Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 12:26

Жамият

«ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИ, БИРЛАШАЙЛИК!»

  • 02.Июня.2021
  • 999

Вилоятимиз шаҳар ва туманларида уч кун давомида ўтказилган Ёшлар фестивали минглаб ўғил-қизларни айни шу эзгу мақсад сари бирлаштирди.
Фестивалнинг асосий тантаналари «Афсоналар водийси» тематик паркида «Ёшлар ўртасида оммавий беш ташаббус – беш минг қадам» марафони билан бошланди.
Юзлаб ёшлар, қолаверса, катта ёшдагиларни ҳам қизиқтирган ушбу марафонга вилоят сектор раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари бош-қош бўлди. Марафонда Амир Темур, Бобораҳим Машраб каби улуғ бобокалонларимиз сиймоси гавдалантирилиб, ғазалларига ҳамоҳанг юрилиши ҳам ўзига хос маъно касб этди. Мазкур тадбир жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, эртамиз эгалари саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлиги йўлида муҳим аҳамиятга эгадир.
Айтиш мумкинки, мазкур фестиваль ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказишга қаратилган ранг-баранг тадбирлар, кўнгилочар концерт дастурлари, интеллектуал ўйинлар, кўрик-танловлар, спорт мусобақалари каби қатор эътиборга молик лойиҳалари билан кўпчиликни ўзига ром этди.
Жумладан, маҳаллаларнинг уюшмаган ёшлари иштирокидаги халқ ўйинларида миллий ва замонавий қадриятларимиз тарғиб этилган бўлса, «Фашион терапия&подиум» модалар намойишида Фарғона водийси вилоятларида кўзга кўринган дизайнер ва стилистлар иштирок этиб, иқтидор ва маҳоратин кўрсатди.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши базасида ташкил этилган пневматик милтиқдан «ўқ отиш» мусобақасида ёшларда спортнинг техник-амалий турларига бўлган қизиқиш ошиб бораётганини тасдиқлади.
«E-sports» федерацияси томонидан вилоятда илк маротаба уюштирилган киберспорт ўйинларида 250 нафардан зиёд «IT» ихлосмандлари иштирок этдилар. Виртуал мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар мос равишда 3 миллион сўмгача миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирланди. 
Фестваль жараёнларида вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги вилоят сектор раҳбарлари ёшлар билан дилдан мулоқотда бўлдилар. Иқтидор эгаларига ўз мақсадларига эришиш йўлида муҳим ўрин тутадиган қимматли маслаҳатлар билан ўзига хос мотивация бердилар. Вилоят раҳбари ёш спортчилар билан бирга волейбол ўйнади. 
Шаҳар ва туманлар маҳаллаларидан келган уюшмаган ёшлар ўртасидаги «Ош мусобақаси» эса ўғил-қизларимизни катта ҳаётга тайёрлаш ҳамда уларда пазандалик кўникмасини шакллантиришга хизмат қилди. Палов пиширишда учқўрғонлик ёшлар ғолиб сифатида эътироф этилди. 

Фестивалнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири, шаҳар ва туман маҳалла фуқаролар йиғинларида «Ёшлар дафтари»га киритилган 1005 нафар ёшга доимий даромад манбаини яратиб бериш мақсадида уларнинг истакларидан келиб чиққан ҳолда зарур воситалар тақдим этилди. Хусусан, 667 ёшга тикув машиналари, 138 нафарига сварка болгарка аппарати, 85 нафарига мотокултиватор, 50 нафарига инкубатор, 35 ёшга авто хизмат ускунаси, 30 ёшга ўсимликларга кимёвий ишлов бериш воситалари тарқатилди. Бундай маҳсулотлар билан таъминлаш, ёшларда тадбиркорликни бошлаш учун қўшимча имкониятни юзага келтиради.
Фестиваль фаол иштирок этган бир қатор иқтидорли ёшлар муносиб тақдирланди. Хусусан, «Энг яхши нодавлат таълим муассасаси» номинациясига «Наманган прогресс» ўқув маркази, «Истиқбол замон болалари» умумий ўрта таълим муассасаси, «Wonderkid`s school» нодавлат таълим муассасалари лойиқ кўрилди.
Китобсеварларга энг кўп китоб улашган Ёшлар иттифоқи фаоли Сусанна Ахтамова «Менинг совғам» номинациясида эътироф этилиб, муносиб рағбатлантирилди. 
«Заковат» интеллектуал ўйинларида Президент мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Вилоят халқ таълими бошқармаси жамоаси иккинчи, Наманган муҳандислик-қурилиш институти ёшлари учинчи ўринларни эгаллади.
Ёшлар сиёсатини изчил юритиш, навқирон авлод вакилларини орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига 1 миллиард сўм пул мукофоти хурсандчилик билан қарши олинди.

Бундан ташқари, 50 нафар иқтидорли ўқувчи ёшга соғломлаштириш маркази учун умумий қиймати 82 миллион сўмлик йўлланма сертификатлари топширилди. Мингбулоқ тумани ҳокимлиги «Энг фаол китоб тарғиботчиси» номинацияси ғолиби бўлди. Ушбу маблағ зиё масканларини зарур бадиий адабиётлар билан таъминлашга сарфланади.
Яна бир савобли ишга қўл урилди. Китобхон оила фарзандига бир йиллик олий ўқув юртига шартнома тўлови ўтказиб берилиши тўғрисида сертификат топширилди.
Ёшлар фестивали туманларда ҳам кўтаринки кайфиятда нишонланди. Жумладан, Давлатобод туманида бўлиб ўтган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувида туман ҳокими Aнваржон Тожимирзаев, туман ИИБ бошлиғи Умиджон Бойхонов, туман ҳокимининг ўринбосари Сардорбек Раҳмонов, Янги Наманган тумани ҳокимининг ўринбосари Исломбек Қутфиддинов қатнашчиларга эришган ютуқлари ва ҳаёт йўлларида кечирган қийинчиликлари ҳақида гапириб бердилар. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоб олди. Тадбир якунида фаол иштирок этган ва қизиқарли саволлар эгаларига эсдалик совғалари топширилди.
Чортоқ туманида туман секторлари раҳбарлари «Биз сен билан биргамиз» шиори остида тумандаги имконияти чекланган ёшлар ҳолидан хабар олишди. Туман ҳокими Анваржон Отахўжаев томонидан Дамариқ маҳалласида яшовчи Мақсаджон Исманов, Зафар Диёр номли маҳалла фуқаролар йиғинидан Ўткир Ортиқовлар истиқомат қилаётган хонадонларга уюштирилган йўқловлар давомида қимматбаҳо совғалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. 
Кўнгли ўксик дилларнинг муаммолари ўрганилиб, яқиндан қўллаб-қувватланадиган бўлди. Бундай эътибордан кўнгли кўтарилган хонадон эгалари қўлларини дуога очдилар. 
Косонсойда фестиваль доирасида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида «Бизнес тренинг» дарслари ташкил этилиб, ушбу курсларни тамомлаган ёшларга сертификатлар топширилди. «Ёшлар дафтари»га киритилган 25 нафар ўғил-қизга пайвандлаш, ўсимликларга кимёвий ишлов бериш аппаратлари ажратилди. 
Янгиқўрғон туманида бўлиб ўтган шахмат-шашка мусобақасида 25 нафар ёш дона суриб, ўз ақлий салоҳиятини синовдан ўтказди. «Ақл-идрок» эгаларининг қизғин баҳсларига туман ҳокими Асадулла Нажмиддинов ва туман ИИБ бошлиғи Носиржон Мирзаахмедов ҳам киришиб кетдилар. Ғолиб чиққан ёш спортчилар сектор раҳбарларидан эсдалик совғаларини қабул қилиб олишди.
Бир сўз билан айтганда, Ёшлар фестивали 120 мингдан зиёд ўғил-қизларни қамраб олди. Унда асосий эътибор иқтидорли, истеъдодли, фаол ва ташаббускор ёшларнинг ташаббусларини оммалаштириш асносида «Ёшлар дафтари»га кирган уюшмаган ёшларга ҳам қаратилди.
Ёшлар фестивали якунида унинг иштирокчилари таниқли эстрада юлдузлари ижросидаги концерт дастури ҳамда ажойиб ва ёрқин лаҳзаларга бой «Дрон-шоу» томошаларидан баҳраманд бўлишди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
«Наманган ҳақиқати» мухбири.

Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь