ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34731
23 November, 2024, 07:30
Тождор офат, яъни коронавирус пандемияси бутун дунёни уйга қамаб қўйди, инсониятга қарши уруш очиб, уни руҳан, ҳам жисмонан толиқтириб енгиш мақсадида қамал қилди. Аммо тарихдан маълумки, ҳамжиҳат, мустаҳкам иродали халқнинг қалъасини ҳеч қандай ёв қамал билан олишга муваффақ бўлмаган. Шунингдек, ҳар қандай уруш шароитида ҳам ғалабага замин бўлгувчи бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолмаган, билъакс оддий меҳнат фидойиликка айланган.
Бугун юртимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин шароитида ҳам давлат бошқаруви идоралари, тиббиёт тизими, ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа ҳаётий зарур соҳалар ходимлари “Биз сиз учун ишда қолдик, сиз биз учун уйда қолинг!” шиори остида ўн карра кўпроқ масъулият билан ишлаяптилар. Шу жумладан, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари ҳам кузги ҳосилнинг замини яратиладаган баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат дамларда таҳликага берилмай, зиммаларидаги вазифани адо этишга астойдил киришганлар.
Наманган вилоятининг Наманган туманида баҳорги қишлоқ хўжалиги ишлари ҳам ўз маромида давом этмоқда. Бу ҳақда туман қишлоқ хўжалиги бўлимининг бош агрономи Азизбек УСМОНОВ қуйидагиларни гапириб берди:
- Жорий йилда туманда 315 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 12 минг 660 гектардан зиёд майдонда зироатчилик қилинмоқда. Хусусан, пахта ва ғаллачилик йўналишидаги 115 та фермер хўжалиги томонидан 5 минг 170 гектар ерда ғалла, 5 минг 550 гектарда пахта, бундан ташқари фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва тадбиркор томорқа эгаларининг жами 1 минг 900 гектарга яқин ерида дуккакли, мойли экинлар, сабзавот, полиз, картошка ва ем-хашак маҳсулотларини етиштириш режалаштирилган.
Туман миришкорлари 19 минг 838 тонна пахта, 37 минг 510 тонна буғдой, 286 тонна дуккакли донлар, 513 тонна соя-кунгабоқар, 16 минг 755 тонна сабзавот, 937 тонна полиз, 2 минг 800 тонна картошка етказиб бериш билан эл-юрт дастурхони тўкин бўлиши, фаровонликка ўз ҳиссанини қўшишга аҳд қилганлар. Шунингдек, туманда эртанги экинлар ҳамда ғалладан бўшайдиган 5 минг 598 гектар майдонга такрорий экинлар экиш ҳисобига сабзавот, картошка, полиз, кунгабоқар, мош, нўхат, ловия, озуқа экинларидан 92 минг тоннадан кўпроқ кузги ҳосил олиш мўлжалланган.
Туман бўйича 1 минг 230 гектар боғ-токзорларнинг қатор ораларидан самарали фойдаланиш омилкор деҳқонларнинг эътиборидан четда қолмаётгани диққатга сазовор. Зеро, ёш боғ-токзорлар қатор ораларидан иборат 300 гектардан ортиқ шундай майдонда ҳам 5 минг тоннага яқин сабзавот етиштириш имконияти ҳисобга олинган.
Мавжуд боғ ва токзорлардан эса 6 минг 250 тоннадан кўпроқ мева ва узум ҳосили олиб, шундан 1 минг 500 тоннага яқини экспорт қилинади, қарийб 900 тоннаси қайта ишлашга ва 400 тоннаси заҳирага олинади. Қолгани ички истеъмол бозорини тўлдиришга йўналтирилади. Умумий олганда, Наманган туманида етиштирилган 68 минг 156 тонна қишлоқ хўжалиги махсулотининг 11 тоннадан кўпроғини аввалдан тузилган шартномаларга мувофиқ, ташқи бозорга чиқариш кўзда тутилган.
Айни кунларда чигит экиш, ғалла парвариши, пиллачилик каби долзарб йўналишларда ишлар қизғин давом этмоқда. Туманда 19 та экиш отряди ташкил этилган. Уларга бириктирилган 25 та техника, 37 та ер текислагич, 44 та пушта олиш мосламаси, 388 та борона ва 62 та чигит экиш сеялкаси узлуксиз ишлаб турибди. “Тошбулоқ ТЕКС” МЧЖ томонидан пушта олиш билан бирга 256 тонна калий 1 минг 220 тонна аммафос, 476 тонна карбомид ўғитлари захираси яратилган. Бугунги кунгача 5 минг 550 гектар майдондан 5 минг 425 гектари ёки 98 фоизи текисланди, 5424 гектар ёки 98 фоизи минерал ўғитлар билан пуштаси олинди, 4378 гектар ёки 78,8 фоиз майдонга нам суви берилди. Экиш учун тайёрлаб қўйилган 224 тонна “Андижон 35” нав чигит уруғи фермерларга шохобча орқали тарқатилмоқда. Бугунгача 400 гектар майдонга чигит экилди.
Буғдойнинг 5 минг 170 гектар майдонда парваришланаётган “Чиллаки”, “Таня”, “Бригада”, “Первица”, “Давр” каби навлари нав талаб қиладиган илмий ёндашув асосида минерал ўғитлар билан озиқлантириш, бегона ўт, зараркунанда хашоротлар ва занг касаллигига қарши парвариш қилинмоқда. Айни дамда мавжуд пайкалларда тўлиқ кўчатлар ундириб олинди.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти