ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34710
21 November, 2024, 11:47
Пахта яккаҳокимлиги даврида деҳқоннинг косаси оқармаган. Нарх юқоридан белгиланиб, фақат давлат манфаатларига хизмат қилган.
Чигит экиб, уни ундириб, парваришлаб, минг азобда териб, хирмон яратган деҳқон қуруқ қўл билан қолган, уларга тўланган нарх рўзғор тебратишга учма-уч етган дамлар ҳам бўлган. Яна бир ноқулай томони пахтани топширганидан сўнг ҳам пулни тўлаш пайсалга солиниб, то кейинги пахта терими бошлангунига қадар пулни олиш имконияти бўлмаган. Чунки, деҳқоннинг меҳнатдан қўли совиганди. Баъзи фермерлар ҳатто ерни топшириб, хорижга ишлаш учун ҳам кетиб қолган. Пахтачиликда ҳосилдорликнинг пасайиши, ер унумдорлиги камайишига ҳам ана шундай омиллар сабаб. Сердаромад соҳа ҳисобланган пахтачиликдаги бундай салбий ҳолат пахта хомашёсини етиштириш ва қайта ишлашда ҳам бир талай муаммоларни келтириб чиқаргани кўпчиликка сир эмас.
Бугун эса пахтачиликда мутлақо янгича ва деҳқон манфаати улуғланган тизимни кузатиш мумкин. Эндиликда фермерга кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. У ўзи етиштирган ҳосилга ўзи хўжайин. Ўзи қанчага баҳоласа, шунча нархда сотиш ҳуқуқига эга. Яъни, фермер етиштирган ҳосил нархи жаҳондаги пахта сотувчи мамлакатлардаги нарх билан тенглаштирилди.
Эътибор берган бўлсангиз, давлатимиз раҳбари шу йилнинг 22 июль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида пахтачиликда юқори самарадорликни таъминлаш юзасидан «Долзарб 30 кунлик» тадбирини эълон қилди. Президент ҳузурида пахтачилик кенгаши тузилди. Бу эса соҳани изчил ривожлантириш билан бирга фермерларга эркинлик бериш, нархни эркинлаштириш, пахта хомашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришда фермер ҳам, қайта ишловчи ҳам, тўқимачилик саноати ҳам тенгма-тенг манфаатдор бўлишга эришиши кўзланган.
Пахта нархининг жаҳон бозорида шаклланган нархлар, масъул этиб белгиланган вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда етиштирилган 1 тонна пахта хом-ашёсининг минимал нархлари белгиланди.
Ўтган йилларда 1 килограмм пахта хомашёсининг нархи 7 минг 100 сўм бўлган бўлса, жорий йилда 10 минг 25 сўмга ошганлиги ҳар бир фермерни қувонтириши, меҳнатга бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартириши табиий. Эндиликда тавсия этилаётган минимал нархдан келиб чиққан ҳолда, пахта хомашёсини етиштирувчи ва уни қабул қилувчи субъектлар шартномавий муносабатлар доирасида пахта хомашёси нархларини ўзаро манфаатли келишув асосида мустақил равишда белгилайди.
Бу дегани фермердан ҳам сўралади, унинг таклифлари, фикрлари ҳам инобатга олинади. Ахир у кунни тунга улаб меҳнат қилган, ҳосил етиштирган-ку! Ўзи яратган бу бойликни ўзи тарозига қўйишга ҳақли-да. Албатта, бу адолатли ва ҳаққоний тизим жорий этилаётганидан далолат бериб турибди. Зотан, деҳқон, фермер бой бўлса, мамлакат ҳам бой бўлади, юртда тўкинлик ва фаровонлик ҳукм суради.
Барно МИРЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти