ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34705
21 November, 2024, 01:03
Рағбат. Бу сўзни агар чуқур билим олишга аҳд қилган, олдига катта мақсадларни қўйиб ҳаракат қилаётган ёшларга нисбатан қўлласак, бу уларнинг келажаги учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташи мумкинлигини тасаввур этиш қийин эмас. Шу боис истеъдодлиларни қўллаб-қувватлаш, уларга рағбат бериш жамият ва давлат равнақининг яна бир жон томири бўлиб келган. Бундай эзгу амал нуфузли вазифаларда фаолият олиб бораётган ҳамюртларимизнинг ҳам одатий ишига айланган.
Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Носирбек Абдуллаханов нафақат ишнинг кўзини биладиган тадбиркор, балки саховатпеша инсон сифатида Наманган аҳлига яхши таниш.
Қутлуғ Рамазон кунларида у яна бир хайрли ишга қўл урди. Айни пайтда Наманган ахборот технологиялари ва транспорт касб-ҳунар коллежининг битирувчиси бўлган Алишер Абдуолимов билан суҳбатлашиб, унинг шу кунгача эришган ютуқлари билан танишди ва унга ноутбук совға қилди.
Алишер ўрта таълимни Наманган шаҳридаги математика ва инглиз тили чуқурлаштирилган ҳолда ўқитиладиган 58-ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабида олган. У хорижий тилларни ўрганишга ва ахборот технологияларига қизиқади. Шу кунгача бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, 2017 йилда “SoloLearn” халқаро онлайн мактабини 3 та дастурлаш тили – C++, Java, JavaScript дастурлаш тиллари бўйича муваффақиятли тугатиб, сертификатлар билан тақдирланган бўлса, 2019 йил 17 майда C++ дастурлаш тили бўйича ўтказилган халқаро танловда юздан тўқсон балл тўплаб, ғолиб бўлди ва “Alison” академияси сертификати соҳиби бўлди. 2019 йил ноябр ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ўтказилган “Бир миллион ўзбек дастурчилари” танловининг бир неча босқичида иштирок этиб, ҳар биридан муваффақиятли тарзда қатнашувчи ва битирув сертификатларини олди ҳамда “Udacity”нинг “Nanodegree” дастурида қатнашиш имкониятини қўлга киритди.
Алишер корейс ва инглиз тилларида эркин сўзлаша олади, 2018 йилда Тошкент шаҳридаги Корея элчихонаси қошида ташкил этилган ўқув марказида таълим олиб, юқори балл билан битирув сертификатини олди. 2019 йил ноябрда халқаро корейс тили билим даражасини аниқлаш имтиҳони (TOPIK) дан 4-даражалик сертификатни қўлга киритди. У коллежни тугатиб, Корея давлатининг Сеул миллий илм-фан ва технология университетида ахборот технологиялари йўналишида олий таълимни олиш ниятида.
«Бундай рағбат, қўллаб-қувватлаш кўнглимда миннатдорлик ҳиссини уйғотиш баробарида, келгусида шу юрт, шу халқ учун бор куч, билим ва имкониятимни сарф этишдек мақсадимни янада қатъийлаштирди», — дейди А. Абдуолимов.
Санжарбек ҲАМИДОВ
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти