ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34711
21 November, 2024, 12:18
«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг 26-бандининг вилоятдаги ижроси, яъни, «Балиқчиликни ривожлантириш ва балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш» юзасидан «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳудудий бўлинмаси томонидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди.
Бугунги кунда вилоятимиз ҳудудида 311 та балиқчилик хўжалиги мавжуд бўлиб, белгиланган режа 60.000 минг тоннани ташкил этади. «Муҳамаджон Парпиев» хусусий корхонаси, «Балиқчи» фермер хўжалиги, «Наманганбалиқ», «София ем маҳсулотлари» ва «ДБ групп эко» МЧЖлари томонидан вилоятдаги барча балиқчилик хўжаликларига грануланган озуқа-ем етказиб берилиши йўлга қўйилган. Мазкур жамиятлар балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш жараёнларини янада кўпайтириш, экспорт ҳажмини ошириш ҳамда ушбу балиқларни дудлаб, консерва, филе, котлет каби ҳар-хил кўринишда, ярим тайёр маҳсулот сифатида тайёрлаш орқали вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.
«Учқўрғон форель балиқ» хўжалиги 3 гектар майдонда жойлашган. Бу ерда балиқнинг форель, сазан, амур турлари парвариш қилиб келинмоқда. 15 нафар киши иш билан банд. Балиқнинг форель турини кўпайтириш мақсадида ҳудудда талабга жавоб берадиган сунъий сув қурилмалари ташкил этилган. Вилоят ҳокимлиги ёрдами билан режалаштирилган лойиҳанинг биринчи босқичида кооперация ташкилланиб, майдонда 1 та сув тақсимлаш ҳовузи, 100 та интенсив ҳовуз қуриш ҳамда сув кўтариш учун насослар ўрнатиш ишларига киришилади. Кооперация томонидан қурилиш ишлари давом эттирилиши билан бир вақтда туман Бандликка кўмаклашиш маркази, Халқ банки, «Соҳил», «Қумтўғон», «Кўприкбоши» ва «Ёғду» маҳалла раислари ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда, ушбу маҳаллалардан 20-25 нафардан тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ишсиз фуқаролар танлов асосида ишга олинади.
Норин туманидаги «Голд фишинг» фермер хўжалигида эса асосан интенсив усулда балиқнинг сазан тури кўпайтирилмоқда. Бу ерда соҳа ривожи учун чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Келгусида форель, осётр, карп каби балиқ турларини кўпайтириш режалаштирилган. Балиқчилик кластерлари асосида 40 та янги иш ўрни яратилиб, 100 та хонадон қамраб олиниши белгиланган.
Поп туманидаги «Жийдалисой балиқ» МЧЖ эса 87 гектар майдонни эгаллайди. Ушбу манзилда балиқнинг толстолобик, сазан, амур каби турлари парваришланмоқда. Бу ерда балиқчилик тармоғини ривожлантириш, парҳезбоп ва фойдали неъматни етиштириш ҳамда қайта ишлашни замонавий технологиялар асосида йўлга қўйиш юзасидан қатор ишлар олиб борилмокда. Келажакда Хитой тажрибаси асосида балиқнинг карп турини кўпайтириш режалаштирилган. Замонавий усуллар ва интенсив технологияларни жадал ўзлаштириш, сув ҳавзалари ҳолатини яхшилаш, мавжуд моддий-техника воситаларини тубдан янгилаш эвазига балиқ етиштиришни 100-150 тоннага етказиш мақсад қилинмоқда.
Ўрганишлар жараёнида мутахассислар соҳа ривожи учун бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан,
- балиқ чавоқларини етиштириш ва кўпайтириш бўйича замонавий наслчилик корхоналарини ташкил этиш, шунингдек, балиқлар озуқасини ишлаб чиқарувчи корхоналарни кўпайтириш;
- банкдан соҳани ривожлантириш учун паст фоизли имтиёзли кредитлар ажратиш;
- ажратиладиган кредитлар миқдори ҳамда қайтариш муддатларини 7-10 йилга ўстириш;
- балиқ етиштириш ҳосилдорлиги паст бўлган сунъий сув ҳавзаларига аэратор, яъни сувни ҳаво билан аралаштириб, тўйинтириб берувчи мосламаларни ўрнатиш;
- балиқ човоқларини парвариш қилиш учун махсус мослама (садок)ларни балиқ саноат томонидан лизинг нархини кескин пасайтириш ва самарадорликни янада ошириш бўйича янги технологиялардан фойдаланиш;
Таклифлардан кўриниб турибдики, аввало инсон саломатлиги учун зарур парҳезбоп маҳсулотларни кўпайтириш, тадбиркорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш ғоят долзарб масала. Шу билан бирга бу ечим камбағалликни қисқартиришга ҳам хизмат қилади.
Наргиза МУҲАММАДИЕВА,
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти