Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 08:59

Жамият

ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ЯХШИЛИКДИР

  • 05.Августа.2020
  • 903

Наманганда чоп этилаётган газета таҳририятларидан бирида Қурбон ҳайити арафасида масала кўтарилди. Журналист гепатит хуружидан озор чекаётган турмуш ўртоғига дори етказиб бериши керак. Ҳайитлик учун ойлик маошнинг 25 фоизи миқдорида пластикка тушириб берилган пул дорининг ярим баҳосига ҳам етмайди.

Ойлик маошларига қараб баҳоли қудрат рўзғор тебратаётган босма нашрдагилар бу ҳолни яхши тушунадилар. Бутун ижодий жамоа ҳайит арафасида изтиробли қолди.
Мингбулоқлик «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси», «Дўстлик» ордени соҳибаси газетанинг яқин ҳамкори, жамоатчи мухбири сифатида ижодкорларни табриклаш учун телефон қилди. 
Икки ўғлонининг бири Германияда, бири Японияда йирик компанияларда фаолият юритишидан кўпчилик хабардор. 
Раҳима Жўраева газета ижодкорларини табриклаш билан бирга кўнгил кўтариш учунми, миннатдорчилик ўрнидами табрик – тилаклари орасида таҳририятдан олган гонорари ҳақида тўхталди: 
- Қаранг, газетадан олинадиган гонорар пули барибир хосиятли, баракали-да. Тунов куни таҳририятга борганимда олган гонорарим ярамга малҳамдай бўлганди. Тўғри гап пулим узилиб турган пайтга тўғри келгани учун росаям тотимли бўлувди.
Ўғилларимдан келган пулни Тошкентда қолдириб келганим учун карантин шароитида ё Тошкентга боролмайман, ё пул жўнатинглар, деб ўғилларимга айтолмайман.
Алағда бўлиб турганимда, кетма-кет ўғилларимнинг ўзлари телефон қилиб қолишди. Мавриди билан гонорарнинг баракаси ҳақида ўғилларимга кулиб-кулдириб гапириб бердим. Ақлли, фаросатли йигитлар-да, дарров пул жўнатишди. Уларнинг хоҳишлари билан маҳалла фуқаролар йиғини раисига минг доллар бердим. Кўчаларни ободонлаштиришга ўғилларимнинг ёрдами эканини айтдим.
Битта қўчқор олдириб келиб, қурбонликка атаб турибман. Агар карантин тартиблари бу қадар кучаймаганида қўчқор гўштидан сизларга ҳам етказардим. Айтганча, қулоғимга тушгандай бўлувди, бояги хотини бемор ходимларингнинг ёрдамга муҳтожлиги йўқми, мабодо?!.
Хуллас, телефондаги суҳбатда ҳолат очиқ айтилди. Раҳима Жўраева дорига етадиган миқдордаги пулни йўловчи машинадан бериб юбордики, бу нафақат уйида бемори бор журналистни, айни вақтда унга ёрдам беролмасалар ҳам изтироб чекаётган бутун жамоа аъзоларини қувонтириб юборди.
Қувончли воқеадан хабар топгач, Раҳима Жўраева яшайдиган Мингбулоқ туманининг Мулкобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ҳасанбой Мамадалиев билан боғландик.
– Маҳалламиз тумандаги энг йирик ўзини ўзи бошқариш органи ҳисобланади. 5829 нафар аҳолиси бор. Шундан 63 та оила «Темир дафтар»га олинган. Яқинда, аниқроғи Наврўз байрами арафасида Раҳима Жўраеванинг ўғлонлари 17 та оила хонадонига электр торттириб беришганди. Умуман бу намунали оиладан кам таъминланган маҳалладошларимиз ёрдам олиб туришади. Опанинг бир одатлари бор: «Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин» деган ҳадисни айтиб, атрофга овоза қилишимизга изн бермайдилар. Лекин кўпчилик жуда миннатдор. Шунақа саховатли, оқибатли инсонлар кўпаяверсин...
Бирор ой олдин Раҳима Жўраева буйрак етишмовчилигидан озор чекаётган қўшни маҳаллада яшовчи беморга ҳам 1000 доллар миқдорида ёрдам кўрсатганди! 
Маҳалла оқсоқолининг бу сўзларидан сўнг жим туришни эп кўрмадик. Ахир яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир, деган ҳадис ҳам бор-ку. Ижодкор муаллима Раҳима Жўраеванинг савобга доҳил яхшиликлари хусусида ёзишдан мурод битта: атрофдагиларнинг сабоқ чиқариши ва кўнгилга ёруғлик солувчи туйғуларга ҳамюртларимизни ошно этиш.
Бу каби савобкашлик бугун, айнан кўринмас балодай келган коронавирус инфекциясини чекинтириш учун бутун бир халқ, олам эллари курашаётган синовли кунларда кўнгилни тозартиради.
Яхшилигингиз яхшиликлар бўлиб қайтсин, Раҳимахон Жўраева!

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь