ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34738
23 November, 2024, 09:29
Цитрус ғовакловчи куяси (Цитрус инли куя) – Phyllocnistis citrella Staintono тангачақанотлилар Lepidoptera туркумининг ўмиз қанотли куялар Gracillariidae оиласига мансуб. У илк бор Ҳиндистонда Г.Т.Стэинтон томонидан аниқланган. Цитрус инли куяси лимон ўсимлигининг хавфли кушандаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда у мандарин, апельсин, грейпфрут, эвкалипт, тол, ясмин ўсимлигида ҳам ривожланиши аниқланган. У ғумбакка айланишидан олдин ҳаракатланишдан тўхтайди. Ғумбаклик даври пилла ичида ўтади. Пилласининг ранги қизил. Капалаги пилланинг учки қисмидан чиқади. Зараркунанда бир йилда 6-7 та, баъзан 10 марта авлод беради. Шулардан 2 та авлоди баҳорда, 4 таси эса ёз ва кузга тўғри келади. Битта авлоднинг ривожланиши 30-40 кун давом этади.
Асосан цитрус ғовакловчи куянинг личинкаси ўсимликларга зарар келтиради. У цитрус ўсимликларининг ёш баргларини юза қисмидан тешиб, ички эпидермис қисмини емиради. Бу ҳашарот плантацияларда, питомникларда, иссиқхоналарда цитрус экинларининг ёш кўчатларини зарарлайди. Давлат карантин инспекторлари бунинг олдини олиш мақсадида жойларда назорат тадбирлари ўтказиб, уларнинг зарари ва қарши кураш чоралари бўйича ўзларининг тавсияларини бериб келмоқдалар.
Ҳаёт кечириши: Цитрус ғовакловчи куя қайси фазада қишлаши аниқ ўрганилмаган. Кўпинча бошқа куяларга ўхшаб ғумбак шаклида қишлаши гумон қилинади. Бир мавсумда 6 та авлод беради. Баъзи минтақаларда баҳорги авлодлари йўқ ва бу пайт фақат капалаклари фаол бўлади. Баъзан личинкалар тез ривожланади ва 11-12 кундан сўнг ғумбакка айланади. Японияда тухум ва ғумбак ривожланиши учун ҳар бирига 9 кундан, қурти учун эса 20 кунгача кетади. Ўртача ҳар бир ёзги авлод ривожланиши учун 6 ҳафта кетади.
Ҳашаротга қарши кураш:
Агротехник кураш чоралари: Иссиқхоналарда экин етиштиришдаги асосий тадбир агротехника қатор ораларига вақтида ишлов бериш ҳисобланади. Мазкур тадбир ўсимликларнинг ривожланишига яхши шароит яратади, бу эса ўз навбатида зарарли организмларга чидамлилиги ва ўсимликни ҳимоя қилиш самарадорлигини оширади. Цитрус ғовакловчи куянинг кўпайиш манбаи асосан иссиқхона (парник) хўжаликлари ҳисобланади. Шу боис бу зараркунандаларга қарши курашни энг аввал иссиқхона хўжаликларида бошлаш керак.. Иссиқхона ва очиқ майдонларда цитрус кўчатларини экиш давомида улар орасида ҳаво оқимини таъминлаб, уларнинг сийраклигига эътибор берилса, ҳашаротлар тарқалишининг олди олинади.
Биологик кураш чоралари: Цитрус ғовакловчи куянинг тухумини йўқотиш мақсадида уларнинг кўпаядиган асосий манбаларида трихограмма тарқатилади. Бунда ҳар бир гектар ҳисобига 50-60 минг донадан трихограмма 5-7 кун оралатиб, 3 марта тарқатилади.
Кимёвий кураш чоралари: Цитрус ғовакловчи куяга қарши таъсир этувчи моддалардан абамектин, имидоклоприд, дельтаметрин 25 г/л. сарф меъёри – 0,5 л/га, синаб кўрилди. У тўқима ичига сингиш хусусиятига эга бўлгани учун бу ҳашаротга қарши ҳозирча энг самарали усул бўлиб қолмоқда.
Карантин тадбирлар: Цитрус ғовакловчи куя тарқалган мамлакатлардан ўсимликни олиб келиш карантин инспекцияси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Келтирилган ҳар қандай ўсимлик карантин экспертиза текширувидан ўтгандан кейин, текширув натижасига асосланиб фойдаланилиши мумкин. Республикада цитрус ғовакловчи куя тарқалган ҳудудлардан меваларни, зарарланган кўчат ва ўсимлик қисмларини тоза ҳудудларга юбориш тақиқланади.
Абдувоид ОТАХОНОВ,
Наманган вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспектори
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти