ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34708
21 November, 2024, 08:44
Цитрус оққаноти (цитрусовая белокрылка – рус., Dialeurodes citri Ashmead – лотин.) Алейродид (Aleurodidae) оиласига мансуб, цитрус ўсимликлари ва субтропик минтақа ўсимликлари учун жуда зарарли карантин зараркунанда ҳисобланади.
Цитрус оққаноти зараркунандасининг ватани жануби-шарқий Осиё (Хитой, Ҳиндистон) мамлакатлари ҳисобланади. Ҳозирги кунда у тропик ва субтропик иқлимли мамлакатларда кенг тарқалган. Цитрус оққаноти Ҳиндистон, Вьетнам, Жанубий Хитой, Афғонистон, Япония, Филиппин ороллари, Цейлон ва кўпгина МДҲ давлатларида учрайди. 1942 йилдан АҚШ, Аргентина, Бразилия, Чили, Гавайи ороллари, Европа, Ўрта ер денгизи соҳилларига тарқала бошлаган. Собиқ иттифоқ ҳудудида 1957 йил Батуми шаҳрида мандарин дарахтида биринчи бор аниқланган. 1963 йилга келиб цитрус оққаноти кенг тарқалиб, Краснодар ўлкаси ва Сухуми шаҳрини эгаллаган. Бугунги кунга келиб ушбу ҳашарот Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалиб улгурган.
Цитрус оққаноти асосан цитрус ўсимликларида (лимон, апельсин, мандарин, трифолиат) ривожланади. Шу билан бир қаторда чой, хурмо, шилви, настарин, дафна, жасмин, камфара, гардения, лигуструм каби ўсимликларга ҳам катта зарар келтиради.
У фақат дарахтларнинг баргларида ривожланади. Шу боис қиш мавсумида баргларини тўкадиган дарахтлар ва буталар оққанотдан тозаланиб туради.
Ушбу ҳашарот личинкалари баргларни сўриб, унинг шарбати билан озиқланади. Шунда барглар кучсизланади ва ўсимлик ҳосилдорлиги пасаяди. Оққанотнинг ширин ажратмаларида замбуруғлар жадал ривожланади, бу эса фотосинтезнинг сусайишига олиб келади, маҳсулотнинг товар кўриниши йўқолади, ҳосилдорлик 50 фоизгача пасаяди.
Цитрус оққаноти пайдо бўлган хўжаликлар, аҳоли яшаш жойлари ва туманларда карантин ҳолати эълон қилинади. Ҳолат ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг тақдимномасига асосланиб, маҳаллий ҳокимият томонидан тасдиқланади. Шу билан бирга зараркунанданинг пайдо бўлиш марказини аниқлаш ва уларни йўқотиш чоралари бўйича иш режалари тасдиқланади.
Карантин ҳолати тадбиқ этилган туман, хўжалик, аҳоли яшаш жойларидан цитрус ўсимликлари, шунингдек, оққанот ривожланувчи иссиқхона гулларини ташқарига олиб чиқиш ман этилади. Қишда дарахт кўчатларини баргларини тўккандан кейин фумигация камерасида бромметил ёрдамида ишлов берилгандан сўнг карантин эълон қилинган ҳудуддан олиб чиқиб кетишга рухсат берилади.
Карантин ҳолати тадбиқ этилган хўжаликлар, аҳоли яшаш жойлари, туманлардан тирик ўсимликлар ва кесилган гулларни бошқа туман, вилоятларга олиб чиқишга фақат ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг “Карантин сертификати” олингандагина рухсат этилади.
Янги барпо этилаётган боғларга карантин инспекцияси билан келишилган ҳолда цитрус оққанотлари билан зарарланмаган кўчатлар экилади. Карантин ҳолати эълон қилинган ҳудудлардан олинган цитрус, манзарали дарахт кўчатларини жисмоний шахслар томонидан сотиш, почта ва бошқа йўллар орқали жўнатиш қатъиян ман қилинади. Аҳолига экиш материалларини карантин инспекцияси рухсатномасига эга бўлган махсус дўконлар, тегишли рухсатномага эга бўлган хўжалик ва илмий тадқиқот муассасаларигина сотиши мумкин.
Цитрус оққанотига қарши зарарсизлантирилган ҳудудда уч йил мобайнида касаллик қайта аниқланмаса, ушбу жойда карантин ҳолати бекор қилинади.
Зарарланиш марказига биринчи ишлов бериш баҳор ва ёзнинг бошида имагонинг биринчи авлодида ўтказилади. Бунда махсус тавсияномаларда келтирилган кимёвий воситалардан фойдаланилади. Иккинчи ишлов бериш личинкаларни биринчи авлоди чиқадиган вақтда, учинчи ишлов эса биринчи ва иккинчи авлод личинкаларига қарши ўтказилади.
Оққанот билан кучли зарарланганда кўчатларда тўртинчи ишлов бериш сентябрнинг биринчи ярмидан меваларга ранг киргунга қадар амалга оширилади ва ҳосил йиғиб олинишидан 20-25 кун олдин тўхтатилади.
Пуркаш ишлари личинкаларнинг иккинчи авлодига ва дарахтлардаги қора доғлардан тозалаш учун амалга оширилади. Куз-киш ойларида цитрус ўсимликлари илдизлари ёпиқ ҳолатда фумигация қилинади. Фумигация қилиш қоидалари, усуллари ўсимликлар карантини инспекцияси йўриқномаларига асосан амалга оширилади.
Биологик ҳимоя воситалари сифатида Encarsia, Eretmocerus авлодига мансуб паразитлардан, шунингдек Aschersonia, VerticiLlium, Cephalosporium турига мансуб замбуруғлардан тайёрланган биопрепаратлардан фойдаланиш мумкин.
М. Абдумуталов
М. Дадабоев,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ назорат маскани инспекторлари
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти