Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

28 April, 2024, 11:18

Жамият

Янгиланаётган Конституция – инсон қадри учун

  • 19.Апреля.2023
  • 1046

Хўш, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қандай ўзгаришлар акс этмоқда? 

Энг аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кенгаймоқда. Хусусан, Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланмоқда. Бундан ташқари, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланяпти. 

Илк бор шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари уқтирилиши шартлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик (халқаро эътироф этилган «Миранда қоидаси»), сукут сақлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Ҳар кимнинг ёзишма, телефон орқали сўзлашув, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда. Уларнинг чекланишига ёки уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши белгилаб қўйилмоқда.

Конституцияда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги қайд этилмоқда. 

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланмоқда, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланмоқда. 

Яна бир муҳим норма — агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланмоқда. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишининг олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахс-ларни аниқлашга хизмат қилади.

Озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги ҳам тарихда илк бор конституциявий мустаҳкамланмоқда.

Қолаверса, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгиланяптики, буларнинг ҳаммаси мустабид тузумдан қолган иллатга, қанча ёшларимизни ўз орзу-умидларидан воз кечишга мажбур қилган ноинсоний тақиқларга чек қўяди.

Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатлари сезиларли даражада  кучайтирилмоқда. Ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақлилиги белгиланяпти. Ушбу қоиданинг мазмун-моҳияти шундаки, фуқаролар ўз бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини ўзгалар ҳуқуқларини бузмаган ҳолда, мустақил ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ягона шарт — бу фуқаролар томонидан ўзини ҳимоя қилишда қўлланиладиган усул ёки чораларнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бўлишидир.

Биринчи маротаба ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли эканлиги мустаҳкамланмоқда. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркин-ликлари ҳимояси нафақат миллий қонунчиликда белгиланган нормалар, балки халқаро ҳуқуқ асосида ҳам ҳимояланишини таъминлайди.

Булардан ташқари, ҳар ким давлат органларининг ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эгалиги қайд этилмоқда. Конституцияда ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек, нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланмоқда.

Зарипахон ҚУРБОНОВА,
вилоят маъмурий суди раиси.
Элёр АБДУВОҲИДОВ,
архив мудири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь