ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34153
05 October, 2024, 05:44
Кейинги йилларда фуқароларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Бунда албатта давлатимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлар муҳим аҳамиятга эга. Лекин тадбиркорлик субъектлари ҳам шароитларга жавобан ҳалол меҳнат қилишлари талаб этилади.
Поп туманидаги пойтахтни водий билан боғлаб турувчи Ўш-Тошкент йўлининг Камчиқ довонида туну-кун автотранспорт қатнови узилмайди. Йўловчилар манзилларига тез ва соғ-саломат етиб олишлари учун йўллар сифати анчайин яхшиланиб, хавфсизлик чоралари кўрилган. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан йўл четларида маиший хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш шохобчалари ҳам ташкил этилган бўлиб, меҳмонларга хизмат кўрсатишади. Бунинг орқасидан эса мўмайгина даромад ҳам олишаётгани сир эмас. «Иш билганга минг танга» деб шунга айтишади-да. Лекин бу ишбилармонлар орасида ҳанузгача ноқонуний фаолият олиб бораётганлар учрамоқда.
Солиқ идоралари ходимлари томонидан ана шундай ҳолатларга барҳам бериш мақсадида ўрганишлар олиб борилди. Мавжуд 28 та умумий овқатланиш шохобчасининг 6 таси давлат рўйхатидан ўтмай иш ташкил этгани аниқланди. Муроджон Мавлонов оиласи билан яқиндагина умумий овқатланиш соҳасида ўз бизнесини бошлади. Лекин у юридик шахс мақомида давлат рўйхатидан ўтиш лозимлигини англамаган чоғи соҳа вакилларига ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади. Олиб борилган тушунтиришлардан сўнг, унинг бу йўли хато эканлигини билди.
– Авваллари солиқ идоралари ходимларидан тўғриси бироз чўчирдик. Ҳозир эса улар фақатгина тўғри йўл кўрсатиш, солиқлар бўйича янгиликларни етказишмоқда. Мен ўз хатоимни тушундим ва шу бугуннинг ўзида давлат рўйхатидан ўтдим. Бундан кейин интизомли солиқ тўловчи бўлиб, бошқаларга ўрнак бўлишга ҳаракат қиламан, – дейди у.
Ўрганишлар давомида умумий овқатланиш шохобчалари эгалари юридик шахс сифатида эмас балки якка тартибдаги тадбиркор мақомида фаолият олиб бораётгани, кадастр ҳужжатлари йўқлиги, тўлов терминаллари яхши йўлга қўйилмагани ва назорат-касса машиналари борасидаги камчиликлар аниқланиб, бартараф этилди.
Шу ўринда бир масала таажжублантиради. Ўрганишлар чоғида ишчиларнинг биронтасини оқ халат ёки махсус кийимларда кўрмадик. Катта-катта ошхоналарда ҳам ким ошпазу, ким мижоз англаб олиш қийин. Аксариятидаги шароитлар эса санитар-гигиена талабларига зид. Бугунги тадбиркорларга яратилган имтиёзлар соғлом рақобатни пайдо қилмоқда. Қачонки, бу жиҳатларга эътибор қаратилмас экан, режалар режалигича қолаверади. Яна бир гап, бугун солиқ тўловларидан қочган тадбиркор эртага давлат олдида қарздор шахсга айланишини унутманг.
Вилоят ДСБ матбуот хизмати.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти