Қисқа сатрларда

Наманганда мактаб ўқувчиси ойига 30 миллион сўм даромад олмоқда

Ҳалоллик – энг тўғри йўл

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

23 November, 2024, 07:18

Қишлоқ хўжалиги

Ҳам нафосат, ҳам даромад

  • 19.Мая.2022
  • 872

Ҳар бир касбнинг ўзига хос мураккаблик ва завқли томони бор. Лекин шундай инсонлар бор-ки, касбига меҳр-муҳаббати туфайли юртимизни обод ва гўзал диёрга айлантирмоқдалар. 

Гулни севмаган, унга ошно бўлмаган кишини топиш қийин. Гул – гўзаллик, нафосат тимсоли. Унинг ифоридан диллар яйрайди, кўзлар қувнайди. Тўй-базмларда, тантаналарда «Бахтинг гулдек очилсин», дея ният билан келинга гулдаста совға қилиш ҳам кишига бир олам завқ бағишлайди. 
Янгиқўрғонда ҳам бирорта хонадон йўқки гулнинг у ёки бу турини экмаган бўлса. Ровут маҳалласида ҳам гулчилик билан шуғулланадиган оилалар бисёр. Улар орасида ака-ука Неъматилла, Раҳматилла ва Исломжон Усмоновларнинг соҳада олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

- Гуллар чаманида яшаш завқли, - дейди ака-укаларнинг тўнғичи, эллик беш ёшли Неъматилла. - Аммо бунинг ўзига хос машаққат ва заҳматлари ҳам борки, унга меҳр қўйган одамгина бунинг уддасидан чиқади.   
- Гулчилик сизларга ота меросми ёки бошқа сабаби борми?  
- Маълумки, Наманганнинг Ғунча даҳаси аҳли асосан гулчилик билан машғул. Ўша ерда яшайдиган опам азалдан гулчиликни улуғлаб келади. Ҳар замонда ёрдамлашиб юрардим. Опамнинг оиласи топаётган даромад, қолаверса, гулларнинг ранг-баранг ва гўзаллигини кўриб, менинг ҳам гулчиликка ишқим тушган. Поччамдан гул парваришлаш сир-асрорларини ўргандим ва 1986 йилдан оиламиз билан мустақил равишда гулчиликка қўл урдик.
Ҳа, айтишгагина осон, маҳаллий иқлимга мос гул кўчати экиш олдидан тупроқни ма-йин ҳолга келтириш, маҳаллий ўғит билан тўйинтириш, обитобида суғориш, шира ва турли касалликларга қарши кимёвий дорилар билан вақтида ишлов бериш каби муҳим ишларни бажаришда Неъматилланинг ўғиллари Довудхон, Асадбек ва оиланинг бошқа аъзолари астойдил тер тўкишди. Дастлаб гвоздика, гладиола, астра, диарчин ва гипастирин каби гулдастабоп гуллар парваришланиб, сотуви йўлга қўйилди. Гулга, гулчиликка меҳр ва меҳнатсеварлик боис оила иқтисоди яхшиланиб борган ака-укалари Раҳматилла ва Исломжонларга ҳам касб сирларини ўргатди.

Айни кунларда гулчи Усмонов сулоласи томонидан ташкил этилган 15 сотихдан иборат ўнта иссиқхонада оиланинг 15 нафар аъзоси иш билан банд. Улар қора шаҳзода, хризантема, агава, лола каби йигирмадан зиёд гул навларини парвариш қилмоқдалар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан етиштирилган бу маҳсулотлар туман ҳудуди, корхона, ташкилот ва муассасаларни ободонлаштириш мақсадида шартнома асосида етказиб берилмоқда.
Гулчилик турмуш маданиятини ошириш, дастурхон тўкин-сочинлигини таъминлашнинг ишончли даромад манбаи эканлигини англаб етган яна бир ровутлик - Ҳамидахон ая Деҳқонова ҳам мана йигирма уч йилдирки, келини Муқаддасхон билан шу касб орқасидан рўзғорини бутлаб келмоқда. Мазкур хонадонда оқ, сариқ, қизил миллион,  сариқ ва қизил хризантема, гултожихўроз, виола ва маргарита каби ўн турдаги гуллар парваришлаш орқали турмуш фаровонлигига эришиляпти.

Қамбар ҲАЙДАР, 
Янгиқўрғон тумани.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь