ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35158
26 December, 2024, 12:33
Норин туманининг Норинкапа қишлоғи омилкор деҳқон ва боғбонлари билан таниқли. Унинг этагидан оқиб ўтган дарёнинг мўл-кўл сувидан баҳраманд ерларида қай бир дарахт ёки экинни экманг кўкаради. Кутилгандан аввал ҳосилга кириб, кўнгилни чоғ қилади. Шундан маҳаллий томорқачи ва тадбиркорларнинг иши юришган.
– Ҳамқишлоқларимизнинг катта қисми асосан ердан барака топаётган инсонлар, – дейди узоқ йиллар вилоят радиосида ишлаб, нафақага чиққан Зокиржон Йигиталиев. – Ёшим етмишдан ошганига қарамай ўзим ҳам гулчилик билан шуғулланаман. Ҳовлимда мўъжаз плантация қилганман. Ҳам ҳавас, ҳам бизнес, дегандай. Билсангиз, эрта баҳорги редиска биринчи бўлиб бизда етилади. Нафақат Наманган, балки, пойтахт бозорларини ҳам иликузилди паллада ушбу дармондори билан таъминлаймиз. Яқиндан буён Норинкапа боғларида банан ҳам етиштирилмоқда. Одамлар асосан четдан келтириладиган тансиқ мевани маҳаллий фермернинг иссиқхонасидан олиб кетишмоқда.
Зокиржон ака тилга олган фермер – Музаффар Мўминов ўз хўжалигини бундан ўн етти йил аввал йўлга қўйган. Етти гектарли боғи энг сара навдаги олма, шафтоли, гилос кўчатларига тўла. Барчасининг ҳосилдорлиги юқори, мазаси ҳам шунга яраша. Масалан, хориждан олиб келиб, кўпайтирилган «Воловой» навли гилос мевасининг донаси салкам ёнғоқдай келади, олтитаси одамни тўйдиради. Муҳими, бозорбоп. Жорий мавсумда 5,5 тонна ҳосил йиғиб олган фермер шунинг ўзидан 110 миллион сўм даромад кўтарди. Анжир шафтоли хирмони 10 тоннадан ортди.
«Музаффар олтин олчазори» фермер хўжалигида ернинг ҳар қаричи саховатга тўла. Баҳордан кузгача бўлган мавсумда мевали кўчатлар орасига полиз, сабзавот экинлари, кўкатлар жойлаштирилади. Шу йўсинда иш олиб борилиб, 50 тонна тарвуз, 15 тонна картошка етиштирилди. Ҳозиргача тўпланган даромад 350 миллион сўмдан ошди. Яқин 200 миллион сўми соф фойда. Яхши бизнес, меҳнатчилари сони 9 кишидан иборат унча катта бўлмаган хўжалик учун дуруст натижа, шундай эмасми.
– Боғдорчилик энг аввало, ерга меҳр, қолаверса, изланиб ишлаш билан баракали, – дейди М. Мўминов. – Бунда, айниқса, мевали дарахтнинг ерга, иқлимга мос навини тўғри танлашда гап кўп. Масалан, шафтоли кўчатлари ҳосилга киргач, кўпи билан уч-тўрт йил ҳосил беради. Янгилаб бориш керак. Лимон, апелсин кўчатларини синаб кўрдик, еримиз суймади чоғи, кутилган натижани бермади. Ўтган йили таваккал қилиб бананчиликка қўл урдим. Ишим юришгандай, 10 сотихли иссиқхонага эккандим, тезда ҳосилга кирди.
Чиндан ҳам фермер хўжалигининг ёпиқ даласига ўтқазилган цитрус мева кўчатлари яхши илдиз отди. Банан кўчатининг яхши томони олти ойда нишон кўрсатиб, йил давомида мева тугар ва навбатма-навбат пишиб етилаверар экан. Ҳаво ҳарорати юқори бўлган баҳор, ёз ойларида айниқса, ҳосил мўл ва баракали бўлади. Битта банан дарахти 23-24 килогача, донага ҳисобласа 300-350 тагача мева бериши мумкин. Маҳсулотнинг харидорлиги эътиборга олинса, унинг савдосидан келаётган даромад ҳам мақтагулик даражада.
Қишлоқ тадбиркори кейинги пайтларда ўз маҳсулотларини ички бозордан орттириб, экспортга йўналтира бошлади. Шафтоли, гилос Россияга жўнатиляпти. Бу йил айни йўналишда ҳам яқин 20 минг доллардан кўпроқ савдо қилинди. Бошланишига чакки эмас. Маҳаллий бозорда эса Норинкапада етиштирилган бананлар сотувда. Тўғри, уларнинг ҳар бирига хорижники сингари ялтироқ тусдаги савдо белгилари ёпиштирилмаган. Лекин, ўзимизнинг боғларда, сахий ўзбек қуёши тафтидан баҳра олиб пишган, мазаси бошқача, гап шунда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти