Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 07:43

Жамият

Тирбандлик – «шаҳар касаллиги»ми?

  • 21.Июля.2022
  • 559

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳалар қатори транспорт коммуникация тармоқларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ўтган йиллар давомида магистрал йўллар қуриш, хорижий давлатлар билан транспорт алоқаларини йўлга қўйиш, йўлсозлик соҳасида замонавий техника ва технологияларни қўллаш, замон талабига жавоб бера оладиган мутахассис кадрлар тайёрлаш ва салмоғини ошириш борасида амалий ишлар  жонланди. Натижада, йўллар равонлиги ва автоуловларнинг  узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракати таъминланмоқда. Бу эса нафақат ҳайдовчилар, балки йўловчилар учун ҳам кенг  қулайликларга сабаб бўлмоқда. Узоғи яқин, оғири енгил бўлаётган йўловчилар ҳам яратилаётган бу имкониятлардан унумли фойдаланишмоқда. Нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларда ҳам бундай қулайликлар кўзга кўриниб қолди. 

Фаровонлик белгиларидан бири ҳисобланган автомобилларнинг тобора кўпайиб бораётгани баробарида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳам долзарблашмоқда.  Президентимиз ва ҳукуматимизнинг  ушбу масалага оид бир қатор фармон ва қарорлари, Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруқ ҳамда кўрсатмалари  асосида амалий ишлар олиб борилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.  

ОАВларда  йўл транспорти ҳодисалари ҳақида  ўқиркансиз, этингиз  жунжикади. Айниқса, унинг салбий оқибатидан хабар топгач, яна ҳам асабийлашиб, жабрланувчининг тақдирига куйинасиз. 

Бундай кўнгилсиз воқеаларга  нафақат, беэътибор ёки тажрибасиз ҳайдовчининг хатти-ҳаракати, балки йўлларда ҳосил бўлаётган  тирбандликлар, носоз йўллар ҳам  сабаб бўлаётганлиги ачинарли ҳол, албатта. Бу борада айрим қоидабузар йўловчиларни ҳам оқлаб бўлмайди. Сабаби,  улар махсус белгиланган  пиёдалар ўтиш жойларидан  ҳаракатланиш ўрнига хавфли эканини била туриб, юриб бораётган  машиналар орасидан ўтиб, ҳайдовчиларга халақит беришади.

 Бир сўз билан айтганда, йўловчига ҳам, ҳайдовчига ҳам қонуний чоралар белгиланиши ёки аксинча, бу муаммоларнинг олдини олиш учун йўлости  ва осма кўприклар ўрнатиш ишларини жадаллаштириш лозимга ўхшайди. 

Тирбандлик – «шаҳар касаллиги»,  деган атама ҳам бор. Қачонлардир бу атамани фақатгина шаҳарга қиёслаб  ишлатиш тўғри деб баҳолангандир, бироқ айнан ҳозирги кун сайин ривожланиб бораётган ҳаётда нафақат шаҳарда, балки қишлоқ жойларида ҳам, ҳатто маҳаллаларда ҳам бундай нохуш ҳолатлар кўплаб учрамоқда.  

Баъзи жойларда бозор кунлари бундай тирбандликда ҳаракатланиш шунчалик қийин кечадики, ... 

Жумладан, ўзим яшайдиган Варзик қишлоғида шанба – бозор куни деб белгиланган.  Қишлоқ марказида жойлашган 1 гектар ердаги бозорда инсон эҳтиёжи учун керакли бўлган барча маҳсулотни топиш мумкин. Бозор деб белгиланган жой катта йўлда жойлашганлиги боис бу ерда транспорт ҳаракатига ноқулайлик туғдириши билан бирга санитария  талаб-ларига умуман жавоб бермайдиган ҳолат ҳеч кимни ташвишга солмаганлиги ачинарли ҳол. Ноқонуний, бозор талаб ва қоидаларига гарчи жавоб бермасада,  ўзи учун шароит яратиб олган сотувчининг ҳам, харидорнинг ҳам бу масалада бош қотиришга ҳафсаласи йўқ. Афсуски, йўл четига тўшалган мато устига ёйилган полиз маҳсулотлари, тоғораларга солинган помидор, бодринг ...ва ҳоказо озиқ-овқат маҳсулотларини машиналардан чиқаётган заҳарли тутунию у ёқдан бу ёққа ҳаракатланиб ўтаётган одамлар қадамидан чиқадиган чанг-ғуборлар қоплаб олаётганлиги айни ҳақиқат.

Кимдир «Қишлоғимизда  қадимдан бозор мана шу марказда бўлган, одамларимиз шу ерга ўрганишган. Ҳайвон бозори ҳам шу ерда, ҳамма учун қулай», деса яна биров «Аслида замон шиддат билан ўзгараётган бир пайтда бундай фикрлаш манимча, нотўғри, Халққа қулайлик яратиш, оғирини енгил қилиш мақсадида бозорни бошқа жойга кўчириш лозим. Транспорт ҳаракатига ҳам, одамлар ҳаракатига ҳам халақит  қилинмасди», деган фикрларни билдиришади.  

– Тўғри, бозор қадимдан шаклланган, – дейди қишлоқ фуқароларидан бири Алишер Қосимов. – Бу ерда ота-боболаримиз асосан ҳайвон олди-соттиси билан шуғулланишган. Яқин йиллардан бери аёллар ҳам эҳтиёж учун бозорга чиқиб, шу тариқа бозор кенгайиб борган. Бунинг ечимини  топиш учун кимдир юқоридан буюриши ёки илтимос қилиши шарт эмас.  Айниқса, транспортлар тирбандлиги кишини хавотирга солади. Йўловчи ҳам, ҳаракатланаётган машиналар ҳам бир-бирига йўл бергиси йўқ. Чунки, тор йўлда ҳаракатланиш ҳар икки ҳолатда ҳам амри маҳол. Қишлоқнинг ёши улуғлари бирлашиб, бу масалага ижобий ечим топсалар бўларди. Аҳоли зич жойлашган қишлоқ марказига светофор ўрнатиш вақти келди, назаримда. Катта марказий кўчанинг ҳар иккала томонидаги маҳаллада ҳам болалар боғчалари, мактаблар, ўқув курслари жойлашганлиги инобатга олинса, бунга эҳтиёж катта. 

Бундай тартибсизликларни, яъни тирбандликларни бошқа жойларда, ҳатто, Чустда ҳам учратиш мумкин. 270 минг нафарга  яқин аҳоли истиқомат қилувчи мазкур  туман марказидаги ҳолатга  ечим топиш  нимагадир ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бу борада саъй-ҳаракатлар бошлангандир, бироқ кўзга ташланадиган натижа йўқ. Акс  ҳолда, бундай тирбандликлар ва тартибсиз ҳаракатланишларга барҳам берилган бўлар эди. Эрта тонгдан кун ботгунга қадар  ҳар кунги бир хилдаги тирбандликларни кўравериб, туман мутасаддиларига бу ҳолат оддийгина бўлиб қолган кўринади, назаримизда. Айниқса,  ҳафтанинг охирги куни – якшанбада бошқа  вилоятлардан, ҳатто, қўшни республикадан ҳам савдо ишлари билан ёки сайёҳ сифатида келувчилар кўпаяди. Ачинарлиси, йўловчиларнинг тартибсиз ҳаракати, яъни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишлари бу борада муаммо туғдириши аниқ. Айнан мана шу ҳолатга бефарқ бўлмасак,  нафақат,  ички ишлар бўлими ходимлари, балки,  ҳар биримиз  қоидабузар йўловчиларни тартибга чақирсак, тирбандликларнинг олди олинишига  озгина бўлса-да ҳиссамизни қўшган бўламиз. 

Маълумотларга кўра, тирбандликка қарши кураш   муаммосига хорижий давлатларда турли йўллар билан турли  усулларда ечим топилар экан. Жумладан, Афинада ойлар, ҳатто  ҳафта кунлари рақамли ҳайдовчи билан тугар экан. Римда эса шаҳарнинг маълум қисмида, яъни тарихий жойларида  саёҳат қилиш тақиқланиб, қоидага биноан белгиланган соатларда сайёҳлар қабул қилинар экан. Токиода эса барча йўлларда маълум қоидалар, белгилар  мавжуд бўлиб, аҳоли томонидан  бунга қатъий амал қилинади. Парижда ҳар  бир автоуловга махсус йўлаклар қурилган бўлиб, улар белгиланган  жойлардан ҳаракатланишади... 

Биз ҳам миллий менталитетимиздан  келиб чиқиб, бу муаммога ижобий ечим топиш устида бош қотиришимиз, ҳар томонлама қулай ва сифатли йўллар барпо этишга киришишимиз лозимга ўхшайди. Мутасаддилар бу фикримизни қўллаб-қувватласалар ажаб эмас.

Шоҳида ДАМИНОВА,
Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь