда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш индустрияси  ва бошқа маҳсулотлар кўргазмаси билан танишиб, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқотда бўлдилар.

Куннинг иккинчи ярмида делегация Наманган Давлат университетида ижодкор, иқтидорли талабаларнинг халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандчилик йўналишида яратган ижодий ишлари, илмий-инновацион кашфиётлари кўргазмаси,  Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда очилган қўшма факультет фаолияти билан танишдилар.

– Жорий йилнинг октябрь ойидан фаолиятини бошлаган факультетга Урал давлат тиббиёт университети томонидан онлайн тарзда ўтказилган имтиҳонлар орқали 141 нафар дастлабки талабалар қабул қилинди, – деди факультет декани Н.Отамирзаев. – Факультет учун  тўрт қаватли бино ажратилган бўлиб, у тубдан таъмирланди ва ихтисослашувга мувофиқ жиҳозлар, ўқув-лаборатория воситалари, зарур адабиётлар билан таъминланди. Урал давлат тиббиёт университети томонидан жуда катта манбага эга бўлган электрон кутубхона базаси, телеклиника берилди. Дарс жадвалига мувофиқ белгиланган вақтларда онлайн машғулотлар ўтиш йўлга қўйилди. Айни вақтда факультетда стоматология, даволаш иши, педиатрия, фармацевтика йўналишларида таълим берилмоқда.

Қўшма факультет ўқитувчилари ва талабалари билан ўтказилган учрашувда мазкур факультетнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.

– Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий сиёсат, вилоят раҳбариятининг ташаббус ва изланиши, мавжуд имкониятлар келажакда ушбу факультет негизида тиббиёт институти ташкил топишидан далолат бермоқда, – деди  Урал давлат тиббиёт университети ректори О.Ковтун. – Ўша пайтда бу эзгу ишда бизнинг ҳам ҳиссамиз борлигини мамнуният билан эътироф этилишига ишонган ҳолда бугун қўлимиздан келган ёрдамимизни аямаймиз.

Учрашувда қўшма факультетнинг илк талабаларига талабалик гувоҳномаси тантанали тарзда топширилди. Университет талабалари томонидан намойиш этилган мусиқий дастур учрашувга янада кўтаринкилик бағишлади.

Кун якунида Свердловск делегацияси наманганликларга ўзига хос туҳфасини тақдим этди: Тўрақўрғон маданият марказида Урал давлат халқ академик хор жамоаси ўзининг миллий қўшиқ ва рақслардан тузилган концерт дастурини намойиш қилди. Концертга таклиф қилинган миллий маданий марказлар жамоаси, турли миллат вакилларининг кўтаринкилик кайфияти  вилоятда миллатларо дўстлик ва бағрикенглик бардавом эканлигини яққол намоён этди ва бу Россияда таниқли хор жамоасининг чиқишлари давомли қарсаклар ва олқишлар билан қўллаб турилганида ҳам ўз ифодасини топди.

Свердловск делегацияси ташрифнинг иккинчи кунини Наманган шаҳридаги Хотира хиёбонида «Мотамсаро она» ёдгорлиги по-йига гуллар қўйиш билан бошлади. Шундан сўнг меҳмонлар «Арт Софт Текс» корхонаси, «Афсоналар водийси» боғи, «Сhartak recort» санаторийси ва вилоят Рус миллий маданий маркази фаолияти билан танишдилар.

Акрамжон САТТОРОВ.

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь