Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 02:33

Жамият

Тўйхат ўрнида: Олимлигу одамийлик

  • 17.Января.2024
  • 191

...Боланинг маъсум кўзларига диққат билан қараганмисиз? Агар шундай қилсангиз, унда сўнгсиз ҳайратни кўрасиз. Олам унинг учун мўъжиза эканини илғайсиз. Бу мурғак юракнинг сўроқлари шу қадар кўп бўладики, баъзан катталарни ҳам ўйга толдиради...

Шаробитдин ана шундай бола эди. Тўрт-беш ёшлигидан, борлиқ, ундаги ҳодисалар ҳақида фикр юрита бошлаганидан унинг саволларига жавоб топиш амримаҳол эди, кўпинча. «Нега асалари гулларнинг барчасига қўнмайди?», «Нима учун қуёш шунчалар иссиқ бўлатуриб, булутларни парчалаб юборолмайди?», «Нега гуллар бир жойда ўсса ҳам, ранглари ҳар-хил?»... 
Буларнинг барчаси бежизга эмас эди. Бу – бўлажак олим, биология фанлари номзоди, профессор Шаробитдин Тожибоевнинг болалиги эди.

У 1944 йилнинг 20 январида Тўрақўрғон тумани Шаҳанд қишлоғида дунёга келди. Отаси Жамолиддин ака, волидаси Хосият аялар колхозчи бўлишган. Афсуски, Жамолиддин ота у тўққиз ёшлигида ёруғ оламни тарк этди. Шаробитдин Тожибоевдаги фавқулодда истеъдод, балки умри ғўза чопиқ қилиб, пахта териб ўтган ота-онасининг энг олий орзуси бўлгандир?! 

Мактабга қадам қўйган қаҳрамонимиз таҳсилнинг илк соатларидаёқ устозлари меҳрини қозонди. Ундаги истеъдод ўқитувчиларнинг барчасини бирдек қувонтирар ва ҳайратга соларди. 

Устоз бу даврларни шундай эслайди:

– 3-синфни битираётган пайтимиз эди. Бир куни Фатхиддин устозимиз мени чақирди ва: «Мана бу саволларга тайёргарлик кўргин», – деди. Саволлар 4-синф дарслигига доир экан. Мен ўқидим, имтиҳонга тайёргарлик кўрдим. Имтиҳонда барча саволларга жавоб бериб, аъло баҳо олдим ва 4-синфни ўқимасдан, бирйўла 5-синфга қабул қилиндим.

– Мактабни 1961 йилда тамомлаб, Тошкент Давлат университетига ҳужжатларимни топширдим, – дея сўзини давом эттиради устоз. – Имтиҳонларнинг барчасини аъло баҳоларга топширдим, бироқ негадир мени талабаликка қабул қилмадилар. Қишлоққа қайтдим, отамнинг дўсти мени сотувчиликка ишга таклиф қилди. Бўш вақт топдим дегунча, қўлимга китоб олардим. Ягона мақсадим – институтда ўқиш, олий маълумотли бўлиш эди. 

Интилганга толе ёр, дейдилар. Шаробитдин Тожибоев 1962 йилда Тошкент Давлат университетининг биология факультетига ўқишга кирди. Биринчи босқични тугатиш имтиҳонини муддатидан ва ҳаммадан аввал аъло баҳога топширди. Бу жуда катта кўрсаткич  эди. Чунки, талабчан устозлар қаршисида фанлардан якуний имтиҳонларни аъло баҳога топшириш осон эмасди.

Таҳсилнинг ҳар бир босқичи уни университетда тобора машҳур қилиб бораётган бўлса, ҳар бир фан унинг учун очилмаган қўриқ каби сирли эди. Айниқса, умуртқасизлар зоологияси фани ўқитувчиси Суюма Ғаниевага унинг ҳурмати чексиз эди.

1967 йилда университетни тугатган Шаробитдин Тожибоевнинг илмий ишларига тупроқ сувўтлари бўйича мутахассис Карим Мусаев раҳбарлик қилди. У тупроқ сувўтлари соҳасини чуқур ўрганди. Тошкент вилоятида илмий тадқиқот ишларини олиб борди, тупроқ намуналарини шу ҳудудлар бўйича олди. 

Университетни тугатган ёш мутахассисни альгология лабораторияси мудири, биология фанлари доктори Аҳмадқул Эргашев ишга таклиф этди. У мана шу лабораторияда илмий фаолиятини давом эттирди. 1969 йилгача ТошДУда тубан ўсимликлар кафедраси стажёри сифатида фаолият олиб  борди. Шу билан бирга қатор экспедицияларда қатнашди. Улардан бири – география кафедраси томонидан ташкилланган Қашқадарё вилоятидаги тадқиқот ишлари бўлди. Бу жараёнда олинган натижалар асосида ТошДУ илмий тўпламида  мақоласи чоп этилди. Илмий-ижодий изланишлар самараси шу тариқа матбуот нашрларидан жой ола бошлади. 

Олиб борган илмий тадқиқот ишлари натижасида 1973 йилда Карим Мусаев раҳбарлигида «Тошкент вилояти тупроқ сувўтлари» мавзусида биология фанлари бўйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. 

Илмий изланишлари билан халқаро конференцияларда фаол иштирок этди. 1969-1974 йилларда ТошДУ тубан ўсимликлар кафедраси ассистенти сифатида ишлаётган ёш олим 1974 йилдан ўз фаолиятини Наманган Давлат педагогика институтида давом эттирди. 

1979 йилда Россиянинг Ростов-Дон университетига малака оширишга борди. Шу ерда илмий асарлар ёзишга аҳд қилди ва биринчи «Тубан ўсимликлардан амалий машғулот» китобини шу ерда чоп эттирди. Иккинчи китоби 1990 йилда нашрдан чиқди. У «Тубан ўсимликлар систематикаси» деб номланди. 

1991 йилда доцент илмий унвонига эга  бўлган Шаробитдин Тожибоев ўттиздан ортиқ илмий монография ва дарсликлар муаллифи. Шу кунгача 50 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилди. Бир неча шогирдлари альгология соҳасида диссертация ишларини Шаробитдин Тожибоев раҳбарлигида ҳимоя қилишди. 

Наманган Давлат университетининг биотехнология факультети биология кафедраси профессори Шарофитдин домланинг илмий фаолияти халқаро ҳамжамият нигоҳида ҳам ўз ўрнига эга. Устоз 2019 йилда Хитой Республикаси Кунминг ботаника институтининг фахрий профессори унвонига эга бўлди. 

Шаробитдин Тожибоев – бахтли оила соҳиби. Муҳсина ая билан бир қиз, уч ўғилни тарбиялашди. Устознинг фарзандлари ҳам бугун устозлик мақомида. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси директори, академик Комилжон Тожибоевнинг шундай юксак мартабага эришиши, илм йўлидаги муваффақиятларида Шаробитдин отанинг меҳнати беқиёс. 

Ҳам олим, ҳам одам бўлмоқлик ниҳоятда мушкул иш. Бу икки мақомни олий ўринга қўйганлар Шаробитдин Тожибоев каби фароғатга том маънода ҳақли. Қутлуғ 80 ёш муборак, умрингиз узоқ бўлсин, азиз устоз!

Шаҳло ТОШБЕКОВА,
Санжарбек ҲАМИДОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь