Қисқа сатрларда

Наманган яшилликка бурканмоқда

Шавкат Абдураззоқов Наманган вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди

Қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

21 November, 2024, 12:28

Қишлоқ хўжалиги

Ер-ла меҳр алмашган аёл

  • 22.Апреля.2022
  • 1018

Учқўрғон туманидаги «Гулхумор» фермер хўжалиги раҳбари, «Дўстлик» ордени соҳибаси Гулхумор Тоғаева нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиздаги фаол аёллардан, пешқадам фермерлардан бири ҳисобланади.
У 1999 йилда «Гулхумор» фермер хўжалигига асос солди. Авваллари фақат ғалла ва пахта етиштирилган бўлса, кейинчалик чорвачилик, томорқа, боғдорчилик каби тармоқлар ташкил этилди. Ишчилар 700 нафарга етди. Уларнинг 60 фоизи эса хўжалик жойлашган Янгиер маҳалласида истиқомат қилаётган хотин-қизлардан иборат. 
Жами 1128 гектар майдонга эга кўп тармоқли фермер хўжалигида ўтган мавсумда 470 гектар ерга пахта ва 420 гектарга ғалла экилган бўлса, ҳосилдорлик пахтадан 45-55 центнер ва ғалладан эса 70 центнерни ташкил этди. 1,5 минг тонна ғалла ва 1660 тонна пахта режалари ортиғи билан бажарилди. Қолаверса, 10 гектар ерда барпо этилган интенсив боғдаги деҳқончилик ҳам барака келтирмоқда. Бу ерда етиштирилган мевалар хорижга ҳам етказиб берилмоқда. Биргина, олманинг ўзидан 190 тонна ҳосил олиниб, ҳаммаси Қозоғистонга экспорт қилинди.

300 гектардан ортиқ майдонда ташкил этилган чорвачиликда ҳам натижалар хўжалик аъзоларини бирдек қувонтирмоқда. 2015 йили Польшадан келтирилган 30 бош қорамол наслчилик асосида парваришланиши самарасида улар сони бугунга келиб, 270 бошга етди. Зотли қорамоллардан олинаётган сут «Nestle» қўшма корхонасига ҳам шартнома бўйича етказиб берилмоқда. 
15 гектар ерга экилган картошка, пиёз, сабзи каби сабзавотлардан ҳам мўл ҳосил олинмоқда. Уларни сифатли сақлаш учун 100 тонна сиғимли совутгич ўрнатилди. 50 сотих ерга қурилган иссиқхонанинг 26 сотихида лимонария ташкил қилинди. Эътиборлиси, лимон экилган жойда бир вақтнинг ўзида қулупнай ҳам етиштирилмоқда. Шунингдек, иссиқхонада экилган сабзавотлар қаторида помидор ва бодринг ҳам бор.
Фермер опа ишсиз маҳалладошларини бандлигини таъминлаш мақсадида асаларичиликни ҳам йўлга қўйдики, минг дардга дармон бўлувчи шифобахш неъматни етиштириш сир-асрорларини бугун ўрганаётган ёш ўғил-қизлар эртага асаларичиликка қизиққан тенгдошларини ҳам эргаштириши шубҳасиз.
Маҳаллада қурилган нон цехида кунига тайёрланаётган 2 минг дона буханка нон аҳоли, мактаб ва боғчаларга, ошхоналарга етказиб берилмоқда. Тегирмон цехида эса кунига 2 тонна ун ишлаб чиқарилади. Шунингдек, бу ерда аҳоли чорваси учун озуқалар ҳам қайта ишланади. Мўъжазгина бу цехда айни пайтда 6 киши доимий иш билан банд.

Гулхумор Тоғаева фермер хўжаликдан олинган даромад ҳисобидан ўзи истиқомат қилаётган Янгиер маҳалласида ишлаб чиқариш тармоқларини кенгайтириш ва бунинг ҳисобидан янги иш ўринларини кўпайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқда. Ҳудуд аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш мақсадида терапия ҳамда диагностикага ихтисослашган 46 ўринли хусусий шифохона барпо этилди. Физиотерапевтик муолажаларни ўтказиш учун 350 минг долларга тиббиёт ускуналари олиб келиб ўрнатилди.

Гулхумор опа нафақат фермер, балки ўз ҳудудидан халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайланган депутат сифатида ҳам аҳоли мурожаатларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Беш муҳим ташаббус ижросига ҳамоҳанг равишда маҳалладошлари учун ўйингоҳ қуриб берди. Бу эса маҳалладаги уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва унумли ўтказишларига хизмат қилмоқда. У сайловчилардан келиб тушган мурожаатларни ҳал қилиш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жойга эҳтиёжманд, кам таъминланган оилалар учун харид қилинган 13 та котежнинг ойлик тўловларини айни пайтда ўз ҳисобидан амалга ошираётгани таҳсинга сазовор. Хўжаликда меҳнат қилаётган ишчилардан Ҳамидулло Пўлатовнинг Наманган Давлат университетида таҳсил олаётган қизининг суперконтракти учун 46 миллион сўм, Ёқубжон Абдубанноев ва Мавлуда Қирғизбоеваларнинг Чортоқ тумани жамоат саломатлиги техникумида ўқиётган қизларини шартнома пуллари учун 11 миллион сўм тўлаб берди.

– Раҳматли отам айтган насиҳатларига кириб, асло камлик кўрмадим. Ўзим танлаган касбда ардоқ топиш учун фақат тинимсиз меҳнат қилдим, тўғри ишлашга интилдим, – дейди Гулхумор Тоғаева. – Ер тирик жон. Унга ўз фарзандингиз каби меҳр беринг. Ана шундагина кўзланган ҳосилни оласиз. Даромадга эга бўласиз. Эл олдида ҳурмат ва обрў қозонасиз. Тўғриси, кўп пул топишга интилмайман, уни ён-атрофимдаги инсонларга сарфлайман. Хўжаликда оддий ишчидан тортиб, раҳбар бўлиб ўзимгача ҳалолликни, ер билан диллашишни асосий шиор қилиб белгилаб олганмиз. Дангасаликни, боқимандаликни асло хушламайман. Барчани ҳалол меҳнат қилиш, тинимсиз изланишга ва шунинг орқасидан натижага эришишга чорлаб келаман. Зеро, даромад ва юксак натижага заҳматли ва шарафли меҳнат туфайли эришилади.
– Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, аёлларни эъзозлашга қаратилаётган сиёсат замирида энг аввало, юртимизда инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсадлар мужассамдир. Давлатимиз раҳбари шу йил 2 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида ҳам оила ва хотин-қизлар масаласида билдирган фикрларидан беҳад хурсанд бўлдим. Тўғриси, ўз вақтида ишлаганмиз, лекин фаолиятимиз бугунгидек даражада қадр топмаган. Кўп тармоқли хўжаликда олиб бораётган камтарона меҳнатларим юксак эъзозланиб, Президентимиз фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан тақдирландим. Бу Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар меҳнати эътироф этилаётганидан, биз аёлларни жамиятдаги ўрнимиз юксалаётганидан ёрқин далолат. 
Гулхумор Тоғаева суҳбатимиз якунида яна бир хайрли режаси борлиги ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Фермер ва ишбилармон опа маҳалласи ҳудудида боғ сифатида фойдаланиб келинган, ҳозирда бўш ётган 90 сотих ерда 35 миллиард сўмлик лойиҳа асосида йирик спорт мажмуасини барпо этиш ниятида. Агарда туман ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлардан бу борада амалий кўмак кўрсатилса, бир вақтнинг ўзида спортнинг 13 та тури билан мунтазам шуғулланиш имконини берувчи ажойиб спорт маскани қад ростлайди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, 
«Наманган ҳақиқати» мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь