Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

02 May, 2024, 12:11

Жамият

Янгиланаётган Каттачекда нима гап?

  • 05.Января.2024
  • 130

Маҳалланинг ободлиги юрт равнақи, том маънода мамлакат ва миллат фаровонлигидир. Мамлакатнинг ҳар жиҳатдан тараққий этиши учун меҳнат майдонларида фидойилик кўрсатувчи халқ маҳаллада яшайди, ижод қилади, янгиликлар яратади. Келажагимиз эгалари бўлган баркамол авлодни вояга етказишдек шарафли вазифани амалга оширади. Шунинг учун ҳам маҳалла ҳар даврда ўзининг муқаддаслиги билан эътибору, эътирофда бўлган.

Каттачек Учқўрғон туманидаги обод ва фаровон маҳаллалардан. Унда 730 хонадонда 3911 нафар фуқаро истиқомат қилади. 
Маҳалла раиси Алишер Назаров, хотин-қизлар фаоли Муҳаррам Назимова, ҳоким ёрдамчиси Абдуҳалим Юлдашев, профилактика инспектори Улуғбек Худойбердиев, ёшлар етакчиси Дониёр Комиловнинг ўзаро ҳамкорликда ва ҳамжиҳатликда самарали иш фаолиятини йўлга қўйганлиги натижасида оилавий қадриятлар мустаҳкамланиб, маҳалла инфратузилмаси тобора яхшиланмоқда, аҳоли бандлиги таъминланмоқда. 

Жумладан, ўтган йил давомида 89 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»нинг 4-босқичига олиниб, амалий ёрдам кўрсатилди. 
Маҳалла аҳлининг ўзаро бирдамлиги туфайли ҳудудда каттагина яшил макон боғи яратилиб, мевали дарахт кўчатлари ҳар баҳор ва куз мавсумларида экилиб кўпайтириб борилмоқда. 2023 йилги баҳор мавсумида ҳам маҳалла аҳли 5000 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишди, ҳар бир ниҳолнинг катта дарахт бўлиб етишиши учун бир нафар ёш оила бириктириб қўйилди.

Маҳаллада ёш келинларга, турмуш остонасида турган қизларга ўрнак ва ибрат бўлиб, оилалар мустаҳкамлигига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган 12 нафар ёши улуғ онахонлардан тузилган «Оқила аёллар ҳаракати» ҳам самарали тарзда фаолият олиб бормоқда.
Ҳаракатнинг фаол аъзолари Зулфия Садирова, Ақилахон Қурбоновалар хотин-қизлар фаоли билан ҳамкорликда ёш қизлар ўртасида кийиниш маданияти, эрта никоҳ, эрта туғруқ, соғлом турмуш тарзига амал қилиш каби мавзуларда тарғибот тадбирларини, давра суҳбатларини олиб бормоқда.

Шунингдек, профилактика инспектори билан ҳамкорликда ёшлар орасида жиноятчиликни олдини олиш, одам савдосига қарши курашиш бўйича учрашув, профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.

Маҳалланинг фаол аъзоси Темиржон Мамажонова  ташкил этилаётган тадбирларда ҳамиша фаол. У ўзидаги бор ҳаётий тажрибани ёшларга улашгиси келади.

У келинларига, маҳалланинг ёшларига насиҳат қилганда энг аввало, сабрли бўлиш кераклиги, исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани тежаб ишлатиш, оилада юзага келган нохуш вазиятларда ҳам муаммони босиқлик билан ҳал қилиш лозимлигини таъкидлайди.

Маҳаллада Темиржон Мамажонова сингари онахонлар жуда ҳам кўп. Уларнинг ёшларга бераётган ўгит ва насиҳатлари, бой ҳаётий тажрибалари туфайли Каттачек маҳалласи обод, оилалар турмуши фаровон.

2024 йилда ҳам Каттачек маҳалласини янада улкан ўзгаришлар кутиб турибди. Қишлоқдаги мактаб қайта таъмирланиб, қўшимча бино қурилади. Қишлоқ врачлик пунктига лаборатория биноси бунёд  этилади. Шунингдек, йўллар, электр, ичимлик суви тармоқлари яхшиланади. 

Расулбек МАДРАҲИМОВ, 
Учқўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь